Мақолалар

Мусибатнинг келиши ҳам, кетиши ҳам  синовдир

 МУСИБАТНИНГ КЕЛИШИ ҲАМ, КЕТИШИ ҲАМ СИНОВДИР

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ таолога ҳамд ва санолар, пайғамбаримиз Муҳаммадга дуруд ва саломларимиз, ул зотнинг оила аҳллари ва саҳобаларига Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мағфирати бўлсин!

Дунёнинг барча давлатларида тарқаган СОVID-19—Коронавирус пандемияси сабабли дунё ўз қиёфасини ўзгартирди. Чегаралар ёпилди, ўзаро муносабатлар савдо-сотиқ, олди-берди, нафақат хориж, балки қўшни вилоятга ҳам бориш, ишхонада жамоа бўлиб ишлаш, жамоат намози учун масжидларга бориш, жумъа, таровеҳ ва ҳайит намозларини жамоат билан адо этиш, аҳли-оила, фарзандлар билан бахорнинг гўзал палласида сайр ва зиёратларга чиқиш, умра зиёратига бориш ва шунга ўхшаш нарсалар кишиларнинг орзусига айланди.   

Юмушлари сабабли фарзанди-оиласи учун “вақти етмаётган” ота-оналар, хайрли ишларни бошлашга, Аллоҳнинг амрига итоат қилиб, шайтоний йўлдан қайтишга “ҳали вақти келмаганини” рўкач қилаётган бепарволар,  арзимаган нарсалар учун ака укаси ва жигарлари холидан хабар олишни пайсалга солаётган “туғишганлар” ҳамда улардан бошқалар ҳам, қилиб турган ишлари бу ўткинчи дунёдаги арзимас баҳоналар эканини англашларига туртки бўлди.

Баъзан ҳол тили билан қилинган насиҳат, забон тили билан қилинган насиҳатдан кучлироқ ва тасирлироқ бўлади.  СОVID-19—Коронавирус пандемияси, инсоният учун ҳол тили билан қилинган насиҳат бўлди. Аллоҳ таоло инсониятни бу дунёга ўринбосар ўлароқ яратар экан, дунёдаги барча нарсани, таъкидлаб айтаман барча-барча нарсани инсон учун яратди ва унинг учун буйсундириб қўйди.

Ҳақиқатдан, хилқат жиҳатидан кўзимизга ҳақир кўринган, аслида эса ўз жисмига нисбатан бир неча баробар юкни кўтара оладиган, одамдан фарқли ўлароқ оёқларини шифтга қўйиб юра оладиган чумолидан ҳам заиф яратилган инсон учун, Меҳрибон Яратувчимиз барча нарсани мусаххар қилиб берди.

Ер остидаги лойхўрак жонзоддан тортиб, денгиз қаъридаги балиққача, ердаги наботот, ҳайвонот, паррандадан тортиб, шамол, булут ёмғирларгача, коинотдаги қуёш, ой, юлдузлардан тортиб, дунё осмонига шифт-ҳимоя бўлиб турган атмосфера, озон қатламигача, барчаси инсониятга хизмат қилади.

Нима учун? Аллоҳ таоло бизларга шунчалар муҳтожми? Ёки бизлар Аллоҳ таолога фаришталарданда кўпроқ итоатли ва ибодатлимизми? Ёки биз бўлмасак, дунёни иши тўхтаб қоладими? Унда нима учун?!

Аниқ жавобни барчамиз топишимиз мумкин. Инсон, Аллоҳ, уни яратишида берган ақл-идрокини, онг-тафаккурини озгина ишлатиши билан бунга эриша олади. Фақат биздан талаб қилингани озгина тафаккур, ўз ҳолимизга назар ва борлиқ билан муқояса холос.

Бир оз олдин интернет саҳифаларида кўрганим бир сурат эътиборимни тортди. Унда космосдан олинган ер шарининг иккита сурати бўлиб, уларнинг бирининг тагига “дунёга келишимдан олдинги ернинг ҳолати” ва иккинчисининг тагига “дунёдан ўтганимдан кейин, ернинг ҳолати”, деб ёзиб қўйилганди.

