Мақолалар

«Жаннатга йўл ота-она орқали ўтади» — Исломда фарзандлик мажбуриятлари

Рамазон ойи муносабати билан ташкил этилаётган туркум кўрсатувларимизнинг навбатдаги сони Ислом динининг олий қадриятларидан бири – ота-она ҳақи мавзусида бўлди. Бу хусусда «Мирзо Юсуф» жоме масжиди имом хатиби Саййид Раҳматуллоҳ Термизий сўзлаб берди.

Ота-онанинг қадри борасида Қуръони Каримдаги бир оят ва ҳадиси шарифлардан келиб чиқиб, уламоларнинг бу борада келтирган ҳикматли гапларини таҳлил қилсак, кифоя қилади.

Аллоҳ Қуръони Каримнинг Исро сураси 23-оятида шундай деб марҳамат қилади: «Ва Роббингиз фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-оналарга яхшилик қилишингизни буюрди».

Агар эътибор қилсак, ояти кариманинг аввалида Қуръоннинг ажойиб мўъжизаси зоҳир бўлмоқда. Араб тилининг қоидаларига мувофиқ, «Роббингиз сизга фақатгина Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-онангизга яхшилик қилишингизни буюрди», – дейиш керак эди. Лекин жумла муҳотоб билан келиб, бирданига кўпликка ўтиб кетяпти. «Роббингиз фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-оналарга яхшилик қилишингизни буюрди», дейилмоқда.

Бунинг билан инсон нафақат ўзининг ота-онасига яхшилик қилиши кераклиги, балки ҳар бир ота-она ёшига етган кекса ёшдаги кишилар ёшлардан, ўз фарзанди тенгилардан доимо ҳурмат кўришга ҳақли экани маълум бўлади.

«Агар улардан бири ёки иккови ҳам сенинг ҳузурингда кексайиб қолган бўлса, эй фарзанд, сен уларга асло «уфф» дея кўрма. Уларни жеркима, уларга шафқат қанотингни ёз ва, айтгинки, Роббим, ота-онам мени гўдаклигимда тарбия қилганларидек, энди Сен уларга раҳм қил».

Тошкент шаҳар Мирза Юсуф жоме масжиди имом хатиби
Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов

Эътибор қилинг, «уфф» деган сўз, аслида, бир сўз ҳам, ҳарф ҳам эмас, инсон зерикканида, чарчаганида, норози бўлганида норози кайфиятни ифода қилувчи оддий бир овоз. Аммо мана шу «уфф» деган овознинг ота-она олдида чиқарилиши ҳаром бўлади. Фарзанд ота-онанинг ҳузурида «уфф» дейиши – ота-она кўнглига малол келади, улар «Фарзандларимизга малол келтириб қўйдик», деб ўйлашади. Аллоҳ таоло эса, ота-онанинг кўнглини ранжитмасликни фарзандларга буюрмоқда.

«Уларни жеркима!» Албатта, савол туғилади. Наҳот фарзанд ота-онасини жеркиши мумкин? Инсонни яратган Аллоҳ унинг феълини яхши билади. Қуръони Каримда айтиляптими, демак, бу инсон феълида содир бўладиган нарса. Ва афсуски, одамлар орасида ота-онасини жеркийдиган фарзандлар топилиб туради.

«Уларга шафқат қанотингни ёз!» Ва охирида: «Айтгинки, эй Роббим, ота-онам мени гўдаклигимда тарбия қилганларидек, энди Сен уларга раҳм қил», – дея қайд этилади.

Ислом амалиёт дини ҳамдир

Буюк ватандошимиз Абу Бакр Қаффол Шоший роҳимаҳуллоҳ шу оят тафсирида айтган экан:

«Дини Ислом фақат оғизларда қолиб кетадиган дин эмас, фақат оғзаки кўрсатмалар берадиган дин ҳам эмас. Ушбу оят бунга мисолдир. Оятнинг бошида Аллоҳ таоло «Уларни жеркима, уларга «уфф» дема, уларга шафқат қанотингни ёз», дея оғзаки кўрсатмалар бериб келади-да, оят охирида амалиётга ўтилади, фарзандга топшириқ берилади: «Сен энди дуо ҳам қил». Дуо бу – амалиёт. Роббим, ота-онам мени гўдаклигимда тарбия қилганларидек, энди Сен уларга раҳм қил», деб дуо қилишга буюрилмоқда».

Намознинг ичида ота-онага дуо қилинади

Ана шу ояти кариманинг тафсирида Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ айтади:

Аллоҳ таоло фарзандни дуо қилишга буюрмоқда. Фарзанд қанча пайтда бир дуо қилсин: йилда, ойда ёки кунда бир мартами? Шунда ҳазрати Саврий айтдиларки, «Ҳар намозда қадаи охирда, салом беришдан аввал дуо қилсин».

