Мақолалар

Муносабат: Синовли кунларни сабр ва умид ила енгайлик!

 

Бугун биз барча синовлар ичида энг нозик синовни бошимиздан кечиряпмиз. У ҳам бўлса, танамизга қийинчилик олиб келиши мумкин бўлган, инсон ҳаётини машаққатга солиб турган коронавирус пандемияси аҳолимиздан чекланиш арафасида турибди.

Шундай экан, фуқароларимиз берилган тавсия ва кўрсатмаларга амал қилиб келмоқдалар. Бу билан ҳар бир шахс аввало, ўзининг, оиласининг, яқинларининг ҳаётига катта хавф туғдириши мумкин бўлган қийинчиликни ўзидан йироқ қилмоқда.

Республикамизда карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилиши эвазига зийраклик ва эҳтиётлик билан, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилиш билан инша Аллоҳ муаммодан чиқиб кетамиз.

Асри саодатдан бошлаб, ислом шариати ҳукмларининг таклифида инсон жони, ақли, моли, дини, насли, соғлиги ҳамда тинчлик-хотиржамлиги, иқтисодий равнақи-ю, ижтимоий ҳимоясига кенг кўламда аҳамият берилган.

Эътибор қилсангиз, яшашдан мақсад ҳам юқоридаги санаб ўтилган жиҳатлар билан ҳаёт тизими тартибга тушади. Жумҳур уламолар санаб ўтилган жиҳатларга шариат ва ақл нуқтаи назаридан амал қилиш вожиб бўлади дейишган.

Жорий йилги Рамазони шарифда юқоридаги тартиб-қоидага амал қилган ҳолатда уйда қолиб рўза тутдик, ўзимизни сақладик, ибодатларимизни адо этдик.  

Ҳанафий мазҳабида икки ийдни адо этиш учун хутбадан ташқари жума намозини адо этиш учун вожиб бўлган шартлар вожиб дейилган. Хусусан, ижтимо яъни жамият Ҳанафий мазҳабининг наздида шарт. Зеро, жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд намозини фақат жамоат билан адо этдилар. Бу эса шариатда шу ҳайъат билан ийд ўқишни вожиб этди.

Куни кеча Телевидение орқали Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг 2020 йил Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги баёнотини эълон қилиб, бу йилги Рамазон ҳайитини қай тартибда адо этшимиз лозимлигини маълум қилидлар.

Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши фатвоси асосида масжидларда карантин даврида вақтинча жамоат намозлари тўхтатилганини инобатга олган ҳолда Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини ўқиш ҳам мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлади. Юртдошларимизга ҳайит куни қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин ўз хонадонларида тўрт ракатли нафл намози ўқишлари тавсия этилди.

Келинг азизлар! Бу Улуғ кунларда уйларимизда, тинчлик-хотиржамликда, осуда ҳаётда ўтириб, дуо ва ибодатларимизни оиламиз даврасида ўтказайлик. Муборак арафа ва ийд кунларида аждодларимизни хотирлаш, шириндан-шакар болаларимизни дуо қилиш, келаси ийдда жамиятимиз билан намоз адо этишни сўраб, оила аъзоларимиз билан биргаликда дуои-хайр этайлик.

Ўз-ўзидан жонимизни, динимизни, молу ақлларимизни ҳалокат хавфига қўймайлик. Бу шариат нуқтаи назаридан мутлақо ҳаром. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг” яна бир ояти каримада  “Ўзларингизни ўлдирмангиз!” деб ҳалокатдан қайтаряпти.

Бунинг учун ҳар бир оила раҳбари бўлмиш падари бузрукворлар оилаларида қаттиқ тизим ўрнатишларини илтимос қиламиз. “Беморнинг қайталаниши, касаллигидан қаттиқ”, дейди, доно халқимиз.

Бугунги кунда чекинган касалликни чекиниши рост бўлсин. Бу касалликка қайтиб қўшилмасин. Аҳолимиз ақлли, доно ўзини асрашга албатта, ҳаракат қилади деб, умид қиламиз.

Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу дамларда, халқимизни ва жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан Ўзи сақлашини сўраб дуолар қилайлик.

Шу ўринда, юртдошларимизни Ватанимиз тинчлигини, хотиржамлигини асрашга чорлаймиз. Рамазон ҳайити билан бутун ватандошларимизни муборакбод этамиз.

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

2269 марта ўқилди

Мақолалар

Top