Мақолалар

Рўза қалқондир (Танловга)

Барча Оламлар Роббиси бўлган Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва Унинг бутун Оламларга раҳмат қилиб юборган сўнгги пайғамбарига салавот ва саломлар бўлсин.

Рўза – гуноҳлар ва жаҳаннам оловидан ҳимоя қиладиган қалқондир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «... Рўза қалқондир...» (Имом Аҳмад, Имом Муслим, Имом Насоий ривояти).

 

Рўза – қиёмат куни рўзадор учун шафоатгўйдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Рўза ва Қуръон қиёмат кунида банда учун шафоат сўрайдилар. Рўза: «Роббим, мен уни таом ва майлликлардан тўсдим, менинг у ҳақидаги шафоатимни қабул қил!»- дейди. Қуръон: «Мен уни тунлари уйқудан тўсдим, менинг у ҳақидаги шафоатимни қабул қил!» - дейди. Шундан сўнг уларнинг шафоатлари қабул қилинади» (Имом Аҳмад ривояти).

 

Рўза – банданинг жаҳаннамдан узоқ бўлишига сабабдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ жаҳаннамни Аллоҳ йўлида бир қун рўза тутган банданинг юзидан етмиш аср (лик масофага) узоқ қилади» (Имом Абу Довуд ривояти).

 

Рўза сабабли рўзадор оғзидаги ҳид Аллоҳ учун мушку анбардан кўра хушбўйроқдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «... Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасам ичиб айтаманки, рўзадор оғзининг ҳиди қиёмат кунида Аллоҳ ҳузурида мушку-анбардан кўра хушбўйроқ бўлади» (Имом Бухорий, Имом Абу Довуд ривоятлари).

 

Рўзадорлар жаннатга Райён давозасидан кирадилар.

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Жаннатнинг Райён номли дарвозаси бор. Қиёмат куни: «Рўзадорлар қаерда?» дейилади ва улар кирганларидан сўнг Райён дарвозаси ёпилади» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривоятлари).

 

Рўза – гуноҳларга каффоротдир. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Беш вақт намоз, жума (намози қелгуси) жумагача, рамазон (қелгуси рамазонга қадар ўрталарида (содир бўлган) катта гуноҳлардан бошқа (кичик) гуноҳлар учун қаффоротдир» (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Рамазон рўзасини иймон ва савоб умидида тутган одамнинг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Аҳмад ривояти).

Фаришталар рўзадор учун ифтор пайтига қадар Аллоҳдан мағфират сўрайдилар. Рамазон ойининг сўнгги қунида рўзадорлар мағфират қилинади.

Аллоҳ таоло мана шундай кунларда барчамизнинг қилаётган тоат-ибодатларимизни, яхшиликларимизни ва савобли амалларимизни Ўзи дарҳогида ҳусни қабул айласин.

Ҳайтмурат ЕРЕЖЕПОВ,

Имом Бухорий номидаги

Тошкент ислом институти 2-босқич талабаси.

 

 

2541 марта ўқилди

Мақолалар

Top