Ажойиб нуқта. Эътибор қилинг: Аллоҳ таоло ота-она ҳақига қилинадиган дуо учун фурсатни қаердан берди? Намознинг ичкарисидан берди. Намоз Аллоҳ ва банда ўртасидаги меърож мисолидир. Ота-она ҳаққига қилинадиган дуо бошқа вақтда эмас, айнан намознинг ичидан берилмоқда. Ота-она ҳаққига «Аллоҳим, ота-онамни мағфират қилгин», дея дуо қилингандан кейингина салом берилиб, намоздан чиқилади. Мана шунинг ўзи ота-оналарга берилган энг катта даражадир.

Ота-оналик риштасини ҳеч нарса уза олмайди, ҳатто динсизлик ҳам

Энг қизиғи, бу даражага эришгандан сўнг ҳеч қачон ва ҳеч ким уларни ота-оналик даражасидан тушира олмайди. Ҳатто куфр ва ширк ҳам. Ота-она кофир бўлган тақдирда ҳам мусулмон бола уларга хизмат қилиши буюрилган.

Тўғри, агар ота-она гуноҳ бўладиган ишларга фарзандини буюрса, шариатимизда «Ота-онангга итоат этма», дейилади. Бироқ бу ота-онага яхшилик қилмаслик кераклигини англатмайди, уларга яхшилик қилинаверади. Фақат гуноҳга чорлангандагина итоат қилмаслик мумкин. Сабаби, улкан қоида бор: «Аллоҳга гуноҳ бўладиган ишларда бандасига итоат қилиш йўқ».

Ота-она билан тортишиш ножоиздир

Албатта, Қуръоний ва набавий кўрсатмаларнинг ҳаммаси бу ҳолатда фақат юмшоқлик билан, яхшилик билан инкор этиш лозимлигини кўрсатади.

Инкор этиш деганда фақат жаҳл ёки исён тушунилмайди. Юмшоқлик, яхшилик ва табассум билан инкор этиш лозим. Бу ҳолатда буюк имомларимиздан бири Имом Шофеийнинг айтганларини мисол келтирсак, мавзу янада ойдинлашади.

Ҳазрати имом Шофеийдан сўрадилар: «Фарзанд ота-она билан хусуматлашса, яъни хусумат кайфиятида гаплашса бўладими?» Шунда имом Шофеий: «Нима деяпсизлар? Ота-она билан хусуматлашиш-а? Асло! Ота-онанинг ўзи тугул, ҳатто уларнинг кавуши билан ҳам хусуматлашиш мумкин эмас», – дедилар.

«Кимки ўзи ҳақ бўла туриб, ота-онаси ноҳақ бўлса ва ота-онасига ўзининг ҳақлигини исботлаш мақсадида ҳужжат келтирса, фарзанд ота-онасига оқ бўлади», деганлар имом Шофеий.

Афсуски, қанча фарзандлар ўзининг ҳақлигини исботлаш учун ота-онаси билан тортишади, бунинг асло кераги йўқ.

Аввал онага, сўнгра отага, кейин опа-сингилга

Инсон ёши ўтган сайин ўзи ота-она бўлиб, фарзандларининг оқибатларини кўрган сайин ўз ота-онасининг нақадар доно бўлганини сезиб бораверади. Шунинг учун яхшилик қилишга энг кўп лойиқ бўлган зотлар – ота-оналар ҳисобланади.

Бу ҳақида Имом ал-Бухорий Кулайб ибн Манфаадан ушбу ҳадисни ривоят қилганлар:

Кулайб ибн Манфаа айтадиларки, «Менинг бобом Расулуллоҳ (с.а.в)дан сўраган эканлар, демак, Кулайб ибн Манфаанинг бобоси саҳоба бўлган. Сўрадиларки, «Кимга яхшилик қилай, эй Расулуллоҳ?» Расулуллоҳ (с.а.в) айтдилар: «Аввал онангга, сўнгра, отангга, кейин опа-синглингга, ака-укангга. Ва ундан сўнг навбатдаги қариндошларингга яхшилик қилгин».

Ушбу ҳадиси шарифда аввал она, сўнг ота ва кейин опа-сингил ва ака-укалар зикр қилинди. Ҳар бирининг ўз ўрни ва фазли бор. Она бошқа баъзи кўрсатмаларда 3 карра зиёда экани зикр қилинган.

Онанинг 3 марта зиёда қилинганига сабаб нима?

Ҳамаср уламоларимиздан бири марҳум доктор Мустафо Зуҳайлий ўзининг «Тафсири Мунир» деган тафсир китобида юқоридаги ояти кариманинг тафсирини шундай келтиради:

Она отадан 3 карра зиёда қилинди. Чунки 3та ишда она ёлғиз бўлган бўлади: ҳомилани кўтариш машаққатида, ҳомилани дунёга келтириш синовида ва туғилган болани 2 йилгача уйқусини бузиб эмизиш муддатида она ёлғиз бўлади.

Ота қанчалик меҳрибон бўлмасин, аёлининг ҳомиладорликдаги азобини ҳис қила олмайди. Қанчалик меҳрибон бўлиб аёли ёнида турса-да, туғруқ азобини ҳис қила олмайди. Кечалари уйғониб боласининг бешигини тебратса ҳам, у бу ишни она каби меҳр билан бажара олмайди. Онанинг шу 3та иш орқали даражаси орттирилади.

