Мақолалар

Ойлар султони – рамазон (Танловга)

Рамазон рўзасини фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Ота-онамиздан ҳам севиклироқ бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга беадад салавоту саломлар бўлсин.

Аллоҳнинг марҳамати билан юртимизда аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод бўлиш бўлган муқаддас Рамазон ойининг файзу-шукуҳи кезмоқда.

Рамазон ойи Аллоҳнинг "Раҳмат шабодалари" эсадиган улуғ ойдир. Бу ойда тутилган рўзалар, ўқилган намоз, тасбеҳ, зикр ва Қуръон тиловатларининг шарофатидан Аллоҳ бандаларини гуноҳдан поклайди. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Кимда-ким иймон билан ва мукофотини Аллоҳдан кутган ҳолда Рамазон рўзасини тутса, аввалги гуноҳлари кечирилади". Имом Муслимдан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда бундай дейилган: "Ким рамазон кечаларини савобига ишониб ва унга эргашиш нийяти ила намоз ўқиб жонлантирса, аввалги гуноҳлари кечирилади". Ақлли банда албатта бу ойда кўпроқ ибодат қилишга ҳаракат қилади. Зеро бу ойда қилинган фарз амалнинг савоби етмиш баравар кўпайтириб берилади. Нафл ибодатларга эса фарзнинг мислича савоб берилади. Уламоларимиз бу ойда айтилган битта тасбеҳни, бошқа ойларда айтилган мингта тасбеҳга тенглаштиришган. Бу ойда улуғларимиз айниқса Қуърон тиловатига катта эътибор беришган. Саҳиҳ ривоятларда айтилишича инсон Рамазон ойида Қуъронни хатм қилса, унинг ҳаққига етмиш минг фаришта истиғфор айтади. Тасаввур қилинг умрида бирон марта гуноҳ қилмаган етмиш минг фаришта ҳаққингизга истиғфор айтса. Шунинг учун бу ойда ҳеч бўлмаса бир мартта Қуъронни тиловат қилиш мақсадга мувофиқдир.

 Бу ойда тутилган рўза инсонни кўп жиҳатдан тарбиялайди. Шу жумладан рўза тутган бандани тақвоси зиёда бўлади. Зеро Аллоҳ рўза тутишга буюриб "Шоядки тақволи бўлсангиз" деб марҳамат қилди. Рўзадор рўза тутган ҳолида маълум вақт фаришталар сифати ила сифатланади, чунки емаслик, ичмаслик ва жинсий алоқа қилмасдан фақат ибодатда туриш фаришталарга хосдир. Рўза тутган банданинг оғзидан чиқаётган ҳид Аллоҳнинг наздида мушку-анбардан ҳам ёқимли бўлади ва Аллоҳ рўзадорларни қиёматда Райён жаннатига киргазади. Бу ҳақда Имом Бухорийда бундай ҳадис ривоят қилинган "Жаннатда Райён номли эшик бор. Ундан фақат рўзадорлар киришади. Рўзадорлар кириши билан бу эшик ёпилади, бошқа ҳеч ким кира олмайди".

Бу каби башоратларни ўқиган инсон беихтиёр севинади, Аллоҳга шукрлар қилади. Албатта бундай ҳадис ва оятлар жуда кўп. Лекин минг афсуски, узрсиз рўза тутмаётганлар, кўчада бемалол овқат еяётганларнинг учраб туриши албатта жуда ачинарли ҳолдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Агар инсон узрсиз бир кун Рамазон рўзасини тутмасаю, кейин шуни каффорати учун бир умр рўза тутса ҳам Рамазондаги бир кунлик рўзанинг савобига эриша олмайди”.

Юртимизда ҳар йил Рамазон ойи ўзгача шукуҳ билан қарши олинади. Айниқса оммавий ифторликлар, таровеҳда жамоатнинг кўплиги кўзимизни қувнатади. Лекин минг афсуслар бўлсинки Совид-19 пандемияси туфайли кўплаб мусулмон ўлкаларда, жумладан юртимизда ҳам масжидлар ёпилди, оммавий ифторликлар бекор қилинди. Албатта бу чора-тадбирлар пандемияни олдини олиш учун жорий қилинди. Лекин Аллоҳнинг ҳар бир ишида ҳикмат бор. Барча масжидлар ёпилди, лекин барча хонадонлар масжидга айланди. Оиламиз даврасида ифторлик қилиб, таровеҳ ўқимоқдамиз. Хушовоз муаззинларимиз намоз вақтини билдириш учун азон айтмоқдалар, юртимизни "Аллоҳу акбар" садолари қамраб олаяпти, алҳамдулиллаҳ. Гўзал овозли қориларимизнинг онлине хатмларини кузатмоқдамиз, илм ўрганяпмиз, қўлида давлати бор биродарларимиз Аллоҳ ризолиги йўлида кўплаб эҳсонлар қилишмоқда. Аллоҳ бу йилги рамазонни барчамизга раҳмат ва мағфират ойи қилсин.

 

Нуриддин ФАТХУЛЛАЕВ

2542 марта ўқилди

Мақолалар

Top