Мақолалар

Абу Қалобанинг сабри қиссаси

Иброҳим исмли бир киши саҳрода кетаётиб, йўлдан адашиб қолди ва эски бир чодир олдига бориб тўхтади. Чодир ичига назар солиб қараса икки қўли кесилган, кўзи кўр, атрофида бирор киши ҳам йўқ, ёлғиз бир кекса киши хотиржам ўтирган ва  тинмасдан бир гапни минғирлаб айтаётган эди. Эшитиш учун унга яқинроқ борди, у: “Кўпчилик инсонлардан мени ортиқ фазилатли қилган Аллоҳга ҳамд-сано бўлсин, кўпчилик инсонлардан мени ортиқ фазилатли қилган Аллоҳга ҳамд-сано бўлсин!”, дер эди. Қўлларидан ажралган, кўзлари сўқир, ёлғиз бирор ишга ярамайдиган, атрофида на фарзанду аёли, на бирор хизматчи ҳам йўқ кишини бу сўзларни айтаётгани кўриб ажабланиб қолди. Унга янада яқинроқ борди. Кекса киши унинг ҳаракатини сезиб, бир оз жим туриб, “Ким? Ким у?”, деди. У: “Ассаламу алайкум! Мен йўлдан адашган мусофирман. Чодирингиз олдида тўхтадим. Ўзингиз ким бўласиз? Нима учун бу ерда ёлғиз ўтирибсиз? Аҳли оилангиз қани? Фарзанларингиз қаерда? Яқинларингиз борми?”, деди. Чол: “Мен бир бемор, касал одамман. Шу дардим туфайли одамлар мени ўзларидан узоқлаштирди. Оиламни ҳам деярли барчаси вафот этиб кетди.”, деди. Иброҳим: “Сизни ҳадеб “Кўпчилик инсонлардан мени ортиқ фазилатли қилган Аллоҳга ҳамд-сано бўлсин”, деганингизни эшитдим. Сизни аҳволингизни кўриб турибман. Аллоҳ сизни турли синовлар билан синабди. Бошқалардан ортиқча фазлингиз нимада?! Қўлингиз кесилган, кўзингиз ожиз, ҳеч кимингиз йўқ!”, деди. У: “Майли, бўлган вақеаларни, бир ишимни бажаришга рози бўлсанг, сенга гапириб бераман”, деди. Йигит: “Ҳожатингиз бўлса айтинг, бажараман”, деди. У киши: “Сен мени турли хил мусибатларга дучор бўлган деб ўйлаяпсан, тўғрими! Лекин, шундай бўлса ҳам бот-бот: “Кўпчилик инсонлардан мени ортиқ фазилатли қилган Аллоҳга ҳамд-сано бўлсин”, деб Аллоҳга розилигимни билдираяпман. Чунки Аллоҳ менга фаҳмлайдиган, фикрлайдиган ақл бермадими? Қанчадан қанча одамлар борки у ақлдан мосуводир. “Кўпчилик инсонлардан мени ортиқ фазилатли қилган Аллоҳга ҳамд-сано бўлсин”, дейманки, Аллоҳ менга эшитиш неъматини ато этган, унинг воситасида намозга, нажотга чақирилаётган азонни эшитаман, гапларни англайман, атрофимда бўлаётган нарсаларни билиб тураман. Мана шундай бахтдан маҳрум, бирор нарсани эшитмайдиган Ер юзида қанча кар одамлар бор?, деди. Иброҳим: “Албатта, кўп”, деди. Шундан сўнг чол гапини давом эттириб: “Ҳа, мени мана шу кабилардан ортиқ фазилатли қилган Аллоҳга ҳамд-сано бўлсин! Аллоҳ менга баён қилувчи тил бермадими?!. У билан Раббимни зикр қилиб, ҳожатимни Унга айтаман. Қанчадан қанча гунглар бор. Бир оғиз сўз айтишга ҳам қодир эмас”, деди. Йигит: “Тўғри”, деди. У яна: “Кўпчилик инсонлардан мени ортиқ фазилатли қилган Аллоҳга ҳамд-сано бўлсин! Аллоҳ менга мусулмон бўлишдек улуғ неъматни ато этди-ку! Раббимга ибодат қиламан, бу мусибатларга сабр қиламан, Ундан савоб умид қиламан! Қанча одамлар борки улар бут-санамларга сиғинадилар ва шу ишларидан ўзлари рози бўладилар. Шубҳасиз улар дунё ва охиратни бой берганлардир!, деди. Иброҳим: “Ҳа, тўғри”, деб тасдиқлади. Бу кекса Аллоҳ унга берган неъматларни санашда давом этар, у эса унинг имонини қуввати, ишончини кучлилиги, Аллоҳ берган ҳар қандай нарсага розилик туйғусидан хайрати ошиб борарди. Ҳа, азизлар, бу кекса кишидан бошқа қанча дардман инсонлар бор. Агар соғлом одамга унинг бошига тушган синовнинг ақалли, тўртдан бирини берилса борми, кўзи ёхуд эшитиш қобилияти ёки бирор аъзосидан ажралса, ёки мана шу каби беморларни кўрса, уларнинг шикояти ва йиғиларини эшитсагина соғлигининг нақадар буюк неъмат эканини англаб етади. Бу одамнинг сабри ва ишончини бутун умматга тақсимласа, ҳаммасига етади. Шу каби фикрлар Иброҳимни узоқларга етаклар кетди. Кекса отахоннинг “Ҳа, болам сенга нима бўлди? Ҳожатимни айтаверайми? Бажрасанми?”, деган сўзигина унинг ҳаёлини бўлиб, ўзига келтириб қўйди. У: “Ҳа, албатта, айтинг, нима ҳожатингиз бор?”, деди. У бошини озгина эгиб, бир зумдан сўнг унга қараб: “Оиламдан мен билан фақат битта ўғлим қолди. Ўғлимнинг ёши ўн тўртда. Шу бола мени овқатлантиради, таҳорат олдиради, хуллас нима хизматим бўлса адо этади. Кеча менга егулик топиб келаман деб, чиқиб кетган эди. Ҳалигача келмади. Билмадим тирикмикан кутсам, ёки вафот этдимикан. Мени аҳволимни ўзинг кўриб турибсан. Кўзим кўр бир кексаман. Боламни излашга қодир эмасман. Сендан илтимос, ўғлимни қидириб топ”, деди. Иброҳим у боланинг кўриниши сўраб, билиб олди ва у билан хайрлашиб ташқарига чиқди. Аммо у болани қаердан қидиришни, қайси томонга юришни билмасди. Бирор киши учраб қолса, ундан сўрарман, деган илинж билан йўлга тушди. Чодирдан узоқлашмасдан, бир тепалик устида қарғалар галаси уймаланиб турганига кўзи тушди. Қарғалар одатда бирор ўлимтик ёки жасад устида шундай тўпланишарди. Ўша томонга яқинлашиб, қушларни ҳайдай бошлади. Қараса, бўри хужумидан танаси парча-парча бўлиб, ундан қолганини қушлар баҳам кўришаётган одам жасадиган кўзи тушди. Айрим сифатлари у излашга чиққан болага тегишли эди. Иброҳимнинг вужудини маҳзунлик эгиб қўйди. Боладан ҳам кўра унинг кекса отасига кўпроқ ачинарди. У шундан сўнг  кўрганларини бориб, кекса отахонга айтиш ёки ўзини ёлғиз қолдириб кетишини билмай иккиланиб, ўзига-ўзи: “Энди бу хабарни отасига қандай айтаман? Биттаю битта қаровчисидан айрилган кекса отанинг тақдири энди нима бўлади?”, дерди. Бу каби саволларга қандай жавоб беришни билмай, охири бир қарорга келди ва кексанинг ҳузурига борди. Қараса отахон боягидан ҳам кўра синиқ, ҳорган ҳолда ўтирар эди. Гапни нимадан бошласам деб, хотирасига Аюб (алайҳиссалом)нинг қиссаси келди. Унга салом берар экан, фарзанди ҳақидаги хабарни эшитишга қанчалик интиқ экани билиниб турарди. Йигит унга: “Айтингчи, Аллоҳ таолога сиз маҳбуброқмисиз ёки Аюб (алайҳиссалом)ми?”, деди. У: “Аюб (алайҳиссалом) маҳбубдир”, деди. Яна: “Иккингиздан қай бирингизнинг синовингиз каттароқ, сизними ёки Аюб (алайҳиссалом)никими?”, дедим. У: “Албатта, Аюб (алайҳиссалом)ники”, деди. Йигит яна: “Ундай бўлса, фарзандингиз сабаб Аллоҳдан савоб умид қилинг. Мен уни тоғ этагида ўлик ҳолатда топдим. Уни бўри ғажиб кетибди”, деди. Бечора отанинг кўзи намланиб, “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини такрорларди. Унинг бу аҳволидан қаттиқ ташваишга тушган Иброҳим сабр қилиб турди. Кекса отахон аста-секин ҳириллаган овоз чиқариб, кўз олдида жон таслим қилди. Уни ўзи устида ўтирган ёпинчиқ билан ўраб, уни дафн этишда ёрдам берадиган одам ахтариш учун чодирдан чиқди. Узоқдан уловга минган уч кишини кўриб, уларни чақира бошлади. Йўловчилар унинг одига келдилар. У: “Аллоҳ розилиги учун бир савоб ишга, ичкарида вафот етган мусулмон отахонни ювиш, жаноза ўқиш ва дафн этишда менга ёрдам бермангиз?”, деди. Улар рози бўлишди ва чодирга кириб, майитнинг юзини очгач, учаласи ҳам “Абу Қалоба, Абу Қалоба!” деб бақириб юборишди. Бу кекса киши кўп йиллар давомида дарс берган, дард чалингач, одамлар ўзларидан чекалатган буюк олим, муҳаддис шайх Абу Қалоба экан[1]. Иброҳим уни йўловчилар билан бирга дафн этгач, улар билан шаҳарга борди. Шу кеча унинг тушида гўзал суратда, барча аъзолари бус-бутан, оппоқ либос кийган Абу Қалобани кўрди. У ям-яшил ер устида юрарди. Ундан: “Эй Абу Қалоба, сени бу неъматларга эришишинга нима сабаб бўлди?”, деб сўради. У мамнун ҳолда: “Раббим мени жаннатга киритди. Жаннатга кирсам у ердан менга “Аллоҳ йўлида турли машаққатларга сабр қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу ерда) сизларга тинчлик бўлгай. Дунё оқибати (жаннат) нақадар яхши![2]”, дейилди”, деди.

Тошкент вилояти Бекобод тумани бош имом хатиби Анвар Рисбоев таржимаси.

 

[1] Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Амр ал-басрий, учинчи табақа тобеъинлардан, жарҳ ва таъдил аҳлидан бўлган муҳаддис олим. Ҳижрий 104 йили Шомда вафот этган.

[2] Раъд сураси 24 оят. Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири.Тошкент, 2009. 

5362 марта ўқилди

Мақолалар

Top