Мақолалар

Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Бу сўзлар онгу шууримизга меҳрибон оналаримизнинг мафтункор алласи-ю оқ сути, пок нияти билан сингган, десак муболаға бўлмайди. Тонгга қадар бедор бешик тебратган, гўдагини еру кўкка ишонмай катта қилаётган она “Болам белига белбоғ етмайдиган эр йигит бўлсин, шер йигит бўлсин, алпқомат бўлсин, элнинг корига ярасин, киндик қони тўкилган жойни ёмон кўзлардан асрасин, юртнинг ҳимоячиси бўлсин”, деб ният қилади.

Ватанни ҳис қилиш болалик йилларининг беғубор шўхликлари – уйимиз, боғимиз, кўчамиз, маҳалламиз ғурури учун “курашган” пайтларимиздан бошланади. Маҳалла оқсоқоллари: “Ота-онангни уялтириб қўйма, маҳалла шаънига доғ туширма, қишлоғимиздан ҳалигача ёмон одам чиқмаган, кўзингдан кўриниб турибди – сендан ҳам ёмонлик чиқмайди”, дейишса, кўнглимизда ғурур уйғониб, ўзимизни болаликка хос катта-кичик қаҳрамонликларга тайёр қилиб кўрсатар эдик. Ўзимиз билмаган ҳолда оиламизнинг, қишлоғимизнинг, демакки Ватанимизнинг ёш ҳимоячиларига айланар эдик. Катталар бизга жиддий бир юмушни ишониб топширишса, бундан фахрланиб, енг шимариб ишга киришардик.

Кейинроқ Ватанни ҳимоя қилиш нима эканини, кексаларнинг эл-юртга тинчлик-хотиржамлик, осмонга мусаффолик, хирмонга барака тилаб қилган дуолари маъносини яхши тушуниб етдик.

Ватанни ҳимоя қилиш – бу фақат қўлга қурол олиб, чегараларда ҳушёр туриш эмас экан, Ватаннинг моддий ва маънавий бойликларини, улуғ аждодлардан бизга мерос бўлиб қолган пурҳикмат анъаналарни, бағрикенг, саҳоватли халқимизнинг эзгу фазилатларини, тилимизни, динимизни, миллий қадриятларимизни, оналарни, оталарни, қоракўз ўғил-қизларимизни, ёшларнинг дунёқарашини, тоғу тошларни, сой-сўқмоқларни, қўйингки, Ватаннинг гул-райҳонидан новда-гиёҳигача, она-ер бағридан отилиб чиқаётган митти булоғидан бошлаб ҳайқириб оқаётган дарёсигача кўз қорачиғидек асрашимиз, бемаврид довуллардан ҳимоя қилишимиз, буларнинг ҳаммасини келгуси авлодларга бус-бутун, жозиба ва таровати билан етказишимиз керак экан.

Ватан – муқаддас даргоҳ. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Пайғамбаримиздан Саъид ибн Зайд (разияллоҳу анҳу) ривоят қилиб: “Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир”, – деганлар (Абу Довуд ривояти).

Ҳадисда санаб ўтилган мол, жон, дин ва оила киши ҳаётининг мазмуни – унинг Ватанини ифода этади.

Ватан ҳимояси муқаддас амаллардан экани, ундан юз ўгириш ёки бирор баҳонани рўкач қилиб қочиб қолиш оғир гуноҳлиги ҳақида Қуръони каримда бани Исроил қавми мисолида қуйидагича баён этилган:

“Мусодан кейин Исроил авлодининг зодагонларини кўрмадингизми?! Улар ўзларининг Пайғамбарига: “Бизга бир подшоҳ юборгин, (биз у билан) бирга Аллоҳ йўлида жанг қилайлик”, – дейишди. “Балким сизларга уруш фарз қилинса, урушмассиз”, – деди (Пайғамбар). Улар: “Юртимиздан ва фарзандларимиздан жудо қилиниб турибмиз-ку, нега Аллоҳ йўлида урушмас эканмиз?”, – дедилар. Уруш фарз қилинганда эса, озгина кишидан ташқарилари (жангга чиқишдан) бош тортдилар. Аллоҳ золимларни яхши билувчидир” (Бақара, 246).

Ушбу келтирилган биргина оятдан ҳам кўриниб турибдики, Ватан учун курашиш, унинг озодлиги, чегараларининг дахлсизлигини қўриқлаш муқаддас бурчдир.

Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан пойлоқчилик қилган кўз эгасини дўзах оташи ҳам куйдирмас экан. Бу тўғрида Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар (алайҳиссалом); “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири бу – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини”, – деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).

Тинч ва осуда мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари кунининг умумхалқ байрами сифатида нишонланиши ўсиб келаётган ёш навқирон авлод қалбида ватанпарварлик, истиқлол ғояларига садоқат руҳини янада кучайтириши шубҳасиздир.

Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Айниқса, Ватан ҳимояси жабҳаларида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани Аллоҳ ва инсонлар ҳузуридаги улуғ масъулият деб билмоғи ва ҳарбий қасамёдни, ваъдаларини бажариши шартдир.

Шунингдек, Ватан ҳимоясида фақат ҳарбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар – ўқитувчи ёки шифокор бўладими, тадбиркор ёхуд боғча тарбиячиси бўладими, қаерда бўлмасин ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол кўтариб эмас, керак бўлса билим билан, ғанимларга раддия бериш билан ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур!

Аммо, Ватан ҳимоячиси бўлиш янада шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидоий бўлган киши шаҳидлик мақомига етиши ҳақида башоратлар мавжуд.

Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Уларнинг сўзи, аҳду паймонлари ва қасамёдлари қиличданда ўткир, кескир бўлган. Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат, имонга садоқат моҳияти асло ўзгармайди.

Кечагина ўйнаб-чопиб юрган кичкинтойлар кўз очиб-юмгунча ҳарбий хизмат ёшига етадилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (а.с.) таълим берганларидек, фарзандларимизга болалигиданоқ чавандозлик, мерганлик, сувда сузиш каби машқларни пухта ўргатиб, Она-Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида буюк аждодларимиз каби имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир.

Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлик ва омонликда, аскару зобитларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан ва барча офатлардан асрасин!

Ў. ҒУЗАРОВ,

 “Хожа Бухорий” ўрта махсус

 ислом билим юрти мудири 

7328 марта ўқилди

Мақолалар

Top