Ўйланиб қолдим. Инсон ўзини ернинг ҳокимидек тутади. Гўёки у бўлмаса, ишлар юришмай қолади ва у ўзини ҳар бир нарсага бевосита таъсирини ўтказадиган муҳим шахсдек тутишга ҳаракат қилади. Ўзига омонат тарзида берилган мол-давлат, мансаб-мартаба, сихат-саломатлик, обрў-эътибор, шону-шавкатдан, Яратганнинг изни бўлмаса, ичган бир пиёла сувини ҳам чиқаришга қодир бўлмаган  Аллоҳнинг заиф бандаси сифатида эмас, балки қудратли “инсон” сифатида суйистеъмол қилади. Манманлик қилиб, кибр-ҳавога берилади, инсонларни оёқ ости қилиб, жабр-зулмга берилади. Суратга қарар эканман, биринчи суратда ҳам, иккинчи суратда ҳам бизнинг ерда бор эканимиз ҳам, йўқлигимиз ҳам ёки ернинг ўзгаргани ҳам билинмаслиги, юқоридаги нарсаларнинг барчаси нисбий нарсалар экани, мулк Аллоҳнинг қўлида ва уни қандай хохласа шундай тасарруф қилишига яна бир бора амин бўлдим.

Бироқ, яхши англаб етишимиз лозимки, Аллоҳ бизларни ер юзида яхшилик ва адолат билан, Ўзининг буйруқларини амалга оширадиган, зулм, жаҳолат, фисқ-фасод ва адолатсизликка қарши курашадиган ўринбосари  қилиб танлаб, Ўзининг фазли билан бизларни “ҳазрати инсон” қилди. Коинотдаги нафақат ер ва ундаги нарсалар, балки ундан катта бўлган жисмларни ҳам бизларнинг манфаатларимиз учун яратиб қўйди. Ҳазрати инсондан эса, бор йўқ талаб қилинган нарса, Яратувчини таниб, Унга шукр қилишлик ва ер юзини фасодга тўлдирмасдан яхшилик ила обод қилишлик бўлди.

Маълумки, Аллоҳ таоло бандаларини икки йўл билан имтихон қилади. Уларнинг бири мусийбат ва иккинчиси неъмат. Аслида биз, буларнинг иккинчиси имтиҳон эканини унутиб қўямиз. Ҳақиқатда эса, мусийбатдаги имтиҳондан кўра, неъмат билан бўлган имтиҳондан ўтиб олиш қийинроқдир.

Яқин кунларда Аллоҳ таоло бутун инсониятни, олимлар эътирофи билан айтганда жуда ҳам кичкина, заиф бир верус билан имтиҳон қилди ва Ўзининг “Бўл, деса бас, бўлади”, амрини намоён қилди. Бу ҳақда ўйлар эканман, бу верусни мусийбат эмас, балки Аллоҳ таолонинг инсониятга яна бир бора шафқати деб билдим.

Нима учун шафқати? Ахир инсонлар бундан азият кўрдиларку?, дерсиз. Тўғри. Уйлаб кўринг, борлиқ Аллоҳнинг мулки. Уни ҳеч кимдан сўрамасдан яратган ва ҳеч кимдан сўрамасдан тасарруф қилади. Буни ҳар бир, Аллоҳга имони бор банда билади. Тарихга назар солайлик. Аллоҳ уларни қандай мусийбатлар билан синаганига гувоҳ бўламиз. Нуҳ (ас) ва Лут (ас) қавми, Од ва Самуд қавми, Абраҳа ва унинг аскарларининг холига қаранг. Уларга нима бўлган?!

Аллоҳ сақласин, агар синов, тош ёмғири, зилзила, олов ёки сув балоси билан бўлганда нима бўларди?! Аллоҳнинг иродасига ким қарши тура оларди?! Энди эса, синовдан олдинги неъматга ғарқ бўлган холимизни тафаккур қилайлик. Мен, “фалон давлатда бундай бузуқлик, писмадон жойда бундай жабр-зулм”, демоқчи эмасман. Булар ҳақиқатда содир бўлди. Лекин хозир, уларнинг барчасини бир ёнга қўйиб, ўзим ва яқинларимдан нима камчилик ўтганини мушоҳада қилишимизни ва қилган хато камчиликлармиз учун истиғфор айтиб, уларни тўғрилашни истар эдим. Чунки нафс, доимо ўзини ҳақ ва тўғриман деб билади.

