Мақолалар

Карантин муносабати билан Рамазон ҳайити куни мусулмонлар уйларида нафл намоз ўқишлари, ўзларини хавфдан сақлашлари зарур

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Маълумки, бугунги синовли кунларда карантин сабабли барча турдаги оммавий тадбирларни ўтказишнинг имконияти йўқ. Шу қатори динимизда буюрилган жамоавий тарзда адо этиладиган ибодатлар ҳам вақтинчалик хонадонларда, якка тартибда адо этилмоқда.  Ислом шариати инсоннинг саломатлиги, унинг жонини сақлаш мақсадида мана шундай зарурий пайтларда баъзи ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки мўминлар зиммасидан бутунлай соқит қилади.

Бутун дунёнинг кўплаб мамлакатларида янги турдаги коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият кескинлигича қолаётган бир пайтда, республикамизда ҳам кўрилаётган кенг кўламли чора-тадбирларга қарамай, афсуски, бу вирусни юқтирганлар сони кундан-кун ортиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Мўътабар китобларимизда “Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади”, деган қатъий қоида бор.

Ушбу қоидага асосланиб иш кўрилса, Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини жамоат бўлиб ўқиш улкан савобли амал бўлсада, пандемия ҳолати ушбу ибодатни мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит қилади.

Таъкидлаш жоизки, Саудия Арабистони, Туркия, Миср Араб Республикаси, Бирлашган Араб Амирлиги, Марокаш, Жазоир, Россия Федерацияси, Озарбойжон каби дунёнинг аксарият мамлакатларида ҳам коронавирус пандемияси сабабли масжидларда Рамазон ҳайити намози ўқилмайдиган бўлди.

Ҳанафий мазҳабида ҳайит намозини адо этиш учун жума намози учун зарур бўлган шартлар топилиши лозимлиги айтилган. Жумладан, султон ёки у томонидан рухсат берилган шахс имом бўлиши, изни ом бўлиши шарт. Бизда айнан мана шу шартлар топилмагани учун ҳам жума ва ҳайит намозларини хонадонларда ўқиш мумкин эмас. Германия фатво қўмитаси раиси доктор Холид Ҳанафий алоҳида фатво эълон қилиб, унда пандемия даврида ҳайит намозини уйда ҳам ўқиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлаган. Шунингдек, Иордания, Покистон, Ҳиндистонлик уламолар ҳам ушбу фатвони қўллаб-қувватлаганлар.

Ҳанафий мазҳабимизга кўра, ҳайит намозини бирор узр сабабли масжидда катта жамоат билан адо этиш имкони бўлмаганида, уни уйда алоҳида жамоат билан ўқиш жоиз эмас.

Бугунги вазиятни тушуниб етмаётган, карантин талабларига риоя қилишни хоҳламаётган айрим кимсалар гўёки истироҳат боғлари ва музейлар очилганини рўкач қилиб: “Нима учун масжидларда жамоа бўлиб намоз ўқишга рухсат йўқ?” деб ихтилоф чиқаришга уринмоқдалар. Таъкидлаш жоизки, истироҳат боғларида ҳам, музейларда ҳам гавжум бўлиб юришга (оилавий 3-4 киши бўлиш мустасно) рухсат йўқ. Шу билан бирга, умумий овқатланиш шохобчаларининг фаолият бошлашларига ҳам рухсат берилмаган.

Жамоат бўлиб намоз ўқиганда карантин қоидаларига риоя қилиш ва ижтимоий масофани сақлашнинг имконияти йўқлигини барчамиз яхши биламиз. Шу боис юқоридаги каби ихтилофлардан ўзимизни асрашимиз лозим.

Ҳозирги шароитда ҳаммамиз ҳамжиҳатликда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан батафсил етказилган шариатимиз кўрсатмаларига қатъий амал қилишимиз, Аллоҳ таолонинг синов-имтиҳонларидан эсон-омон ўтиб олишга ҳаракат қилишимиз лозим.

Қариндошларимизни, яқинларимизни Рамазон ҳайити билан табриклашда уяли алоқа воситаларидан фойдаланишимиз, кексалар ва беморларнинг ҳолидан ҳабар олишда карантин талабларини унутмаслигимиз зарур. Байрамни оила аъзоларимиз билан биргаликда кўтаринки руҳда ўтказиш, қарияларимизнинг дуоларини олиш, ўтганларимизнинг ҳаққига Қуръон тиловат қилиб, савобини уларга бағишлаш мақсадга мувофиқдир.

Ҳайит кунлари, айниқса, бу йилги пандемия даврида гуруҳ-гуруҳ бўлиб, таъзиягарчилик қилишимиз Рамазон шукуҳига мутлақо тўғри келмайди. Шунингдек, аёлларимиз ҳам ҳайит кунлари “Келин кўрди” каби маросимларни ўтказишлари шариатга ҳам, карантин талабларига ҳам зиддир.

Яқин орада бу синовли кунлар ортда қолиб, масжидларда беш вақт фарз ва бошқа намозларни жамоат бўлиб адо этиш бахтига мушарраф бўламиз, иншоаллоҳ.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари 

Ҳомиджон Ишматбеков

2442 марта ўқилди

Мақолалар

Top