Мақолалар

“Рамазон – Куръон ойи” Фотиҳа сураси фазилатлари

 

Фотиҳа сураси етти оятдан, йигирма етти сўз ва бир юз қирқ ҳарфдан иборатдир. Ибн Аббос, Қатода ва Абул Олия Фотиҳа сураси Маккада нозил бўлган, дейди. Фотиҳа сурасининг номи кўплиги унинг шарафи ва фазлининг юқорилигига далилдир. Фотиҳа сураси билан намознинг ҳар бир ракати аввалида ўқилиши ва Қуръони карим у билан бошлангани учун “Фотиҳа” (очувчи) деб номланади.

Анас, Ҳасан ва Ибн Сирин бу сурани “Уммул Китоб”, яъни Китоб (Қуръон) онаси дейишган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Алҳамду лиллаҳи Роббил аъламийн Қуръоннинг онасидир, Китобнинг онасидир ва етти такрорланувчидир, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Ушбу сура “Шифо” деб ҳам номланган. Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Фотиҳатул Китоб – ҳар бир заҳарга шифодир”, дейилган (Имом Доримий ривояти).

Бу сура “Руқия” деб ҳам номланади. Сўфён ибн Уйайна Фотиҳани “Воқия”, Яҳё ибн Аби Касир эса “Кофия” деган.  Яна у “Намоз ва хазина” ҳам дейилади. Бу ҳақда Имом Замахшарий “Кашшоф” тафсирида келтирган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Фотиҳатул Китоб – Аршимнинг хазиналаридан бир хазинадир”».

Саъид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Ибн Аббосдан розияллоҳу анхудан: “Ва, батаҳқиқ, сенга етти такрорланувчи (етти оятли Фотиҳа сураси)ни ва Буюк Қуръонни бердик” ояти ҳақида сўрадим.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “У Қуръоннинг онаси. Аллоҳ азза ва жалла Расулуллоҳ соллаллоҳу алай ҳи васаллам уммати учун хослаб, улар учун сақлаб қўйган ва уларга берган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олдин ҳеч кимга бермаган” деб жавоб берди (Имом Ҳоким ривояти).

5061 марта ўқилди

Мақолалар

Top