Мақолалар

Бандалигимизни унутмайлик!

Муносабат

2020 йил бутун дунё халқлари учун ғоят синовли давр бўляпти. Барча бир бўлиб мудҳиш иллат – коронавирусга қарши кураш олиб бормоқда. Лекин, шунга қарамай, бу ўлат ҳали-ҳануз тарқалишда давом этяпти. 16 май, соат 06:00 ҳолатига кўра, дунё миқёсида 4 миллион 600 минг нафардан ортиқ кишида инфекция аниқланган. Вафот этганлар сони эса 308 мингдан ошиб кетди.

Бу рақамлар ҳар биримизни янада ҳушёрликка чақириб, гигиенага қоидаларига қатъий риоя этиб, карантин талабларини бузмасликка ундаши керак.

Жорий йил 13 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда муҳтарам Юртбошимиз: “Коронавирус хавфи йўқолганидан кейин ҳам халқимиз карантин пайтидаги айрим қоидаларни ўзининг одатий турмуш тарзига айлантириш керак. Жумладан, шахсий гигиенага қатъий амал қилиш, қўлни тез-тез совунлаб ювиш, дезинфекция қилиш, турли тўй-маросимларни жуда чекланган тартибда ўтказиш одатий қоидага айланиши зарур”, деб таъкидладилар.

Дарҳақиқат, тан олиб айтиш жоизки, биз ўзимизни, ўзлигимизни унутиб қўйган эдик. Динимиз таълимотига, маънавиятимиз кўрсатмаларига риоя қилишда сусткашликларга йўл қўйдик. Тўй-ҳашамлар, оилавий танталарда очиқчасига “кимўзар”га (!) киришиб кетдик. Исрофга ружу қўйдик.

Фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига сарфлаш зарур бўлган маблағларни тўй қиламан деб бир кунда кўкка совурдик. Афсуски, бундай ишларга қурби етган ҳам, етмаган ҳам киришиб кетди. Оқибатда айримлар бир умр қарз тўлашни зиммасига олди.

Бежиз маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Бечора косибнинг аъмоли тўйдур. Ўзи роҳат юзи кўрмайдур. Кеча-кундузки 18, балки 20 соатни меҳнатға ўткаратурғон косибларимиз бордур. Ҳаққинча емайдур, киймайдур. Ўн ва йигирма саналар меҳнат ва машаққат этар ва худодан ўғил тилар, тўй қилмоқ учун. Ана, бечоранинг аъмоли. Йигирма саналик меҳнати уч кун тўйда тамом. Тўй мусрифи учун қарз эгаларидан қочадур. Катта тўй қилиб хотун олғон бир қисм бечораларни ҳолиға йиғламоқ керак. Уч кунлик тўйни азоси баъзи оилаларда ўн йил, ҳатто, бир умр сурар, балки беватан ва хонавайронликға сабаб бўлур...

...Тўю маъракаға сарф қилинатурғон оқчани эски мадраса ва мозору масжид ҳамда мактабларни шикаст-рехтлариға сарф қилинсун. Тўй ва маърака оқчасидан болалар ҳукумат мактабларига берилсун ва бу оқчадан талабаларни Макка, Мадина, Миср, Истанбулға ва Русия дорилфунун ва дорулсаноатлариға юборилиб, диний ва дунёвий ва замоний одамлар етишдурмоқға саъй қилинсун”, деб куйиб-пишмаган эди.

Таъбир жоиз кўрилса, коронавирус бошимизга гурзидек “урилмагунича” кўзимизни очмадик. Умр бўйи йиғган маблағларимиздан закот, ушр беришни унутиб қўйдик. Эҳсонларга, тўйларга очлар четда қолиб, тўқларни таклиф этдик. Бунинг оқибатида риё, сумъа каби иллатлар урчиди. Бу дунёда яшашдан мақсад фақат тўй қилиш экани, афсуски, онгуу шууримизга сингиб қолди.

Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида бежиз карантин тугагандан кейин ҳам тўй-маросимларни жуда чекланган ҳолда ўтказиш зарурлигини таъкидламадилар. Ахир, динимиз таълимотида ҳам дабдаба билан тўй қилиш қаттиқ ва қатъий қораланади.

Ҳар сўз ва ҳар ишда бизларга ибрат бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай тўй қилганлари ҳақида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар билан Мадина орасида уч (кун) турдилар ва Сафия бинти Ҳуяй (розияллоҳу анҳо)га уйландилар. Мен мусулмонларни валимага таклиф қилиб келдим. Унда нон ҳам, гўшт ҳам йўқ эди. У зот тери дастурхонларини ёзишга амр қилдилар. Уларнинг устига хурмо, қурут ва сариёғ ташланди. У зотнинг валималари шундан иборат эди” (Имом Бухорий ривояти).

Тарихга назар солинса, ўтган умматларга ёғилган бало-офатлар уларнинг туғёнга кетиши туфайли содир бўлган. Худди шундай биз ҳам Буюк Яратувчини эсламай қўйдик. Ўзлигингиздан, инсонийлигингиздан юз ўгирдик. Қадриятларимизни беқадр қилдик. Берилган неъматларимни суиистеъмол қилдик.

Ҳеч бир нарса бесабаб, беҳикмат бўлмайди, албатта. Аллоҳ таоло бу балони юбориб, бандалари унутиб қўйган сабр, меҳр-оқибат, қаноат, тинчликни асраш, хотиржамликнинг қадрига етиш, соғлик бебаҳо неъмат эканини тафаккур қилиш, хуллас, одамга одамийликдан сабоқ бермоқда.

Бугун ҳаммамиз уйдамиз. Бани башар уйда ўтириб ўйга толгач, мутахассисларнинг айтишича, сайёрамиз экологияси анча тозаланибди. Шояд уйда ўтириб сабрга, итоатга, қаноатга ўргансак, олдинги қилмишларимиздан хулоса чиқарсак, қалбларимиз ҳам атмосфера каби тозаланса.

Мен 2020 йилни саодат асрида бўлган “маҳзунлик” йилига қиёслагим келди. Ўша йили Набий алайҳиссаломнинг ҳимоячилари бўлган икки буюк шахс Хадича розияллоҳу анҳо ва Абу Толиб оламдан ўтди. Абу Толиб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни, асосан, жисмоний ва сиёсий зўравонлик, тажовузкорлик ҳамда зулму ситамлардан ҳимоя қилган бўлса, Хадича онамиз у зотни маънавий, руҳий ва иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлади.

Ўша йили Аллоҳ таоло ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўнгилларини кўтариш, умидларини узмаслик мақсадида ҳузурига чорлади: Исро ва Меърож воқеаси содир бўлди. Яъни: «Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир»лиги илоҳий тақдир билан исботланди (Шарҳ сураси, 5–6-оятлар).

Асрлар давомида не-не машаққатларни, турли синовларни енгиб ўтган донишманд халқимиз, албатта, бу балодан ҳам эсон-омон, бағрибутунликда чиқиб олади, насиб этса. Буюк Раббимиз худди халили Иброҳим алайҳиссаломни ўтда, жамили Юсуф алайҳиссаломни қудуқда, калими Мусо алайҳиссаломни денгизда ва Юнус алайҳиссаломни балиқ қорнида асрагани каби бизни ҳам коронавирусдан асрагай, иншоаллоҳ! Энг муҳими, карантин тугугандан кейин эски одатларимизга қайтмасак бўлгани. Ана шуни унутмаслик зарур.

 

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

2300 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Бири иккинчисиз бўлмас ЁРУҒ КУНЛАР ОЛДИНДА »

Мақолалар

Top