Силаи раҳмда опа-сингил ота-онадан кейин биринчи ўринда

Эътибор қаратадиган бўлсак, опа-сингиллар ҳам ака-укалардан олдинги ўринга қўйилди. Чунки опа-сингиллар доим шафқатли ва меҳрибон бўлиб келган. Буни тушунган фақиҳларимиз бир масал айтадилар:

Сингил зиёратига кетаётган ака катта буғдойзор майдоннинг орқасида синглиси яшаса, буғдойзорни айланиб боргунча вақт кетиши сабабидан ўша буғдойзорни босиб ўтиб, пайҳон қилиб бўлса-да, сингилни бориб кўришига шариатимиз рухсат берган. Бошқа ҳолатда ҳосилни пайҳон қилишга рухсат йўқ.

Ота-онаси тирик фарзанд – моли касодга учрамайдиган тижоратчи мисолидир

Бу мавзуда гап кетса, ўз ҳаётимда содир бўлган бир қисса доим ёдимга тушади. Умра зиёратига борганимда Масжидул-ҳаромдан чиқар эканман, ногиронлар аравасида ўтирган жуда нуроний отахонга кўзим тушди. У кишининг ёши кекса, соч-соқоллари оппоқ, араб миллатига мансуб эди. Мен уларнинг ёнларига бориб мени дуо қилишларини сўрадим.

Шунда у киши мендан: «Эй болам, отанг ҳаётми?» деб сўрадилар. У маҳалда раҳматли ота-онам ҳаёт эди. «Ҳа, отам бор» деб жавоб бердим. «Онанг бормилар?» деганларига ҳам ҳа деб жавоб бердим. Шунда у киши табассум билан: «Ундай бўлса, эй болам, сен катта савдогар экансан. Тижоратингга мустаҳкам бўл, мустаҳкам бўл», дедилар. Мен у кишининг пешонасидан ўпиб йўлимда давом этар эканман, қулоғимдан у одамнинг «Тижоратингга мустаҳкам бўл», деган гаплари кетмади.

Ҳа, ота-она энг катта тижоратдир. Ҳатто ҳеч қачон касод бўлмайдиган тижоратдир. Ота-онаси ҳаёт кишилар буни яхши билиши керак. Шунинг учун улар ҳаётлигида ғанимат билиб, дуоларини олишга ҳаракат қилиш керак.

Ота-онангни гўрида чирқиратма

Албатта, ота-она ўтгандан сўнг ҳам масофа узилмайди. Аллоҳ таоло ота-боланинг, она-боланинг ўртасидаги риштани шундай мустаҳкам боғлаганки, бу риштани ҳатто энг яқин кишилар – танмаҳрамлар ўртасини узадиган ўлим ҳам уза олмайди.

Ота-она ҳаёт чоғларида фарзандларидан қандай таъсирланган бўлса, руҳлари ҳам шундай таъсирланади. Фарзанднинг амали яхши бўлса, ота-она руҳи шод бўлиб, даражаси ортади. Фарзанднинг амали ёмон бўлса, ота-она руҳи озор топади ва бошқа руҳлар олдида хижолат чекади. Буни доно халқимиз азалдан шундай ифодалаган: «Отангнинг руҳини чирқиратма», «Отангни гўрида тик турғизма».

Ўйлаб кўрилса, бу – кичик бир ақида, бироқ шу кичик ақида мамлакатда жиноятчиликнинг олдини олишда катта омил бўлади. Чунки ота-онасини яхши кўрган фарзанд уларнинг руҳига озор бермаслик учун ёмонликдан қўлини тортади. Агар бу тушунча ва ақида ҳаммада бўлса, жиноятчиликнинг олдини олишда катта омил бўлади.

Ота-онасининг кўнглини оғритганлар нима қилсин?

Ота-онани Аллоҳ фарзандига ўта меҳрибон қилиб яратган. Бошқалар кечира олмайдиган жиноятни улар ҳар доим кечиришга тайёр.

Мабодо фарзандлар бехабарлик қилиб бу ғаниматни қўлдан ўтказган бўлса, улар ота-оналарининг руҳи олдида кечирим сўрашлари зарур. Ота-онасининг руҳига нисбатан яхшилик қилишса, Аллоҳ таолонинг ўзи уларни кечиради.

Жаннатга йўл фақат ота-она орқалидир

Кимнинг ота-онаси ҳаёт бўлса, қадрига етиб, яхшилик қилсин. Ота-она дуосини олган киши ҳеч қачон хор бўлмайди, ҳеч қанақа ёмонлик уларга хавф солмайди.

Аллоҳ таоло бу дунёдаги амални ҳам, ота-онага у дунёда юбориладиган солиҳ амални ҳам, албатта, қабул қилади. Ва дуо олган фарзандларнинг ҳамиша қадри баланд бўлади. Жаннатга йўл ҳам ота-она олдидан ўтади. Шунинг учун ота-оналарни ғанимат билиб, уларга яхшилик қилайлик!

Толиб Раҳматов суҳбатлашди.

Kun.uz

3332 марта ўқилди

Мақолалар

Top