Мақолалар

Рамазондан сўнг нима қиламан? (биринчи мақола)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазон ойида ўзининг вақтини ва молини Аллоҳнинг тоатига сарфлаган ақлли мусулмон ўзига энг муҳим саволни бериши керак, бу ҳам бўлса «Рамазон ойидан сўнг нима қиламан?» деган саволдир.

Эй биродар билингки, Аллоҳ таоло яхшилик эшикларини йил давомида осон ва енгил ҳолда очиб қўяди. Бахтли инсон бу яхшиликлардан ўз насибасини олишга шошилган инсондир. Шунинг учун Аллоҳдан муваффақият сўраган ҳолда қуйида ўзимга ва биродарларимга Рамазондан кейинги баъзи яхшилик эшикларини эслатиб ўтишни хуш кўрдим:

Кечалари қоим бўлишни давом эттириш

Намоз бу банда ва унинг Роббиси ўртасидаги риштадир. Агар мусулмон таровеҳ намози ва Рамазоннинг охирги ўн кунлигидаги ибодатларга одатланган бўлса Рамазондан кейин ҳам кечалари намоз ўқиш унга осон бўлади. Кечаси банда ўз Роббиси билан ёлғиз қолади. Бундан фойдаланиб унга истиғфор айтади ва Аллоҳдан дунё ва охират ҳожатларини сўрайди. Эй биродар, агар кечаси тура олмасангиз уйқудан аввал бир неча ракат намоз ўқинг ва билингки кечаси ибодат қилиш солиҳлар ва Аллоҳга мухлис бўлган зотлар одатидур. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни, тунларни ибодат билан ўтказишиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар”. (Сажда сураси, 16-оят).

Ва яна бир оятда: “Албатта тақводор зотлар (у Кунда) Парвардигор ўзларига ато этган нарсаларни (ажр-мукофотларни) қабул қилган ҳолларида жаннатлар ва чашмалар устида (бўлурлар). Зеро, улар бундан илгари (яъни, ҳаёти дунёдалик чоғларида) чиройли амаллар қилгувчи эдилар. Улар кечадан озгина (фурсатгина) кўз юмар эдилар. Ва саҳарларда улар (қилган саҳву-хатолари учун Парвардигордан) мағфират сўрар эдилар. (Ваз-Зориёт сураси 15-19 оятлар).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оёқлари қаваргунча кечаси қоим бўлардилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: Эй Расулуллоҳ нега ундай қиласиз ахир Аллоҳ сизнинг олдингию кейинги гуноҳларингизни мағфират қилганку – деди. у зот, шукр қилувчи банда бўлмишни яхши кўрмайманми» дердилар. Ёшлари улғайганда ўтириб ўқирдилар, рукуъ қилишни ҳоласалар ўрниларидан туриб рукуъ қилардилар.

Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Саломни таратинг, таомни тарқатинг, инсонлар ухлаб ётганда кечаси намоз ўқинг, саломатлик-ла жаннатга кирурсиз”.

Термизий ривоят қилган.

Яхши-ёмон кунларда кўп дуо қилиш.

Рамазон ойида ифтор вақтида дуо қилишга ўрганган мусулмон Рамазондан кейин ҳам йил давомида дуони канда қилмаслиги керак. Шунингдек ҳар-бир мусулмон банда Аллоҳ таолога холисона яхши-ёмон кунларда қилинган дуоларни қайтармаслигини билиши керак. Бу нарсани Аллоҳ таоло қуйидаги сураларда баён қилди: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), бандаларим сендан мен ҳақимда сўрасалар, мен (уларга) яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, улар ҳам менинг даъватимга жавоб қилсинлар ва менга иймон келтирсинлар. (Шунда) шояд тўғри йўлни топсалар”. (Бақара сураси 186 – оят). “Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган ҳамда сизларни ернинг халифа-эгалари қиладиган Зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Камдан-кам эслатма-ибрат олурсизлар!” (Намл сураси 62 – оят). “(Эй инсонлар), Парвардигорларингиз: "Менга дуо-илтижо қилинглар! Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-хаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирурлар", деди.” (Ғофир сураси 62 – оят).

Нуъмон ибн Башийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Дуо бу ибодатдур”- дедилар. саҳиҳ Абу Довуд.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Банда Аллоҳга сажда ҳолатида энг яқин бўлади, (шу ҳолатда) дуони кўпайтиринглар”- дедилар.

Муслим ривоят қилган.

Қуръон тиловати ва уни ёд олиш.

Рамазонда Қуръонни тиловат қилиб унинг баъзи қисмларини ёд олишни одат қилган биродарим, бу ишингизга йилнинг бошқа даврида ҳам амал қилинг. Ўзингизга Қуръонни маълум қисмини тиловат қилиб унинг баъзи қисмини имконингиз қадар ёд олишни белгилаб олинг. Аллоҳ таоло бу амалнинг фазилати ҳақида Қуръони каримда шундай дейди:

“Албатта Аллоҳнинг Китобини (Қуръонни) тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан (яъни, улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон, Аллоҳдан ижру-мукофот бўлишидан) умидвордирлар, зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлу-карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта У Мағфиратли ва ўта Шукр қилгувчидир (яъни, озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир)”. (Фотир сураси, 29-30 оятлар).

Абу Умома Ал-Боҳилийдан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни - “Қуръонни ўқинглар, чунки у қиёмат куни эгасига шафоатчи бўлиб келади” деганларини эшитдим. Муслим ривоят қилган.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кимда ким Аллоҳ таоло китобидан бир ҳарф ўқиса битта яхшилик ёзилади ва бу яхшилик ўн мислига кўпайтирилади, Алиф Лом Мийм харф демайман, лекин Алиф харф, Лом харф, Мийм харф” дедилар.

Термизий ривоят қилган.

(Давоми бор)

Манба: islamtoday.net

Муҳаммадали таржимаси

Манба: https://islom.uz

2517 марта ўқилди

Мақолалар

Top