Мақолалар

Айём фазилати: машина минишнинг ҳам одоби бор
Ухлаш, йўл юриш ва уловга миниш одоблари... Ушбу боб ҳам тўрт фаслдан иборат.
 
БИРИНЧИ ФАСЛ
 
Ухламоқчи бўлган киши, аввало, уйининг эшикларини маҳкамлайди, идиш-товоқларнинг устини ёпади. Тўшагини уч марта силкитади, ўчоғи ва чироғини ўчиради. Буларнинг барчаси суннат амаллардир.
 
Ухлаш жойига юмшоқ нарсаларни қалин тўшамайди ва таҳоратли ҳолда юзини қиблага қилиб, ўнг қўлига бироз суяниб ётади. Бу ҳам суннатдир.
 
Яхши туш кўрса, уни яқинларига изҳор қилади ва шукр айтади. Ёмон ва паришон туш кўрса, чап тарафига уч марта пуфлаб, ёмон туш таъсиридан паноҳ беришини Аллоҳдан сўрайди. Ёмон тушини ҳеч кимга айтмайди. Ҳар икки ҳолда ҳам садақа бериш фазилатлидир.
 
ИККИНЧИ ФАСЛ
 
Иккинчи фасл либос кийиш одоблари баёнидадир. Бунинг етти одоби бор.
 
Биринчи одоб. Кўнгил бирор либосга боғланиб қолмаслиги керак. Қайси кийимни олишга муяссар бўлса, ўшани кийиш лозим.
 
Иккинчи одоб. Либосда такаллуф қилмагай ва аксарият вақт қўпол кийим кияди.
 
Учинчи одоб. Кўйлак ва либоснинг енги қўл бандигача бўлиши керак. Енг бармоқларгача ва бармоқлар учигача бўлса ҳам жоиз. Бундан узуни макруҳ ва суннатга ҳилофдир. Кийимнинг енгини кенг қилиш суннатдир. Танг қилиш эса бидъатдир. Кўйлак ва иштоннинг узунлиги почанинг ярмигача ва тўпиққача бўлиши ҳам жоиз. Ундан узуни бидъатдир.
 
Тўртинчи одоб. Оқ либос кийиш суннатдир.
 
Бешинчи одоб. Либосни покиза тутиш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Поклик имоннинг ярмидир” (Имом Муслим ривояти), деганлар. Ушбу муборак ҳадис барча нарсани тоза тутмоқни тақозо этади, шу жумладан, кийимни ҳам.
 
Олтинчи одоб. Бадавлат кишилар бойлигини кўз-кўз қилиш, ғурурланиш ва кибру ҳавога берилмаслик шарти билангина яхши либослар кийиши мумкин. Тариқат улуғлари: “Латиф либос кийиши фақат қинғир нафс чоҳидан қутулган ва ҳавойи нафсини ўлдирган кишигагина жоиз”, дейишган.
 
Еттинчи одоб. Янги либос кийгандан сўнг эскисини садақа қилиш мақсадга мувофиқдир.
 
УЧИНЧИ ФАСЛ
 
Учинчи фасл кўча одоблари баёнидадир.
 
Киши уйидан бирор иш учун чиқмоқчи бўлса, ушбу дуони ўқийди: “Бисмиллаҳи таваккалту ъалаллоҳ. Вала ҳавла вала қувват илла биллаҳ”. Маъноси: Аллоҳнинг исми билан бошлайман ва Унга таваккал қилдим. Аллоҳдан бошқа куч ҳам, қувват ҳам йўқдир.
 
Иккала оёққа ҳам пойабзал кийиш лозим. Узрсиз бир оёққа калиш, маҳси ёки этик кийиб олиш ярамайди. Бу макруҳдир. Оёқ кийимни нажосатдан сақлаш керак.
 
