Мақолалар

Сабр-бардоши мустаҳкам халқимиз бугунги синовли кунларни ҳам Яратганнинг мадади ила енгиб ўтади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм!

Куни кеча тонгда Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонининг бир қисми очилиб, юзага келган тошқин туфайли минглаб юртдошларимиз бошпанасиз қолди. Бу фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўрилди. 

Уларга имкон қадар тезроқ ёрдам бериш, бу оғир синовда елкадош бў­лиш миллатдош, диндош, юртдош сифатидаги инсоний бурчимиз.

Шу куннинг ўзидаёқ муҳтарам Президентимиз зудлик билан Сирдарё вилоятига етиб борди, зарур вазифалар белгилаб олинди ва вазият тўлиқ назоратга олинди. Давлатимиз раҳбари томонидан “Биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмайди”, деган қатъий ирода билан фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Юртимиз уламолари ҳам сув омборидаги фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф бўлишини Яратган Парвардигордан сўраб, динимизда тавсия этилган амаллар адо этдилар. Ислом дини манбаларида ҳар бир ҳолат учун – яхши-ёмон кунлар, хурсандчилик-мусибатли дамларда ўзига хос амаллар ва дуоларни қилиш ҳақида кўп баён этилган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларнинг 36 та минтақасидаги табаррук уламоларимиз ва имом-домлаларимиз мазкур нохуш ҳодисанинг салбий оқибатларини Аллоҳ таборака ва таолодан бартараф этишини сўраб, хатми Қуръонлар ўқилиб, муборак Рамазон кунларида дуою тазаррулар қилинди. Имом-хатиблар, имом ноиблари ва мадрасалар талабалари томонидан 420 та хатми Қуръон қилинди. Шунингдек, хайрия тадбирлари доирасида 4 бош қорамол, 85 та қўй сўйилиб, кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишилар, етим-есирлар ва дуоси мустажоб инсонларга тарқатилди.

Бугун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Сирдарё вилоятида юзага келган фавқулодда ҳолат оқибатида азият чеккан юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида, инсонпарварлик юклари ортилган иккита юк мошинаси билан ушбу вилоятга етиб бордилар. Улар аҳоли вакиллари билан мулоқот қилиб, бундай синовли кунларда муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, ҳеч бир одам эътиборсиз қолмаслигини билдирдилар. Мана шундай машаққатли шароитда энг асосийси саросимага тушмасдан, елкама-елка туриб, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва бошга келган ташвишни сабр-матонат билан енгиш ўта муҳим эканини таъкидладилар.

Эл бошига иш тушганда ёрдам қўлини чўзиш чин мўминлик сифати, халқимизга хос фазилатдир. Ушбу нохуш воқеа содир бўлганиданоқ маҳаллий аҳолига кўмак бериш тадбирлари уюшқоқлик бошланиб кетгани маҳзун қалбларга катта далда бўлди. Айни дамда Сирдарё вилояти аҳолисига Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан меҳр-мурувват юклари юборилмоқда.

Аллоҳ таолонинг бир синови, Рамазон ойида машаққатда қолган сирдарёлик юртдошларимиз, кексалар аёллар ва ёш болаларга ўз ёрдам қўлини чўзаётган барча азизларимизга самимий миннатдорлигимизни билдирамиз. Аллоҳ таоло қилаётган эҳсонларни ўз даргоҳида қабул қилсин, ажру савобларини зиёдаси билан ато этсин.

Зеро, инсон мусибат етган биродарига ҳамдард бўлиш динимиз талаби, Қуръони каримда: “Албатта, мўминлар биродардир”, ҳадиси шарифда эса: “Мўминлар ўзаро меҳр-шафқатларида ҳудди бир тана кабидир. Агар ундан бир аъзо оғриб қолса, тананинг бошқа қисми унга бедорлик ва иситма билан ҳамдард бўлади”, дейилган.

Муҳтарам Президентимиз ҳамма куч ва воситаларни ушбу ҳудудга сафарбар қилишни таъкидлар экан “Худонинг ўзи ҳаммамизга сабр берсин, ўзи қўллаб-қувватласин”, дея барчани бардамликки чорлади. Дарҳақиқат, муборак Ислом динимизда мана шундай машаққатли кунларда сабр қилишга улуғ ажрлар баён қилинган.

Ҳадиси шарифда “Бандаларни Аллоҳ таолога энг яхшиси – мусибат келганда, сабр қилгувчи ва неъмат берилганда, шукр қилгувчисидир” (Имом Табарий ривоятлари). Бошқа бир ҳадиси шарифда Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай баён қилдилар: “Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам боласи, Мендан савоб умид қилиб, мусибатнинг илк дақиқаларидан сабр қилсанг, у ҳолда сен учун жаннатдан бошқа мукофотга рози бўлмайман”, – дейди” (Имом Ибн Можа ривояти).

Ҳадиси қудсийда эса шундай келтирилади, Аллоҳ таоло: “Агар бандаларимдан бирортасини, баданига ё боласига ё бойлигига офат келтириб мусибатга рўбарў қилсам-у, у мусибатни сабр ила қарши олса, Қиёмат куни унинг ёмон амалларини тортиш учун тарози қўйишга, ёки гуноҳлари қайдланган дафтарини очишга уяламан” – деди ( Имом Термизий ривояти).

Тарихдан биламизки, халқимиз жуда кўп офату балоларни, қийинчиликларни сабр-бардош, матонат билан енгиб ўтган. Қалбида сабр-бардош, ишончи мустаҳкам халқимиз бугунги синовли кунлардан ҳам Яратганнинг мадади ила сабот билан ўтади. Бунинг учун энг аввало, барчамиз ҳамжиҳат ва тартибли бўлишимиз лозим. Ваҳимага берилмасдан, саросимага тушмаслик зарур.

Ҳақ таборака ва таолодан ушбу нохуш воқеанинг салбий оқибатларидан паноҳ сўраб, Яратган Парвардигорга дуолар қилиб қоламиз.

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

2478 марта ўқилди

Мақолалар

Top