Мақолалар

Испаниянинг тарихий масжидлари
  1. Мескита ёки Қурдоба жоме масжиди.Ушбу жоме Ўрта асрларда дунёнинг иккинчи йирик масжиди бўлган. Эҳтимол, Уммавийлар сулоласи даврида қурилган энг юксак маданий ёдгорликдир. Реконкиста (Пиреней яриморолини мусулмонлар таъсиридан озод қилиш ҳаракатлари) давридан сўнг масжид черковга айлантирилган ва ундаги устунлар, арклар, баъзи кичик деталлар византия услубида қайта ўзгартирилган. 

Мескита биноси, тахминан, милодий 600 йилда Сарагосада вестготларнинг Викентия черкови сифатида қурилган. Кейинчалик бу юртни мусулмонлар фатҳ этишгач "Ал Жама" номли масжидга айлантирилган. Масжид асл биноси ҳозирда сақланиб қолмаган. 711 йилда вайрон бўлган.

784 йилда Абдураҳмон I ўз турмуш ўртоғи хотирасига масжид қурдирган. Масжид қурилиши учун ерни амир унинг аввалги эгаларидан сотиб олади. Масжид Абдураҳмон I саройининг таркибий қисмига киритилган эди.

Кейинчалик масжидда кўплаб ўзгартиришлар киритилди. Абдураҳмон III унга янги минора барпо эттирди. 961 йилда эса Ал-Ҳакам II даврида масжид майдони кенгайтирилиб, меҳробга безаклар берилди. Сўнги реконструкция ишлари 987 йилда ҳукмдор Ал Мансур ибн Абу Омир томонидан амалга оширилди. 

2. Санта Кристо де ла Лус масжиди. X асрда ҳукмронлик қилган маврлар сулоласи (араблар ва шимолий Африканинг барбар қабилалари) томонидан қурилган "Боб ал Мардум" номли жоме бўлиб, ўша даврдаги услуби сақланиб қолган. Масжидда сақланиб қолган ёзувлар, унинг биринчи қурувчи-устаси Мусо ибн Али Саад исмли шахс эканлигидан дарак беради. 

 3.Хиралда - Севиля шаҳри рамзи саналган ибодатхона юқорисига кўтарилган тўртбурчак шаклдаги минора. Минора баландлиги - 98 метр.

Қурилиш Андалусда мағриб санъати гуллаган бир пайт Абу Юсуф Яъқуб ал Мансур ҳукмронлиги даврида 1184 йили меъмор Аҳмад бен Бану лойиҳаси асосида бошланган. Бино Севиля марказий масжидига минора хизматини бажарган. Масжид кейинчалик насронийлар ибодатхонасига айлантирилган. Миноранинг энг юқори қисмидан Европадаги энг йирик обсерваторияларидан бири сифатида фойдаланилган.

4. Алмонастир масжиди (Mezquita de Almonaster la Real). Ушбу масжид исломий маърузалар зали бўлган. Қурдоба халифалиги даврида IX-X асрлар оралиғида қурилган. Масжид Алмонастир (Castillo de Almonaster) қалъаси пойдеворида ишлатилган базилкалар асосида мустаҳкам қилиб қурилган. Реконкиста ишларидан сўнг, бинода насроний монастири ташкил этилган.

5.“Андалус” жоме масжиди. Андалусда бутун ҳолда сақланган ягона масжиддир. Масжид мумтоз услубда қурилган бўлиб икки қисмга ажратилган: таҳорат ва намоз заллари. Масжид "Т" ҳарфи шаклида қурилган бўлиб таҳорат зали узун йўлак билан алоҳида ажратилган.

6. Алкасар Херес де ла Фронтера.Алкасар – Испаниянинг Херес-де-ла-Фронтера шаҳридаги энг муҳим ва энг қадимий ёдгорликлардан бири бўлган. Алкасар масжиди араблар томонидан бунёд этилган 50 минора ва атрофи 4 та дарвоза билан ўралган. Мажмуада сўнгги таъмирлаш ишлари XVIII-XX асрларда амалга оширилган.

Қизиғи шундаки, насронийлар ҳокимиятни эгаллашгач, Андалуснинг бошқа шаҳарларидаги ҳолатлардан фарқли ўлароқ масжид архитектурасидаги муҳим қисмларни ўзгартиришмаган. Шунинг учун ҳозирги вақтга қадар саккиз бурчакли гумбаз билан 10 кв.м га тенг бўлган намозхона сақланиб қолган. Кўркам гумбаз ортидаги меҳроб ҳам ўз ўрнида турибди.

Ҳозирда черков ҳисобланган мажмуанинг арксимон эшиклари бўйлаб ичкарига кириб борилганда, ҳовли саҳнида ҳовузни учратиш мумкин. Шимолий-шарқий бурчакда эса ажойиб ҳолатдаги минора сақланиб қолган.

  

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги ходими

Зоиржон СОДИҚОВ

 тайёрлади

 

4291 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Бахт бу мол дунёда эмас Салавот айтиш фазилати »

Мақолалар

Top