Мақолалар

Карантин чоралари секин-аста юмшатилади

Куни кеча Юртбошимиз ўтказган видеоселектор йиғилишида коронавирус аниқланмаган ёки эпидемиологик вазият яхшиланган вилоят, туман ва шаҳарларда карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш бўйича топшириқ берилди. Эндиликда фаолияти тикланадиган объектларда ишлар санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этилади.

Дарҳақиқат, юртимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, уни даволаш бўйича юртимизда самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бу ишга сафарбар этилган ташкилотлар биргаликда тезкор чоралар кўрмоқда, мавжуд ҳолат, муаммоли масалалар юзасидан халқимизга кундалик ҳисобот бериб келмоқда.

Ушбу саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бермоқда. Буни ушбу юқумли касалликни юқтирганлар сони ҳақидаги кундалик статистиканинг пастлаб бораётгани, баъзи кунларда эса ушбу касалликни юқтириш ҳолатлари кузатилмаётганидан ҳам билиш мумкин. Шунингдек, кўплаб касаллар ушбу дарддан фориғ бўлмоқда. Ҳозирга қадар юртимизда коронавирусдан тўлиқ тузалганлар сони – 261 нафарга етди. Мамлакатимизда ушбу касалликни бартараф этиш бўйича барча зарур чоралар кўрилаётгани халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда.

Президентимиз видеоселектор йиғилишида халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари суриб жумладан бундай деди: “Яқин кунларда барчамиз учун муқаддас бўлган Рамазон ойи кириб келади. Бу ойда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Шунинг учун ушбу муқаддас ойда ҳар бир тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало маҳалладошлари, қўни-қўшниларини фаол қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ”.

Халқимиз қадимдан Аллоҳ таолодан мадад сўраб ҳамжиҳатликда ҳар қандай мусибат ва офатларни енгиб ўтган. Бундай қийин вазиятларда, айниқса, саҳоватпеша кишилар халқ корига яраган. Бу ҳозирги оғир кунларда ҳам ёққол намоён бўлмоқда.

Муборак Рамазон ҳам эшик қоқмоқда. Бу ойда саҳоватпеша инсонларнинг саҳовати янада ошиб кетади. Бу йилги мусибат даврида хайрия ишлари янада бўй кўрсатади, иншоаллоҳ.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2668 марта ўқилди

Мақолалар

Top