Мақолалар

Ерни боқсанг, ер сени боқади

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз тупроғи серунум, гўзал боғлари серҳосил. Дарҳақиқат, бозорлар ва дастурхонларимиздаги тўкин-сочинлик далалардаги ҳосилнинг мўллигидандир. Барча ҳосиллар Парвардигоримизнинг изни ва марҳамати ила сероб бўлмоқда. Ўсимлик олами Аллоҳ таолонинг инсонга ато қилган улуғ неъматларидан бири бўлиб, усиз ер юзида ҳаёт ҳам бўлмас эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бу оламни инсонга восита бўлсин, унга ва унинг чорвасига ризқ бўлсин деб яратганини кўп марта эслатади.

Деҳқончилик ва зироат улуғ ва фазилатли амалдир. Чунки кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси ва осмондан туширадиган сув неъмати билан етилиши баён этилган. Бу эса деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳнинг назари остида эканига ва Аллоҳ таоло уларга мададкоригига далолат қилади. Бунга мисол қуйидаги оятлардир: Биз осмондан баракотли сув (ёмғир) ёғдириб, у билан боғларни ва ўриб олинадиган донларни ундирдик. Шунингдек, зич мевали, шохлари баланд хурмоларни ҳам. Бандаларга ризқ бўлсин учун (шундай қилдик). Яна у (сув) билан “ўлик” шаҳарни (ерни)тирилтирдик”. (Қабрлардан тирилиб) чиқиш ҳам мана шундай бўлур” (Қоф сураси, 9-11 – оятлар).

Она диёримизнинг бепоён ҳудудларида, айниқса, қишлоқ минтақаларида яшовчи ҳар бир инсонга моддий фаровонликнинг асосларидан бири деҳқончилик ва зироат экани яхши маълум. Улар ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан ватанимиз бойлигига бойлик қўшиш ва халқимиз ҳаёти учун зарур бўлган барча қишлоқ хўжалиги, чорвачилик маҳсулотларини етказиш ҳамда уларни қишки мавсумга захира этишда куч-ғайрат сарфламоқдалар.

Жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам деҳқончилик ва кўчат ўтқазишга жуда кўп тарғиб этиб: “Агар қиёмат қойим бўлиб қолса-ю, қайси бирингизнинг қўлингизда экаман деб турган кўчат ниҳоли бўлса, уни экиб қўйсин”, дедилар.

Бошқа бир ҳадисларида эса: “Қайси бир киши бирон бир дарахтни экса, Аллоҳ таоло экувчи томонидан экилган дарахт берган ҳосил эвазига унинг номаи аъмолига ажру савоблар ёзади”, деганлар.

Яна бундай дейдилар: “Мусулмон киши бир дарахт ўтқазса ёки бир нарса экса, бас ундан қуш ёки инсон тановул этиб, манфаатланса, шу сабабдан у киши эҳсон қилганлик савобига эришур”.

Шундай экан, ўзимиз яшаб турган хонадонимиз ҳовлиси, томорқасига кундалик эхтиёжимизга керак бўладиган турли хил маҳсулотларини экиб етиштирсак, бундан нафақат ўзимиз, балки ҳайвонлар ва қушлар ҳам манфаат топади.

Азизлар! Бу кунларда карантин сабаб кўпчилигимиз хонадонимизда, ўз оиламиз билан биргамиз. Ота-оналаримиз хизмати, фарзандлар тарбияси билан бир қаторда ҳовлимизда мавжуд экин майдонларидан унумли фойдаланган ҳолда рўзғоримиз учун зарурий экинларни эксак бир кун ўз мевасини беради. Қолеверса, халқимизда “Ерни боқсанг, ер сени боқади” деган нақл ҳам бежиз айтилмаган.

Ғанижон ИСЛОМОВ,

Қува тумани бош имом-хатиби.

 

2519 марта ўқилди

Мақолалар

Top