Мақолалар

Айём кунларида халқимизнинг азалий қадриятлари яна бир бор намоён бўлди

Акс садо

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Рамазон ҳайити табриги синовли дамларни бошидан кечираётган халқимизнинг кўнглини  кўтарди, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлади.

Дарҳақиқат, бу йилги Рамазон ойи синовли даврга тўғри келди. Шукрки, бутун дунёни қалқитган коронавирус пандемияси ҳам, юртимизнинг турли ҳудудларида юз берган фалокатлар ҳам халқимизнинг жипслигига асло рахна сола олмади. Аксинча, юртдошларимиз онгу қалбида бағрикенглик, меҳр-мурувват, сабр-тоқат, қаноат, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатишдек эзгу фазилатлар янада мустаҳкамланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга кўчган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёзди.

Рамазон ҳайити жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда улуғлашда муҳим аҳамиятга эга эканига яна бир бор гувоҳ бўлдик.

Байрам кунлари мамлакатимизда ўрнатилган карантин тартиб-қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда маҳаллаларда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олинди. Уларга ҳомийлар томонидан ажратилган турли совғалар, озиқ-овқат маҳсулотлари, ширинликлар улашилди. Нуронийлар бундай эътибор ва ғамхўрликдан қувониб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, меҳр-оқибат, аҳиллик бардавом бўлишини сўраб, дуолар қилдилар.

Чунончи, яқинларига, дўсту қариндошларига, муҳтож инсонларга ғамхўрлик қилиш халқимизга хос азалий қадриятдир. Шу билан бирга, муқаддас динимизда бу жиҳатлар алоҳида эътироф этилади. Жумладан, ҳадиси шарифда: “Қўшниси оч ўтирганини била туриб, қорни тўқ ётган киши мўмин эмас”, (Имом Ҳоким ривояти), деб марҳамат қилинган. 

Мана шундай қутлуғ кунларда саховат ва кўмакни эзгу шиорга айлантирган юртдошларимиз, ҳадиси шарифда таъкидланганидек, улуғ ажрларни қўлга киритганига шубҳа йўқ: “Умматим ҳар қайси ойда қилган бир яхши, солиҳ амали учун бир савоб олади. Аммо Рамазонда эса Аллоҳ  бири учун ўндан то етти юзгача  ва ундан зиёда қилиб беради. Фарз ибодатларининг биттаси учун бошқа ойларда бажарган етмиш фарзнинг савоби, нафллари учун эса бошқа ойларда бажарган фарзнинг савобини беради. Бу ой сабр ойи, сабрнинг самараси эса жаннатдир...” (Имом Байҳақий ривояти).

Мухтасар айтганда, Рамазон ҳайитини юртимиз мусулмонлари кўтаринки кайфиятда нишонлади. Оила даврасида бўлиб, яқинларимизга қувонч ва шодлик туҳфа этдик. Нафл намозларимизда, дастурхонларимиз теграсида қўлларимизни дуога очиб, юртимизни ва бутун дунёни ташвишга солган коронавирус балоси тезроқ даф бўлишини Яратгандан сўрадик.

 

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби.

2184 марта ўқилди

Мақолалар

Top