Мақолалар

Мўмин ким?

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:  "Мўъминлар бир-бирига ёпишган иморат кабидир" (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу қисқагина ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларни содда ва лўнда тарзда таърифлаб, уларни  бир-бирига ёпишган мустаҳкам иморат каби эканлигини билдирмоқдалар. Демак, ушбу  ҳадисда бино деворлари бир- бирига мустаҳкам ёпишгани каби, мўъминлар ҳам бир-бирларига маҳкам боғланмоқлари лозим эканлиги уқдирилмоқда. Бинони ташкил этган унсурлар орасида тош, темир каби нарсалар бўлганидек, қум ва шиша каби нозик нарсалар ҳам мавжуд. Лекин барчаси биргаликда бинони маҳкам тутиб турибди. Инсонлар, ана шу бино каби жипслашган, бир-бирини суяган бўлишлари керак. Кучлилари доим заифларни суяб турмоғи, улар билан елкадош, ҳамнафас бўлмоғи лозим. Чунки мустаҳкам бўлмаган бинонинг йиқилиши муқаррар, бундан Аллоҳнинг ўзи асрасин.

Ушбу ҳадис мўъминларни жамоа бўлиб яшашга, ўзаро ҳамжиҳатликда умр кечиришга ташвиқ этмоқда. Зеро, инсон ёлғиз ҳаёт кечириши имконсиз. Масалан, бир бурда нонни тайёрлаш, пишириш учун нақадар кўп асбоб-ускуна ва меҳнатга эҳтиёж сезилиши барчага аён. Демак, инсонлар зарар эмас, фойда келтирувчи, хом эмас, пишган бўлиши, ноқис эмас, комил бўлиши лозимдирки, Ислом жамияти кундан-кунга ривожлансин ва юксалсин. Аксинча, ҳар ким ўзи билан ўзи овора бўлиб, заифу мискинларга нисбатан меҳр-муҳаббат бўлмаса, Аллоҳ таоло ундан асло рози бўлмайди. Ана шу вақтда қиёмат бўлади, фарёду фиғонлар бошланади.

Бугун мўминлар орасида исёнлар, норозилик чиқишлари, қўзғолонлар ва бошқа фалокатлар рўй беришининг сабабчилари мусулмонликни даъво қилувчи, аслида Исломдан бехабар бўлган бир қанча гуруҳлардирки, улар аҳли Исломнинг бошига бало бўлдилар. Чунки, мусулмонларнинг таназзулига энг катта сабаб - мусулмонларнинг ҳақиқий мусулмон бўлмасдан, илм ва давлатларига мағрурланиб, фақирлару заифларнинг ҳақларига риоя қилмасдан, уларга исломий ва инсоний муомалада бўлмасликларидир. Шу боисдан ҳам улар охират саодатларидан маҳрум бўлгайлар. Агар улар молу дунёларига бу қадар ҳирс қўймасдан, бой-камбағаллигига эътибор бермай, ҳаммалари қўлни қўлга бериб, бирлашсалар эди, бугун мусулмонларнинг қўлини букишга ҳеч ким ботинолмас эди.

Бошқа бир ҳадисда эса «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Мўминларнинг ўзаро раҳм қилишлари, дўстликлари ва меҳрибончиликларида худди бир танадек эканини кўрасан. Бирор аъзо хасталанса, тананинг қолган жойлари бедорлик ва иситмалаш билан унга ҳамдард бўлади». ( Имом Бухорий ривояти)

Демак, мўминлар бир тананинг аъзоларидир, ҳар бир  мўмин ушбу танага дахлдорлигини аниқлаш орқали ўзининг иймонини сарҳисоб қилиб олиши керак. Мусулмонларга етган озор, мусибатдан агар безовта  бўлса, роҳати бузилса, у ушбу тананинг аъзоларидан экан. Акс ҳолда, у «тан бошқа, дард билмас», деганларидек, бу танага бегона бўлиб чиқади. Шунинг учун руҳий тарбия уламолари муслмонларнинг муваффақиятидан сиқилиш нифоқнинг ботиний аломатларидан саналади, дейдилар. Мазкур ҳадисни Шайх Саъдий раҳмутуллоҳи алайҳ қуйидагича шарҳлайди:  Одам авлоди аслида бир гавҳардан яралган бир  тандир. Агар унинг бирор аъзосига дард етса, бошқа  аъзоларда қарор қолмайди, безовта бўлади. Агар сен  бошқалар тортаётган маҳнат-азиятдан беғам бўлсанг,  унда сени одам дейиш муносиб эмас.

Бугун бир қанча мўминларнинг бошига мусибат тушди. Муборак Рамазон ойида, Аллоҳ таолонинг ҳикмати илоҳийси билан синов ва имтиҳонларга учрадилар.  Шундай экан, юқоридаги ҳадиси шарифда айтилганидек, биз бир – бирига ёпишган иморат, бир тан-у бир жон эканлигимизни унутмайлик. Иморатнинг асоси битта бўлади. Таънанинг асоси битта бўлади. Баъзи бир жойларига етган талофатга қолган қисмлар жим қараб туролмайди.  Улар ҳам дард чекади. Оғриқни ҳис қилади.

Шундай экан азизлар, Сирдарё вилоятида бўлган бу ҳодиса пайтида жим қараб турмайлик. Ҳар ким ўз имкониятидан, вазиятидан келиб чиқиб юртдошларимизга ёрдам қўлини чўзайлик. Агар ҳеч нарса қўлимиздан келмаса, лоақал дуоларимизда унутмайлик.

Парвардигор ҳаммамизни ҳақиқий мусулмонлардан қилсин, омин!

 

Тошкент шаҳар бош имом хатиби,

Н. Холиқназаров

 

 

2925 марта ўқилди

Мақолалар

Top