Мақолалар

Ёлғиз оталар

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Раб­бингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!.. ” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!» (Исро, 23).

Шокир ота аёли Ҳуринисо ая билан бахтли ҳаёт кечирди. Фарзандларининг барчаси ҳаётда ўз ўрнини топди... Неваралар ҳам бирин-кетин вояга ета бошлашди. Невара келин, невара куёв кўраман деб турган пайт Ҳуринисо ая хасталаниб, бандаликни бажо келтирди.
Фарзандлари онасининг ҳамма маъракаларини ўтказишди. Энг нуфузли тўйхоналарда юз килолаб ошлар дамланди. Аммо буларнинг ҳеч бири Шокир отанинг кўнглини ёритмади. Уйдаги ҳар бир нарса аёлини эслатар, хотираларини уйғотарди. Ўзи ёлғиз қолса, анча вақтгача кўзига уйқу келмасди. Кейинги пайтларда қон босими кўтариладиган бўлиб қолди. Энг қиммат дорилар ҳам, моҳир шифокорлар ҳам дардини аритолмасди.
           Отасининг ёлғизликдан қийналаётгани, кун сайин сўлиб бораётганини кўрган кичик ўғил бир куни аста гап бошлади:
– Гапни нимадан бошласам экан?.. Онамни  ҳаммамиз жуда яхши кўрардик. Бироқ тақдир экан! Нима ҳам қилардик? Энди биз учун муҳими – сизнинг борлигингиз, саломатлигингиз! Ким нима деса десин, менга сизнинг соғлигингиз, хотиржамлигингиз керак. Рози бўлсангиз, солиҳа бир аёлни топиб, никоҳлаб қўйсак?!
Шокир отанинг кўзида ёш кўринди. Кечагина дўсти Турғун ҳам шу ҳақида гапирганди. Эркак киши кексайганида бир дардкашга муҳтож бўлиб қолар экан.
         “Ўғлим, борингга шукр, раҳмат!” – дея олди ота.
Кичик ўғил отасини уйлантириш ҳақида акаси ва синглисига маслаҳат солганида, катта жанжал кўтарилди.

– Отам сенга оғирлик қиляптими?

– Уй-жойга эга чиқадиган керакми сенга?

– Онамни сен унутган бўлсанг унутгандирсан, бизлар унутганимиз йўқ!
           Шокир отанинг дили қаттиқ оғриди, кўзлари намланди. Аслида, онасининг хотирасини азиз тутиш ҳақида бонг ураётган шу фарзандлар, онаси хасталанганда унга силтаб муомала қилган, қарашни малол олган эдилар. Аммо онанинг вафотидан ке­йин маъракаларни эл кўзига, мен фарзандлик бурчимни аъло даражада бажариб қўйдим, деб ўзини кўрсатиш учун дабдаба билан ўтказаётган эдилар.

 Яхшиликни инсон тириклигида қилиш кераклигини ҳамма билади-ю, аммо... Ота-онаси, яқинлари ўтиб кетган инсонларнинг кўпчилиги марҳумларнинг руҳи шод бўлиши учун қозон-қозон ош беришни ўйлаб юришади-ю, ёлғиз қолган ота ёки онанинг, жигарларнинг, тирикларнинг ғамини ейиш, қалбига қулоқ солиш хаёлига келмайди. Бу қандай бедодликки, ёлғизланиб қолган, эрталаб уйғонаманми, йўқми, деб тонг оттираётган кексаларнинг ҳаётини бошига ёлғизлик тушмаган, қалби яримлик кўрмаган фарзандлар ҳал қилса!..        

Уларга оталар, оналар ҳаётини ҳал қилиш ҳуқуқини ким берди?!
Ёлғиз кексаларнинг кўнглига қараб, улар хоҳласалар, яна турмуш қуришларини бир оғиз айтиб ўтиш фарзандлардан лозимдир.
Бундай кексаларнинг таомини ҳозирлаш, кийим-кечагини бут қилиш билан уларнинг ярим кўнгли тўлиб қолмайди. Уларга бир ҳамдард, ҳамроҳ керак.
 

Мунира АБУБАКИРОВА,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

5267 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top