Мақолалар

Саховат юртдан  балони кўтаргай!

Коронавирус дунё бўйлаб тобора кенгроқ тарқалиб бораётгани сайин Одам Ато фарзандлари табиатидаги фазилатлар ҳам яққол кўзга ташланишда давом этмоқда. Саховатпешаликни аввало ҳукуматимиз бошлаб берди. Аҳолининг ижтимоий муҳофазасига доир зарурий чораларни ўз вақтида кўрди. Ёрдамга муҳтож оилалардан ўз вақтида хабар олиб туриш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалалари маҳаллий ҳокимият органлари зиммасига юкланди. Маҳаллий ҳокимият органлари ҳам ўз шароитларидан келиб чиққан ҳолда кўпдан кўп хайр-эҳсонлар қиляптики, бунга барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги “Вақф” фонди ҳам фаоллик кўрсатиб, жорий йилнинг 16 мартидан 2 апрелига қадар ёрдамга муҳтож аҳоли вакилларига жами 190 миллион сўмга яқин ҳажмда ёрдам кўрсатди. Ҳар йилдагидан фарқли равишда шаъбон ойидаёқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг 2020 йилги закот миқдори бўйича қарор эълон қилинди. Шунингдек, Идорамиз раҳбарияти, муҳтарам устозларимиз мўмин-мусулмонларга ҳозирги мураккаб шароитни инобатга олган ҳолда фитр рўзаларини ҳам муҳтожларга тарқатишни тавсия қилмоқдалар. Закотга оид қарорнинг шаъбон ойидаёқ чиқарилиши, фитр рўзаларни вақтлироқ тарқатишга даъватлар... буларнинг барчаси инсонларга меҳр-мурувватлилик, коронавирус сабабли келиб чиққан мураккаб шароитда ўзаро кўмакдошлик белги-аломатларидандир.
Шунинг билан бирга ҳар куни Интернет саҳифаларида, ойнаи жаҳонда саховатпеша инсонларнинг кўплаб эҳсону хайриялар тарқатаётганига гувоҳ бўляпмизки, бу ҳол элимизнинг нақадар саховатпеша халқ эканини яна бир бор тасдиқламоқда. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу таоло Оли Имрон сурасининг 92-ояти каримасида марҳамат қилиб: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”, деган.
Демак, бугунги қилинаётган эҳсонлар, кўрсатилаётган меҳрибонликлар, саховатлар – меҳрга, кўмакка муҳтож инсонларнинг дуоларига сабаб бўлиб, шу сабабдан юртимиздан, мўмин-мусулмонлар диёридан балонинг кўтарилиб кетишини таъмин этса, Охиратда эса очиқ юз билан берувчилар ва самимият ила дуо қилувчиларни Жаннатга етказувчи муҳим воситалар экан.
Раббимиз саховатпарвар халқимизни ҳар турли балолардан Ўз паноҳида асрасин!


Музаффархон АЪЗАМ,
“Пул емас ота” жоме масжиди имом-хатиби

2516 марта ўқилди

Мақолалар

Top