Мақолалар

Бугун юртимизда Муборак Рамазон ойининг биринчи куни. Шу кунларда кимдир ўз хонадонидан чиқмасдан, карантин қоидаларига амал қилиб, юрт ривожига ҳисса қўшаётган бўлса, бошқа юртдошларимиз халқ ризқини яратиш учун меҳнат қилмоқда. Зеро, миришкор деҳқон-у, боғбонлар учун баҳор ҳосил яратмоқ палласидир.  
Яқинда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини фойдали ишларга буюриб, дунё ва охиратимизни обод бўлишини хоҳлаб: “Кимни ери бўлса унга (экин) эксин, агар ўзи қилолмаса ва қўлидан келмаса, бирор мусулмон биродарига берсин, ундан ижара олмасин” деб марҳамат қилганлари ҳақида эшитган эдим.
Бу борада яна қандай маслаҳатлар мавжудлиги билан қизиқиб, пойтахтимиздаги “Новза” жоме масжиди имом хатиби Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВга мурожаат этдик. 
 
-Бу борада жуда кўп ҳадис ва маслаҳатлар бизга қадар етиб келган, -дейди Ж.Ҳамроқулов.-Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ризқни ер остидан талаб қилинглар», деганлар. Бу ерда деҳқончилик назарда тутилмоқда, ерга уруғ қадаб, халққа ҳалол ризқ – нон, ғалла етиштирадиган миришкор инсонлар назарда тутилмоқда. Динимизнинг яхшилик дини экани, мусулмонларнинг яхшиликка ундовчи инсонлар экани шундан ҳам маълумдир. 
 
Ерни обод қилиш инсоннинг умумий вазифаси экан, бу вазифани ҳаммадан аввал мусулмонлар англаб, амалга киритганлигини кўрсатадиган, биз энг кўп ўқиган, эшитган бевосита деҳқончиликка, савоб амалларга ундайдиган ҳадислардан бири ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу томонидан ривоят қилинган машҳур ҳадисдир. 
 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Қайси бир мусулмон бирорта дарахт ўтказса ёки бирор экин экса ва ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми, ҳатто ҳашарот тановул қилса ҳам, у сабабли унга садақа савоби бўлади». 
 
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг мусулмон бандаларига берган марҳаматини кўринг! Деҳқон ёки боғбон ўзи емаса ҳам, эккан нарсасидан бирор инсон, ҳайвон, қуш ва ҳатто ҳашарот еса, яъни инсонга ва умуман ҳар қандай тирик мавжудотга манфаат етса, бу нарса унга садақа деб ёзилар экан, савоб бўлар экан. 
 
Мана, динимизда яхшиликка ундашнинг энг ажойиб намуналаридан бири. Шу мавзудаги бир неча ҳадисни эслаб ўтайлик. 
 
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ким бирор ўлик ерни тирилтирса, яъни обод этса, бунда унинг учун ажр бор. Шунингдек, унинг ҳосилидан бирор жонзот еса ҳам унга садақанинг савоби бор». 
 
Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким Аллоҳга ишониб, савоб умидида қаровсиз ерни обод қилса, унга ёрдам ва барака бериш Аллоҳга лозим бўлади». Имом Байҳақий ва Табароний ривоят қилган. 
 
Демак, ким ташландиқ, қаровсиз ерни ўзлаштириб, унга ишлов бериб, ҳайдаб, тозалаб, экин экса, боғ қилса, бу одамнинг ишига мадад бериш, баракот бериш Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлар экан, бу бандага Аллоҳнинг фазли карами кенг бўлар экан. 
 
Рамазон туҳфаси туркумидан берилаётган суҳбатларимиз бир неча
 қисмга бўлинган бўлиб, ҳар сафар сизларга қизиқ саволларга жавоб 
топиш умидамиз. Ўзингиз учун қизиқ бўлган мавзулар ва саволларни юборинг. 
 
Сайёра Шоева, Нишон Абдувоитов, ЎзА
 
манба: http://uza.uz
2864 марта ўқилди

Мақолалар

Top