Мақолалар

Синовли кунлар сабрга чорлайди

Бугунги кунда инсоният ўз бошидан синовли кунларни ўтказмоқда. Гавжум шаҳарлар кимсасиз, олдинги жушқин ҳаёт тамомила тин олган, инсонлар бу кунларни тезроқ ўтиб кетишига умид боғлаганча уйларидалар, барчанинг қалби ва тилида битта илтижо Илоҳим, касалликни бошимиздан арит, барчамизни ҳифзу ҳимоянгда сақла.

Дарҳақиқат, коронавирус пандемияси дунёни ҳаракатдан тўхтатиб қўйгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Сайёрамиздаги деярли барча давлатга кириб борган бу касаллик, афсуски бизнинг диёримизни ҳам четлаб ўтмади.Унинг тарқалиш суръати кун сайин ортиб борса бормоқдаки, ортга чекинмаяпти.

Касалликка қарши курашиш, унинг кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида давлатимиз томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, қатъий карантин қоидалари жорий қилинган.Аҳолидан имкон қадар кўчага чиқмаслик, айниқса, ёши кексаларни кўпроқ авайлаш сўралмоқда.

Ушбу синовни, табиийки кишилар турлича қабул қилмоқда. Кимдир унинг жиддийлигини ҳис қилган ҳолда, каратинга риоя қилиб, гўзал сабр билан уйида ўтирибди. Бундай кишилар, аввало, Аллоҳ таъолонинг “Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз” (Нисо, 59) деган буйруғига итоат қилган бўладилар. Яна Пайғабаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилинган “Зарар бериш ҳам ва зарар кўриш ҳам йўқ” (Имом Можа, Имом Дорақутний ривоятлари)ҳадисига эргашиш орқали касалликнинг тарқалишига ҳисса қўшмаган ва ўзлари ҳамда оила аъзоларини ҳимоя қилган бўладилар. Бу ишларининг замирида, кўриб турганимиздек, ҳар икки дунёлари учун асқотадиган манфаатлар ётибди.

Яна кимларнидир бепарво кўча кезаётгани, ИИБ ходимлари томонидан уларга нисбатан қўлланилган жарималар ҳақида телевидения ва интернет нашрларидан деярли ҳар куни эшитяпмиз.Ваҳоланки, ҳадиси шарифда “Агар сизлар у (касаллик) бирор ерда тарқаганини эшитсангиз у ерга борманг. Агар сиз яшаётган ерда (у касаллик) тарқаган бўлса у ердан чиқманг” (Имом Бухорий ривоят қилган) дейилган. Бу ислом таълимоти, карантин иборасининг исломий ифодасидир. Шу йўл орқали касаллик жиловланишини тарих бизга бот-бот эслатиб турибди. Имом Бухорий ривоят қилган бошқа бир ҳадис ҳам: “Қай бир кишига тоъун (пандемия) етса ва у уйида сабр билан ва савоб умидида ўтирса ҳамда ўзига Аллоҳ ёзганидан бошқа нарса етмаслигини билса, илло унга шаҳиднинг ажричалик савоб бўлади”, дейиш орқали карантиннинг муҳимлигини таъкидламоқда. Бу ҳадис касаллик етган бўлсин, ҳоҳ етмасин, ҳамма сабр қилган, савоб умид этган ва таваккул қилган кишиларга тааллуқлидир.

Баъзилар эса бу кунларда қўрқув, тушкунлик ва таҳлика исканчасида қолиб кетган. Ваҳоланки, мусибат олдида ўзини тутолмаслик заифлик белгисидир. Бу каби ҳолатларда мусулмон киши ваҳимага тушмаслиги керак. Зеро, ҳикматларда: “Ақлли инсон бошига тушган балони аритиш ҳаракатида бўлади. Аҳмоқ эса битта балони иккита қилиб олади”, дейилган. Ушбу маънода Абу Али ибн Сино жуда гўзал тавсия берган:“Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир. Хотиржамлик ярим соғликдир. Сабр эса шифонинг бошланишидир”.

Аввало шуни таъкидлаш лозимки, ҳозирги вазиятда эҳтиёткор йўл тутиш билан бирга, ваҳимага берилишдан сақланиш керак. Чунки бу Аллоҳнинг бир синови бўлиб, унинг албатта шифосини ҳам бизга ҳадемай етказади. Имом Бухорий бобомиз "Ал-Жоме ас-саҳиҳ" ҳадислар тўпламида ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ қайси бир дардни тушурган бўлса, унинг давосини ҳам тушургандир", деганлар.

Синовли кунлар барчамизни сабрли бўлишга, уйда ўзимизни иҳоталаган ҳолда, касалликнинг кенг тарқалиб кетмаслигига сабабчилардан бўлиб қолмасликка чорлайди.

Биз бугун карантин қоидаларига риоя қилмаётганларга ижтимоий тармоқларда ҳар куни такрорланаётган ушбу иборани яна бир бор эслатиб қўймоқчимиз: “Касаллик юқтирганларнинг сони камайишини истасангиз, улар орасида сиз, оилангиз ва яқинларингиз бўлишини хоҳламасангиз, уйда қолинг! Унутманг: вирусни биз тарқатмасак, у ўз-ўзича тарқай олмайди”.

Зайниддин домла Эшонқулов - Самарқанд вилоят бош имом хатиби

2319 марта ўқилди

Мақолалар

Top