Мақолалар

Карантин талабларини юмшатишни давом эттирилади!

Аллоҳ таолонинг инояти билан кўзга кўринмас душман аста секин ортга чекиниб, кундан кунга бу касалликдан соғаяётганлар сони ортиб бормоқда. Тождор вирус номини олган ушбу касаллик бутун инсоният бошига келган бир синов бўлди. Уни бартараф қилиш, аҳолини ушбу касалликдан ҳимоя қилиш бўйича мамлакатмизда ҳам ҳукуматимиз томонидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Сабр-матонат, ўзаро ҳиммат ва қўллаб қувватлаш каби олийжаноб фазилатни намоён этган халқимиз ҳам ҳукумат вакиллари ва мутахассисларнинг талабларига итоат этиб, ушбу синовдан муваффақиятли ўтишда бошқа элларга намуна бўлмоқда десак, муболаға бўлмайди.

Ушбу касаллик чекинмоқда. Аммо, бу ҳали бепарволикка берилиш дегани эмас. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан 13 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишини кўпчилигимиз кўрдик.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари йиғилиш аввалида дунёда пандемия ҳали давом этаётгани, лекин қатор давлатлар карантин чекловларини аста-секин юмшата бошлаганини қайд этди.

Дунё ҳамжамияти коронавирусга қарши вакцина ва даволайдиган дори воситаси ҳали топилмагани сабабли ушбу инфекция мавжуд бўлган шароитда яшаш ва ишлашга ўрганиш зарурлиги тўғрисида якуний хулосага келмоқда. Биз ҳам эпидемиологик вазият жиловини маҳкам ушлаган ҳолда, карантин талабларини юмшатишни бошлаганмиз ва буни босқичма-босқич давом эттирамиз.

Буни, энг аввало, иқтисодий фаолликни тиклаш орқали, аҳолининг ишлаши ва даромад олишини таъминлаш мақсадида амалга оширмоқдамиз.

Бу борада ўзимиздаги ҳақиқий аҳвол ва халқаро тажрибани кенг ўрганяпмиз. Дастлабки таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, қаерда ҳокимлар бутун масъулиятни ўзига олиб, чуқур ўйлаб, одамлар билан маслаҳатлашиб, иш олиб бораётган бўлса, ўша жойда яхши натижа бермоқда.

Лекин баъзи жойларда берилган эркинликни нотўғри тушуниб, аҳоли, айниқса, ёшлар ҳеч қандай заруратсиз кўчаларни тўлдириб юргани кузатилмоқда. Бундай ҳолатлар ҳамда охирги кунларда инфекция юқтирганлар сони яна ошаётгани ҳаммамизни ҳушёр бўлишга чақирмоқда.

Умуман, коронавирус хавфи йўқолганидан кейин ҳам халқимиз карантин пайтидаги айрим қоидаларни ўзининг одатий турмуш тарзига айлантириши керак. Жумладан, шахсий гигиенага қатъий амал қилиш, қўлни тез-тез совунлаб ювиш, дезинфекция қилиш, турли тўй-маросимларни жуда чекланган таркибда ўтказиш, юқумли касал бўлса маска тақиш одатий қоидага айланиши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мутахассисларнинг ҳам таъкидлашларича тозалик, шахсий гигиена ушбу касалликни кескин завол топишининг омилларидан бири экан. Азизлар, покликка риоя қилиш инсон, унинг соғлиги, турли хил касалликларнинг тарқамаслиги учун жуда зарур восита эканлигини Ислом дини ўн тўрт аср олдин ибодат даражасига кўтариб, уни иймоннинг ярми деб эълон қилганини унутмайлик. Балки, бу амрларга амал қилиб, ҳаммага ўрнак бўлишимимз, ўзимиз, кийим-бош, турар-жойларимиз, шаҳар-қишлоқларимиз, ҳамма тарафларимиз поклигига доимо қатъий риояда бўлишимимз Қуръони карим ва суннатга мувофиқлигини ҳам унутмайлик. Алло азза ва жалла:

«Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир» деган (Тавба сураси, 108-оят).

Шунингдек, йиғилишда коронавирус хавфи йўқолганидан кейин турли тўй-маросимларни жуда чекланган таркибда ўтказиш бўйича ҳам тавсиялар берилди. Ушбу пандемиянинг тарқалишида ҳам бир ҳикмат бордир. Шу баҳонада кўпчилик ўзларининг ҳаёт йўлини бир бор таҳлил қилишга, хатоларидан хулоса чиқариб, яхшилик хислатларни ўзлаштиришга имкон бўлгандир. Шулар қатори шу кунга қадар дабдаба, ҳашамат, исроф билан ўтган тўй-маросимларда ҳам меъёр, шариатмиз кўрсатмаларига мос тартиб жорий бўлса ажабмас.          

Йиғилишда пандемияга қарши курашиш ҳамда карантин шароитида аҳоли ва корхоналарни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Президентимиз пандемия шароитида аввалги берилган имтиёзларга қўшимча равишда тадбиркорлар ва аҳолини қўллаб-қувватлаш давом эттирилишини таъкидлади.

Йиғилишда юртимиздаги эпидемиологик вазият ҳамда ҳудудлар раҳбарларининг таклифларидан келиб чиқиб, карантин талабларини янада юмшатиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилган ҳолда хизмат кўрсатиш турларига босқичма-босқич рухсат бериш мумкинлиги белгиланди.

Республика комиссиясига пандемия қайта кучайган тақдирда вазирлик ва идоралар бажариши лозим бўлган бирламчи вазифалар белгиланган тартибни тасдиқлаш топшириғи берилди.

Шуни алоҳида такидлаш лозимки, инсон ер юзида бекорга ўринбосар қилиб яратилмаган. Унга ер юзидаги барча нарсанинг эгалиги ишониб топширилган. Бу дунёда яшар эканмиз, дунёнинг тартиб интизомларига риоя қилишимиз ва динимизнинг кўрсатмаларига тўла амал қилишимиз керак, акс ҳолда дунё ва охиратда зиёнкорга айланишимимз мумкин. Инсоннинг Ердаги ўринбосар эканлиги бу, унинг ер юзини ободонлиги ва ундаги нарсаларни муҳофаза қилишдаги масъуллиги демакдир.

Дунё ҳақида мана шундай тасаввурда бўлишгина инсонни доимо бу дунёда яхшилик қилишга ва ёмонликдан четланишга ундаб туради. Бошқа ҳар қандай тасаввур, ҳар қандай омил кутилган натижани бера олмаслиги ҳар лаҳзада тасдиқланмоқда.Аллоҳ таоло бизларга буюради:

 “Яхшилик йўлида ва тақво қилишда ёрдамчи бўлинглар, аммо гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг, Аллоҳдан қўрқинг, чунки Аллоҳнинг азоби қаттиқдир” (Моида сураси, 2-оят)

Ушбу оятдан маълум бўладики, бу дин билан Аллоҳ таоло доимо бандасининг фойдасини кўзлайди. Бу дунёда банда масрур ва масъуд яшашлиги учун бешта асосий манфаатлар муҳофаза қилинади: Банданинг диний-эътиқоди софлиги, унинг ҳаётини тинчлиги, обрўйининг ҳимояси, наслу насабининг покизалиги ва ҳалолдан молу мулкини бўлишлигига диққат қилади.

Зайниддин Эшонқулов,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

2199 марта ўқилди

Мақолалар

Top