Мақолалар

Васвасани енгиш  сари 4 қадам

Инсон ҳаёти давомида ўз фикрлари билан тинимсиз кураш олиб боради. Биз қанча тўғри ва яхши яшамайлик, барибир миямизда айланадиган ёмон фикрлар, эҳтирос, васваса, нафсга қулоқ солиш каби салбий ҳолатлардан қочиб қутула олмаймиз. Хўш, буларни қандай бартараф этиш мумкин, умуман, халос бўлиш йўллари ва усуллари борми? Албатта, бор. Келинг, айнан, биз учун зарур бўлган дастлабки “тўрт қадам” ҳақида тўхталиб ўтамиз:

1-қадам. Муносабатингизни ўзгартиринг. Онгизга ёмон ўй-фикрлар келган пайтда, улар билан курашишга унчалик ҳам шошилманг, аксинча шунчаки уларни тан олинг, ўзингизга четдан назар ташланг ва шундай денг: “Бу шайтоннинг васвасаси, мен унга бўйсунишим керак эмас. Аллоҳнинг мадади билан бу ёмон ўй-хаёл мени тарк этади”.

2-қадам. Оқибатини англанг. Сизга бундай фикр нима сабабдан келаётганини аниқланг ва шундай денг: “Бундай гуноҳга чорловчи фикрлар мен учун энг ёмон душман бўлган шайтондандир. Мен унга қулоқ солишим керак эмас. Агарда мен хоҳишимга эркинлик берсам, мен унинг қулига айланаман”.

3-қадам. Диққатингизни бошқа нарсага йўналтиринг. Гоҳида ёмон фикрга бормаслик, жоҳиллик ва васвасага тушмаслик жуда қийин бўлиб қолади, лекин бунинг ҳам уддасидан чиқса бўлади. Биз миямизга келаётган ёмон ўй-фикрларни назорат қила олмаймиз, лекин биз уларга аҳамият бермаган ҳолда миядан чиқариб ташлашимиз мумкин. Бу эса ўзимизнинг қўлимизда. Бунинг учун ўзимизга қарата: “Ҳозирги пайтда мен ўйлаётган ва қилмоқчи бўлаётган ишим менинг эътиқодимга тўғри келмайди. Мен Аллоҳни ғазабини келтирадиган иш қилмоқчи эмасман”,-деб айтинг. Ҳамда сизни ёмон ишга ундаётган фикрдан чалғишга ҳаракат қилинг. Энг самарали йўл – қандайдир юмуш билан машғул бўлиб, ёмон ўй-фикрлар билан ёлғиз қолмаслик ҳисобланади. Масалан, дўстингиз билан суҳбатлашинг ёки кўзингизни юминг ва рўпарангизда сиз учун ёқимли бўлган сурат турганини тасаввур қилинг ёки сиз учун қадрли бўлган онларни эсланг, шунда кўрасиз ёмон фикрлар сиз учун иккинчи даражали бўлиб қолади.

4-қадам. Қайта баҳолаш. Бундан бироз олдин юз берган нохуш вазиятни эсланг – айбдорлик, уялиш, хижолат бўлиш, қалбдаги бўшлиқ ва ўз-ўзингиздан жирканиш каби ҳислар сизни чулғаб олган эди. Иродангиз бўшлиги туфайли сиз енга олмасдан вужудга келган нохуш ҳолат ва унинг ортидан эргаштириб келган омадсизлик, яқинларингизга етказган азиятни  эсланг.

Албатта, инсон миясига келадиган шайтоний ёмон фикр ва васвасани батамом бартараф этишга қодир эмас, аммо у Аллоҳдан паноҳ сўраган ҳолда ёмон ҳис-туйғуларини, ўйларини назорат қила олиши мумкин. Айтганларимиз биз нима ҳақида ўйлашимиз борасида эмас, балки бизнинг миямизга келаётган фикрларни назорат қила олишимиз ва натижада қандай хатти-ҳаракатни амалга оширишимиз борасидадир. Гуноҳга чорловчи ёмон ўй-фикрларни олдини олувчи энг яхши восита – Аллоҳ розилигига эришиш йўлида имонни мустаҳкамлаб, ибодат ва яхшиликда бардавом бўлишдир.           

Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси

Моҳира ЗУФАРОВА

тайёрлади.

6563 марта ўқилди

Мақолалар

Top