Зеро, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси ва илоҳий ҳикматига кўра воқеъ бўлади. Ишларимизни бир маромда давом этиши ва ризқимизни кенг бўлиши омили, Аллоҳга бўлган мустаҳкам ишонч, тақво ва таваккулдир. Бунга далолат қилувчи ояти карималар Қуръони Каримда бир неча ўринларда зикр қилинган, жумладан:

وَمَنْ يَتَّقِ اللَّهَ يَجْعَلْ لَهُ مَخْرَجًا (2) وَيَرْزُقْهُ مِنْ حَيْثُ لَا يَحْتَسِبُ وَمَنْ يَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ فَهُوَ حَسْبُهُ (3)

“Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир”.[1]

Инсон ўзлигини яъни, “ҳазрати инсон” эканлигини йўқотмас экан, унинг ҳаёти фаровонлик сари давом этаверади. Қачонки ундан нонкўрлик, ношукрлик содир бўлса, Меҳрибон Аллоҳ таоло уларни тўғри йўлга қайтариш учун турли синовларга рўбарў қилади.

Аслида бу каби синовлар, гарчи зоҳирда ёмон кўринсада, унинг ортида кўплаб яхшилик яширинган бўлиши мумкин. Том маънода, юртимизга келган СОVID-19—Коронавирус пандемияси, Бухородаги шамол ва Сирдарёдаги тошқин ҳодисаси бизларни гарчи зоҳирда узоқлаштирган бўлсада, лекин қалбан яқинлаштирди. Барча Ўзбекистон аҳолиси бу мусийбатларни қалбан ҳис қилди ва ундан қутилиш чораларида бирдек иштирок этди.

Ҳукумат томонидан бу синовларни бартараф этиш учун катта миқдорда маблағлар йўналтирилди. Бу синовлардан ўтиб олиш учун фидоий халқимиз, шифокорлар, ички ишлар ходимлари, ҳомийлар ва диний соҳа вакиллари жонбозлик кўрсатганлари таҳсинга лойиқ. Хали хануз халқимиз томонидан ёрдам карвонлари тўхтагани йўқ. Бундай халқни вакили бўлиш ва бундай халқни ичида яшаш шараф эканини барчамиз анлашимиз керак. Зеро, биз ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч ҳолда тонг оттирадиган миллат эмасмиз, Алҳамдулиллаҳ!

Дунё бўйича бу пандемияга хали-хануз вакцина топилмаган. Аммо, қилинган хайрли ишлар, қурбонликлар, хатми Қуръонлар, саловатлар ва дуолар шарофатидан, Аллоҳ таоло беморларимизга шифо берди ва уларнинг кўплари соғайиб кетишди. Шу муносабат билан юртимизнинг баъзи вилоят ва туманларига карантин юмшатилди. Бироқ, масаланинг иккинчи афсусланарли жойи шундаги, баъзи юртдошларимиз бу юмшатишни нотўғри тушиниб ёки умуман менсимасдан суистемол қилишди.

Шунинг учун ҳам эслатиб ўтмоқчиманки, агар бандага бир мусийбат келадиган бўлса, кўп ҳолларда бунга унинг ўзи сабабчи бўлади. Аллоҳ таоло бу  ҳақда шундай деган:

وَمَا أَصَابَكُمْ مِنْ مُصِيبَةٍ فَبِمَا كَسَبَتْ أَيْدِيكُمْ وَيَعْفُو عَنْ كَثِيرٍ (30)

(Эй, инсонлар!) Сизларга не мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳ) сабаблидир. Яна У кўп (гуноҳлар)ни афв этиб турур.[2] 

Демак, мусийбатнинг сабабларини ўзимиздан изламоғимиз мақсадга мувофиқ экан. Алҳамдулиллаҳ, юртимиздаги ислоҳотлар, хайрли ишлар, дуо ва истиғфорлар, халқимизнинг бағри кенглиги ва ёшларимиз ичидан кўплаб Аллоҳдан қўрқадиган ва ибодатлик, ота-онасини ҳурмат қиладиган, илмга чанқоқ, меҳнатга рағбатли, эсли, хушли авлод вакиллари етишиб чиқаётган бўлсада, бошимизга келган бу мусийбат нега тамомила кўтарилиб кетмаётгани ҳақида уйлаб қоламан. Бунинг ҳикмати нима экан?!