Кўча лой бўлса, йўлда бирор кишига дуч келса, ўзининг ва рўпарадаги кишининг кийимига лой сачратишдан эҳтиёт бўлиш зарур. (Бу ҳолат бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Автоуловларни бошқараётган кишилар ёғингарчилик кунлари пиёдаларга эҳтиёткорона муносабатда бўлишлари, уларга сув, лой сачратмаслиги керак. Муқаддас динимиз бировга зиён-заҳмат, зарар етказишни қаттиқ қоралайди. Ҳадиси шарифда: “Ҳақиқий мусулмон шундай кишики, унинг на қўлидан ва на тилидан бошқа мусулмонлар азият кўрмайди” (Имом Бухорий ривояти), дейилган.
 
Миллий қонунчилигимизда ҳам пиёдаларга лойқа сачратган кишиларга маъмурий чоралар кўрилган. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 1281-моддасига кўра, ҳайдовчиларнинг йўловчиларга лойқа сачратишга нисбатан энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солиниши қайд этилган).
 
Йўлда кўзини қадам босишдан узмайди, ҳар ёнга беҳуда қарамайди ва ҳушёрлик билан юради.
 
Бировга азият етказмаслик мақсадида эҳтиёт бўлиб йўлида давом этади. Хусусан, бозор ва аҳоли гавжум жойларда бировга азият етказишдан жуда эҳтиёт бўлиш шарт. Тиқилинч жойларда бировни туртмаслик, оёғини босмаслик керак. Йўлда гуруҳ бўлиб келаётган кишиларнинг орасига суқилмаслик керак. Айниқса, шундай ҳолатда юриб кетаётган аёлларга яқинлашмаган маъқул.
 
Йўлда ёши улуғ кишиларни эҳтиром қилиб, уларнинг орқасидан юриш керак. Агар йўлда устоз ёки пир билан биргаликда кетаётган бўлса, албатта, уларнинг ортидан юриш лозим.
 
Йўлда ҳамроҳлари билан баб-баравар юриш керак. Улардан илдамлаб ҳам, ортда қолиб ҳам кетмаслик зарур. Худди сувда балиқлар тизилиб юрганидек интизомга қатъий риоя қилиш керак.
 
Йўл бўйида бирор танишини учратиб қолса, у билан рисоладагидек саломлашиб, яна йўлида давом этиш керак. Мабодо, зарур гапи бўлса, танишини четга тортиб, йўловчиларга халақит қилмайдиган ҳолатда угаплашиш зарур. Уйда ёки бирор гўшада бўлса, таниши билан хоҳлаганича гаплашиш мумкин.
 
Йўлда йўловчиларга азият берадиган тош ва бошқа нарсаларни олиб ташлаш керак. Зеро, ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салам: “Йўлдан азият ерказовчи нарсаларни олиб ташлаш садақадир” (Имом Байҳақий ривояти), деб марҳамат қилганлар.
 
Мабодо, йўл-йўлакай бурун қоққиси ёки тупургиси келиб қолса, бу ишни бир чеккада амалга ошириш, тупуги ва балғамини тупроқ билан беркитиб кетиш керак. Олд ва ўнг тарафга эмас, балки чап тарафга тупурган маъқул.
 
Йўлда мазлум кишиларни кўриб қолса, уларга ёрдам бериш керак. Йўлда қўлидаги идишини синдириб қўйган ёш болани ёки кекса аёлни кўрса, имкони бўлса, уларга идиш олиб бериш лозим.
 
Кўча бўйида, маҳалла-кўй кунжакларида бекор ва беҳуда ўтирмаслик керак. Мабодо, шундай ҳолат юзага келса, кўчанинг ҳаққини адо этиш зарур. Чунончи, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ““Кўчаларда беҳуда ўтиришдан эҳтиёт бўлинглар”, дедилар. Шунда кишилар: “Биз ўзаро гаплашиб ўтирибмиз. Бунинг нимаси ёмон?” дейишди. Пайғамбаримиз: “Кўчада ўтирсанглар, унинг ҳаққини адо этинглар”, дедилар. Ҳалиги кишилар: “Кўчанинг ҳаққи нималардан иборат?” деб сўрашди. Расулуллоҳ: “Кўзни тийиш, одамларга азият етказадиган нарсаларни кўчадан олиб ташлаш, саломга алик олиш ва амри маъруф ҳамда наҳйи мункар қилиш”, дедилар”.
 
