Мақолалар

Сиз рўзадормисиз? (Танловга)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Рамазон ойида икки ёш йигит бир отахоннинг одамлар кўзидан пана жойда таом еяётганини кўриб қолишибди:

– Отахон! Сиз рўзадор эмасмиcиз?

Отахон:

– Алҳамдулиллаҳ, рўзадорман болларим. Фақат сув ичиб, таом еяпман, холос.

Йигитлар қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборишди:

– Бу нима деганингиз?

Отахон:

– Ҳеч кимга ёмон кўз билан қарамайман, бирор кишининг кўнглига озор етказмайман, мазах, ғийбат қилмайман, бировнинг молига кўз олайтирмайман, лекин минг афсуски, ошқозоним касал, шу боис меъдамни рўзадор қилолмаяпман.

Кейин отахон йигитлардан сўради:

– Сизлар ҳам рўзадормисиз, болаларим?

Йигитлар бошини эгиб:

– Биз фақат овқат емаяпмиз, холос...

Дарҳақиқат, рўзадор ўзини ислоҳ этмас экан, очликдан бошқа ҳеч нарсага эришмайди.

Рўза қалбимизда, унинг сифатлари эса жисмимизда намоён бўлиши керак. Дилимизни Аллоҳга боғламасак; ақлимиз ила тафаккур этмасак, тилимизни беҳуда сўзлар, кўзларимиз-қўлларимизни бекорчи нарсалардан тиймасак рўза тутишдан ҳеч қандай фойда бўлмайди.

Саййид Абдулқодир Жийлоний қуддиса сирруҳу рўзани тўрт хил бўлишини айтганлар:

  1. Субҳдан шомга қадар еб-ичмаслик. Бу шариат тақозо қилган рўза.
  2. Бемаъни, фойдасиз сўзларни сўзламаслик. Бу тариқат тақозо қилган рўза.
  3. Бемаъни, фойдасиз сўзларни ҳатто кўнгилга, хаёлга келтирмаслик. Бу маърифат тақозо қилган рўза.
  4. Кўнгилни, хаёлни Аллоҳдан ўзгасига ёпишлик. Яъни, қалбда Аллоҳдан ўзга бўлмаслиги. Бу ҳақиқат тақозо қилган рўзадир.

Ўзини танимоқ истаган кўнгиллар учун ўтган авлиёлар ҳикматлари сабоқ эмасми?!

 

Гулжаҳон Райҳонова Исмоиловна,

Қарши шаҳри.

2352 марта ўқилди

Мақолалар

Top