Куни кеча Рамазоннинг охирги яъни, хар бир тоқ кунида қадр кечаси яширинган ўн кунлиги, таровеҳ намозидан сўнг телевизорни қўйсам, “25-соат” кўрсатувида, юртимиздаги қоида бузарлар ва жиноятчиларни кўрсатаётган экан. Бу кўрсатувда кўрганларим, юқоридаги саволимга жавоб бўлди деб ўйладим ва шу мақолани ёзишга жазм қилдим.

Унда “Ёши олтмиш тўртга кирган, соқоли оппоқ “отахон” ўз уйида қирқ минг сўм эвазига бегона эркак ва аёлга жой бериб, қўшмачилик қилаётгани ҳақида” ички ишлар ходимлари навбатдаги рейдларини кўрсатаётган эди.

Ундан сўнг Тошкент шахар Чилонзор туманида ярим оқшомда шахарда дайдиб юрган аёллар ички ишлар ходимлари томонидан ушланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштириш учун олиб келингани ва шу мавзейда яшайдиган онахон эса, уларнинг дастидан тинчлик бўлмаслиги, хатто улар нимани гаплашаётгани ҳам эшитилиб туриши ва бунинг ёшларнинг тарбиясига салбий таъсири ҳақида куйиниб гапирдилар. Кўрсатувни охири нима бўлар экан дея кузатиб турдим. Тартиб бузарларга бир миллион бир юз эллик минг сўм атрофида моддий жарима белгиланди ва кўрсатув ниҳоясига етди.

Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани илоҳий ҳикмат билан яратган. Агар инсон касал бўлса, унинг ҳарорати кўтарилади. Мана шу ҳарорат инсондаги барча зарарли касаллик аломатлари куйдириб, еб битиради. Шундан сўнггина ҳарорат тушиб, киши нормал ҳаётга қайтади.

Муборак Рамазон, Аллоҳнинг раҳмати, мағфирати тўлиб тошган, шайтонлар кишанланган бу ойда, бўлиб ҳам устимизда шундай синовлар келиб, ҳар куни бу офатни даф қилиши учун миллионлаб халқимиз Аллоҳга ёлбориб, дуолар қилиб турган чоғда, хаттоки Мисрдаги Инсоний биродарлар бирлашмаси Динлараро Олий қўмитаси барча дин вакилларини 14 май куни Рамазон рўзасини тутишни таклиф қилиб, бу таклифини қўллаб-қувватлаб, Рим папаси Франциск католиклар ва барча динларга мансуб одамларни Рамазонда бир кун рўза тутишга ва пандемияга барҳам бериш учун Худога дуо қилишга чақириб турган вақтда, ёши бир жойга, оёғи эса қабр лабига бориб қолган кимсанинг қўшмачилик қилиши, паспортида “Ўзбекистон” ёзуви бор аёлларни “харидор” излаб, карантинлигига ҳам қарамасдан ярим кечаси изғиб юриши ва уларнинг касри ёшларимизга, нафақат ёшлар балки барчамизга уриши ҳақидаги ўйлар мени жуда махзун қилди ва ғазабимни келтирди.

Бу ҳам касаллик аломати. Уларга қандайдир моддий чора кўрмасдан, балки жиддий қонуний чораларни қўллаш вақти келгандир. Балки, устимиздаги бу мусийбатни даф бўлиши сабабини Аллоҳ таоло ўзимизга қолдиргандир. Халқимиз бир томон бўлса-ю, бу каби нобакорлар бир томон бўлса, на худодан қўрқса ва на халқдан уялса...

