Мақолалар

Дехқончиликда барака бор

Аллоҳ таоло айтади: “У, осмондан сув нозил қилган Зотдир. Бас, у (сув) ила турли набототлар чиқардик. Ундан яшил гиёҳларни чиқардик. Ундан ғужум-ғужум бошоқлар чиқарамиз. Ва хурмодан, унинг новдаларидан яқин шингиллар чиқарамиз ва узум боғлари чиқарамиз. Бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни чиқарамиз. Унинг мева қилиш пайтидаги ғўрасига ва пишишига назар солинг. Албатта, бундай нарсаларда иймон келтирадиган қавм учун оят – белгилар бордир”(Аъном сураси 99 оят)

Ушбу оятлар мусулмонларни доимо изланишга, илмга тарғиб қилган. Шунинг учун, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидан бошлаб, кейинги мусулмонлар даврларигача бошқа илмлар билан биргаликда наботот илмига ҳам қизиқиш жуда катта бўлди. Бунинг натижаси ўлароқ мусулмон ўлкаларда қишлоқ хўжалиги ва зироатчилик мисли кўрилмаган даражада ривожланиб кетди.

Деҳқончилик соҳасида маҳсулотларнинг энг яхшиси ва кўп қисми мусулмон юртларда етиштирилган ва ортиқчаси бошқа юртларга сотилган. Бошқа халқлар бу соҳада мусулмонлардан дарс олганлар, тажриба ўрганганлар. Ҳозирги кунда ривожланган ғарб давлатлари тилида баъзи бир машҳур қишлоқ хўжалиги экинлари ва маҳсулотлари мусулмон халқлари тилидан олинган кўчма сўзлар билан аталиши ҳам бунга ёрқин далилдир. Бошқа илмлар қатори наботот илми ҳам мусулмонлар томонидан қилинган ҳаракатлар туфайли илм сифатида шаклланди ва тараққий этди. Албатта, қадимдан инсон наботот билан қизиқиб уни ўрганиб келган, аммо Ислом дини ўсимликларни ўрганишни ҳақиқий илмий баҳсга айлантириб, алоҳида бир илм пайдо бўлишига сабаб бўлди.

Динимиз биз мусулмонларга энг афзал касб, энг ҳалол касб бўлган боғдорчилик ва деҳқончилик эканлигини билдириб, қанчалик даражада ажрларга эга бўлиш мумкинлигини, ҳатто инсониятнинг аввали бўлган Одам алайҳиссалом ҳам деҳқончилик билан шуғулланганлари, зироат нафақат энг афзал касб, энг ҳалол касб, балки азалий ва қадимий улуғ иш эканлигини билдиради.

Дехқончилик ва зироатчилик улуғ фазилатли амалдир. Чунки кўплаб ояти карималарда ва хадиси шарифларда боғлар ва далаларнинг хосили Аллох таъолонинг изни ва иродаси билан етилиши ва хосил бериши баён этилган. Бу эса дехқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳни назари остида эканига далолат қилади. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Қай бир мусулмон бирор кўчат экса ёки экин экса, ундан қуш, одам ёки бирор жанивор еса, эккан кишига садақа қилганнинг савоби ёзилади” – дедилар (Имом бухорий ривояти).

  Деҳқонлардан ҳамма манфаат олади. Аллоҳ таоло уларни ҳамма жонзотнинг ризқига сабабчи қилиб қўйган. Шунинг учун ҳам касбларнинг ичида Ислом динимиз уламолари нуқтаи назарида деҳқончилик энг афзал касб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам қиёмат қоим бўлиб, жаннатилар жаннат эшиклари олдида тўпланиб ким биринчи киради, дейилганида деҳқон, дейилади.

Машҳур машойихлардан бири шундай дейди: Эй азиз ва мукаррам Одам боласи! Бир нарсани билиб қўйки, бу дунёда амалинг уруғларини экмоқдасан. Бу дунё бамисли сенинг экинзорингга ўхшайди, ўлим у экилган амалларинг йиғим-теримидир, охират эса хирмонингдир. Ким нима экса, хоҳ яхши бўлсин, хоҳ ёмон бўлсин, ўша нарсани йиғиб олади.  

 

“Абу Бакр Қаффол шоший”

жоме  масжиди имом хатиби

Қурбонали ТУРСУНОВ

 

2582 марта ўқилди

Мақолалар

Top