ТЎРТИНЧИ ФАСЛ
 
Тўртинчи фасл улов миниш одоблари баёнидадир.
 
От (улов)да кетаётган ҳарчанд улуғ ва мартабали киши бўлса-да, пиёдага, гарчи у фақир ва оддий инсон бўлса-да, салом беради.
 
Уловни йўлда эҳтиёт қилиб ҳайдаш керак. Ҳеч кимга озор бермаслик, иши жуда зарур бўлса ҳам одамлар орасида уловни тез ҳайдамаслик керак. Айниқса, кечки пайт уловда жуда эҳтиёт бўлиб юриш мақсадга мувофиқдир. (Чунончи, бугунги тезкор замонда ҳам аксарият автоҳалокатлар тезликни ошириш оқибатида содир бўлмоқда. Тезликни ошириш туфайли маъсум инсонларнинг умрига зомин бўлиш динимизда қаттиқ қораланади. Аллоҳ таоло ояти каримада: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир” (Моида сураси, 32-оят). Бу оят нозил бўлишининг сабаби Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилганидек, Укл ва Урайна қабилаларидан бир гуруҳ одамлар Мадинага келиб, Расулуллоҳ ҳузурида ёлғондан имон келтирадилар. Сўнгра Мадина ҳавоси ёқмай, қорин оғриқ касалига учраганларини айтгач, Расулуллоҳ шаҳар ташқарисига чиқиб, ўзлари учун садақага келган туялар сутидан ичишга рухсат берганларида, улар бориб туякаш чўпонни ўлдириб, туяла рни ҳайдаб олиб кетадилар.
 
Диндан қайтган бу мунофиқлар ортидан бир гуруҳ мусулмонларни юбориб уларга жазо беришни буюрадилар. Бориб, уларнинг қўл-оёқларини кесиб, кўзларини ҳам ўйиб чалажон ҳолларида шаҳардан ташқаридаги Ҳарра деган жойда қолдириб кетадилар. Қатода айтади, шундан кейин Расул (а.с.) кўз ўйиш, қулоқ ва бурунни кесиш каби қийноқларни тақиқлаб, садақа ва эҳсон беришга тарғиб этдилар).
 
Отлиқ хизматкорнинг, агар уловнинг юганидан тутиб кетаётган бўлса, ҳақига риоя қилиши керак. Юган ушлаб кетаётганлар ҳориб қолмаслиги учун уловни тез ҳайдамаслик лозим. Манзил йироқ бўлса, хизматкорларга ҳам улов бериш керак. Бунинг иложи бўлмаса, хизматкорлар билан уловни алмашиб миниб бориш зарур.
 
Уловнинг боши ва юзига чўп ёки қамчи билан урмаслик, отни бир жойда бемақсад тўхтатиб турмаслик лозим. От устида ухлаш, пинакка кетиш ярамайди. Уловни оч қолдирмаслик зарур. Борар жойи узоқ бўлса, баъзан пиёда юриб, уловга ҳам дам бериш керак.
 
Уловга минилганда ушбу дуо ўқилади: “Субҳаналлазий саххоро лана ҳаза вама кунна лаҳу муқринийн. Ва инна ила Роббина мунқолибун”.
 
Яъни: “Бизларга бу (улов)ни бўйсундириб қўйган зотга тасбеҳ айтамиз. Бизлар ўзимиз бунга қодир эмас эдик. Албатта, бизлар (барчамиз) Раббимиз (ҳузури)га қайтувчидирмиз” (Зухруф сураси, 13–14-оятлар).
 
Бугунги замонавий автомобилларни ёки бошқа уловларни бошқарганда ҳам, албатта, йўл қоидаларига қатъий риоя этиш мусулмон кишининг одобларидандир.
 
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
2778 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top