Мақолалар

Дуо  -  мўминнинг қалқони

Аллоҳ таъоло қуръони каримда аввалда ўтган пайғамбарлар ва уларнинг қавмлари қиссаларини хабарини берган. биз улардан ибрат олишимиз лозим. Қуйида Юнус алайҳис салом қиссалари ва дуолари зикр қилинади.

وَذَا النُّونِ إِذْ ذَهَبَ مُغَاضِبًا فَظَنَّ أَنْ لَنْ نَقْدِرَ عَلَيْهِ فَنَادَى فِي الظُّلُمَاتِ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ (87) فَاسْتَجَبْنَا لَهُ وَنَجَّيْنَاهُ مِنَ الْغَمِّ وَكَذَلِكَ نُنْجِي الْمُؤْمِنِينَ (88)

Зуннунни эсла. Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди. Бас, у Бизни ўзига (ер юзини) тор этмас, деб гумон қилди. Зулматларда туриб: “Сендан ўзга илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим”, деб нидо қилди. Бас, Биз уни (дуосини) ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик.  Мўминларга шундай нажот берурмиз. (Анбиё сураси, 87-89 оятлари)

Аллоҳ таъоло Қуръони каримнинг Ал-Анбиё сурасида Пайғамбар алайҳис саломга Юнус алайҳис саломни эслашга буюради. Зуннунни эсла. Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди. Юнус алайҳис салом қавмларини даъват қилганларида улар ижобат қилмади. Шунда сабр қилмасдан уларга ғазаб қилиб чиқиб кетдилар. Ўзларича Бас, у Бизни ўзига (ер юзини) тор этмас, деб гумон қилди. “Аллоҳнинг ери кенг”,-деб ўйладилар. Денгиз бўйига келиб бир кемага чиқдилар. Денгиз қаттиқ тўлқинланди. Кемадагилар “ичимизда итоатсиз киши бор”, дейишди. Кимлигини аниқлаш учун қайта-қайта қурра ташлашди. Қурра Юнус алайҳис саломга чиқди. Шунда Юнус алайҳис саломни денгизга улоқтирдилар. Аллоҳни ҳукми билан Юнус алайҳис саломни бир катта балиқ ютиб юборади. Юнус алайҳис салом  Зулматларда туриб: “Сендан ўзга илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим”, деб нидо қилди. Абдуллоҳ ибни Масъуд розияллоҳу анҳу “Зулматлардан мурод балиқ қорнидаги зулмат, денгиз қаъридаги зулмат ва кечаси (тунги) зулмат”, деганлар. Бас, Биз уни (дуосини) ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Саъд розияллоҳу анҳу ривоят қилган хадиси шарифда Пайғамбар алайҳис салом “Ким Юнус (алайҳис салом дуоси) билан (Аллоҳга) дуо қилса, у (нинг дуоси) ижобат қилинади”, - дедилар.  Мўминларга шундай нажот берурмиз. Хасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан “(Юнус алайҳис салом) Балиқ қорнида қирқ кун қолганликлари ривоят қилинган.

Ҳурматли азизлар! Аллоҳ таъолонинг каломи хақ, ваъдаси хақ. Пайғамбар алайҳис саломнинг ҳам ҳадиси шарифлари хақ, ваъдалари хақ. Биз ҳам устимизга келган бу эпидемия ғами, ташвиши зулматлари ичида қолдик. Кечалари туриб Юнус алайҳис салом дуолари билан Аллоҳга илтижо қилайлик. Шояд Аллоҳ дуоларимизни ижобат қилса. Юнус алайҳис салом қирқ кун балиқ қорнида қолган эканлар. Алҳамду лиллаҳ биз уйимиздамиз. Шундай экан, азизлар сабр қилайлик. Уйда қолиб дуо қилайлик. Аллоҳ таъоло дуоларимизни қабул қилади. Аллоҳ таъолонинг ваъдаси (Мўминларга (ҳам) шундай нажот берурмиз).

 

Юнус алайҳис саломнинг дуолари.

لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ

Ўқилиши. Ла илаҳа илла анта субханака инни кунту миназ золимин

Маъноси. Сендан ўзга илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим.

 

Тафсир китоблари асосида “Муҳаммад Ал-Амин” масжиди имом хатиби

Қодир Абдуразаков тайёрлади

3270 марта ўқилди

Мақолалар

Top