Бу мусийбат халқимизни янада бирлаштирди. Энди эса, бу каби разил, ярамас иллатларни таг-томири билан қўпориб ташлашда ҳам халқимиз ва ҳукуматимиз керакли қарорларни чиқаришига умид қиламиз. Таъкидлаб айтишни истардимки моддий чора улар учун чора бўлмаслиги керак. Чунки бундай пасткаш инсонлар, жамиятнинг кесиб ташламаса бўлмайдиган “қора сон” касаллигидир. Шунча йиллардан бери уни даволаш учун “моддий чора” қўллангани етарли бўлмади. Бу услуб ўзини оқламади.

Халқимиз ва жамиятимиз манфаатлари учун, қонун чиқарувчи органларимиз керакли қонунларни қабул қилиш вақти етди чамамда. Чунки бир жойда мункар иш содир бўлса-ю, унга етарлича аҳамият берилмаса, уни олди олинмаса, пировардида гуноҳкорга қўшилиб бегуноҳлар ҳам зарар кўриши шубҳасиз.

Хулоса ўрнида барчамиз огоҳ ва сергакликни қўлдан бермасликка тарғиб қилган ҳолда,  қуйидаги ҳадиси шарифни келтириб ўтишни мақсадга мувофиқ деб билдим:

عن النعمان بن بشير رضي الله عنهما يقول: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "مَثَلُ الْقَائِمِ عَلَى حُدُودِ اللَّهِ وَالْوَاقِعِ فِيهَا كَمَثَلِ قَوْمٍ اسْتَهَمُوا عَلَى سَفِينَةٍ فَأَصَابَ بَعْضُهُمْ أَعْلَاهَا وَبَعْضُهُمْ أَسْفَلَهَا فَكَانَ الَّذِينَ فِي أَسْفَلِهَا إِذَا اسْتَقَوْا مِنْ الْمَاءِ مَرُّوا عَلَى مَنْ فَوْقَهُمْ فَقَالُوا لَوْ أَنَّا خَرَقْنَا فِي نَصِيبِنَا خَرْقًا وَلَمْ نُؤْذِ مَنْ فَوْقَنَا فَإِنْ يَتْرُكُوهُمْ وَمَا أَرَادُوا هَلَكُوا جَمِيعًا وَإِنْ أَخَذُوا عَلَى أَيْدِيهِمْ نَجَوْا وَنَجَوْا جَمِيعًا"

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилиб дедилар: “Аллоҳнинг чегарисида (яъни, ундан ўтиш мумкин бўлмаган ҳудудда) қоим турган киши ва у чегарани бузиб ўтувчининг мисоли, худди ўзаро қуръа ташлаб бир кемани шерикчиликка ижарага олган қавмга ўхшайди. Шунда уларнинг баъзисига кеманинг юқорисидан ва баъзиларига пастидан жой тегади. (Кеманинг) пастидан жой олган кишилар, агар сув олмоқчи бўлсалар, юқоридагилар ҳузурига чиқардилар. Шунда (пастдагилар ўзларича): “Агар биз ўзимиз учун (керакли сувни) тешиб чиқариб олсак, устимиздагиларни азиятга қўймаган бўлардик”, дейишди. Бас, агар уларни қилмоқчи бўлган нарсаларига қўйиб берсалар, барчалари ҳалок бўладилар. Агар қўлларидагини (кемани тешмоқчи бўлган нарсани) олсалар, ўзлари ҳам улар ҳам барчалари нажот топадилар”.[3]

Аллоҳ таоло юртимиз ва бутун дунёдан бу касалликни кўтарсин. Бунинг ортидан битмас туганмас яхшиликларни ато этсин. Жаннатмакон юртимиз кишиларини ҳам, жаннатмонанд имон-эътиқодли, покиза, яхшиликка шукр қиладиган, ёмонликни ўз вақтида тўхтата оладиган ҳиммати баланд, зийрак ва шижоатли бандаларидан қилсин! Ва охиру даъвана анил ҳамдулиллаҳи Роббил аламийн!

 Олимхон Юсупов,

Ҳадис илми мактаби ректори

 

[1] Талоқ сураси 2-3-оятлар.

[2] Шўро сураси 30-оят.

[3] Имом Бухорий ривояти.

2939 марта ўқилди

Мақолалар

Top