Мақолалар

Нуриддин Али Ибн Султон Муҳаммад Али ал-Қорийнинг устозлари

Aннотация. Ушбу мақолада ёшларнинг тарбиясида муҳим аҳамиятга эга бўлган Али ал-Қорининг “Анворул қуръон ва асрорул фурқон” асари ҳақида мулоҳаза юритилади.

Али ибн Султон ал-Қорий қадимги Хуросоннинг кўҳна Ҳирот шаҳрида таваллуд топиб, умрининг бир қисмини ўша ерда ўтказган. Алломанинг илм чўққиларини забт этишда унга таълим берган уламоларнинг хизматлари таҳсинга сазовордир. Маълумки, Марказий Осиёда аҳолиcи асосан ҳанафия мазҳабига амал қилиб келган. Ал-Қорий таълим олган устозлар ҳақида тўхталиб ўтсак. Аллома ҳам шу диёрда вояга етган ва шу анъанани ўзига сингдирган. У Мовароуннаҳр уламоларининг илмий мактабини ўтади. Сўнг илмий сафар уюштириб, кўплаб араб юртларида бўлди ва охири Макка шаҳрида бутунлай истиқомат қилиш учун қолди. Араб диёрларида эса бошқа уч мазҳабнинг вакиллари билан учрашиб, улар билан илмий мунозаралар қилди, уларга ўргатди ва улардан ўрганди.

Али ал-Қорий дастлабки билимини она юрти Ҳиротда ўз даврининг етук олимларидан олади. Қуръони карим ва тажвид илмини Ҳирот шахри жомеъси шайхларидан бири бўлган Қори Муъиниддин ибн Хофиз ал- Харавийдан ўрганади. Алломанинг қаламига мансуб «Рисалат самм ал-кавариз фи замм ар-равофиз» номли 52 мактубни ўзида мужассамлаштирган мажмуада юқоридаги фикрни таъкидлаб шундай дейилади:» Қироат илмидаги марҳум устозим Муъиниддин ибн Хофиз Зайниддин гўзал қироат  соҳибидан эдилар»[1].

У диний илмлар мажмуаси - ҳадис, тафсир, фиқҳ ва қироат илми бўйича катта шухратга эга бўлганига юқорида гувоҳ бўлдик. Мазкур илмларни мукаммал эгаллашида ва ўз даврининг етук олими даражасига етишида шубҳасиз, устозларининг хизмати бениҳоя катта бўлган. У ўз юрти Ҳиротда бўлганида ҳам, илм йўлида ўзга юртларда бўлганида ҳам ўз даврининг машҳур уламоларидан таълим олган, ҳамма жойда олим ва фозиллар даврасидаги илмий учрашувларда қатнашган ва муттасил равишда ўз илмини оширишга харакат қилган.

Қуръони карим илмини мукаммал тарзда ўрганишни Макка шаҳридаги буюк қорилар хомийлигида ҳам давом эттирди, шунингдек, уни қисмларга ажратиб ёдлаш ва етти қироатда ўқишни аъло даражада давом эттириб «ал-Қорий» номи билан машҳур бўлди.

Олим Қуръони каримни барча туруқлари, етти қироат ўқиш бўйича таълим олган устозлари ҳақида ўзининг «ал-Минах ал-фикрия ало матн ал-жазария» асари охирида шундай дейди: «Қуръони каримни етти қироатларни ўрганиш ва тадқиқ қилишдаги устозларим  бу  сохадаги машҳур қорилар ва буюк шайхлардир, қолаверса, ушбу йўналишдаги билимимни (ижозани) Мадинаи Мунавваранинг имом хатиби Маккадаги ўз асрининг тенги йўқ олими ва қироат илмининг машҳур шайхи, устозим Сирожиддин Амр ал-Яманий аш-Шофийдан олганман»[2].

Сирожиддин Амр ал-Яманий (ижозани) эса аллома Муҳаммад ибн ал-Қаттондан олган. У зот, Шайҳ Зайниддин Абду-л-Ғани ал-Ҳайсамий ал-Мисрийдан олган.

Абду-л-Ғаний ал-Ҳайсамий, (ижозани)  қориларнинг тожи ва буюк муҳаддис Шайх Шамсиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ал- Жазарийдан олганлар[3].

Биз тадқиқ қилётган манба «Мирқот» асарининг асли «Мишкот ал-масобиҳ» ҳадисларининг Аллома ўз устозларидан қай йўл билан олган ижозаларини қуйдагича келтиради;

  • Аллома, Муҳаммад Али ибн Аҳмад ибн Солим ал-Жаноний ал-Азҳарий ҳомийлигида Шайх Жалолиддин Суйютийнинг Имом Бухорий, Муслимлар ва қолган олти саҳиҳ (сиҳоҳи ситта) машҳур муҳаддислар ёзган китобларини ўқигани, Шайх Қасталонийнинг Бухорий ривоятига ёзган шарҳлари билан танишиб  чиққанлиги ва «Мишкот ал-масобиҳ»  шу мавзудаги  кўплаб  сухбатларда  иштирок  этиб  ижозалар  олганини 

таъкидлаб ўтади[4].

  • Шайх Қасталоний шундай ривоят қиладилар:»Мишкот ал-масобиҳ» китобини энг ишончли санад ила, Мавлоно Аш-шаҳир  Бимийр Калондан  ижоза олганман» [7]
  • Шайхул Ислом Жалолиддин Суарйютий, (ижозани)   ибн Ҳажар Асқалонининг[5] бюк шогиртларидан Шайх Қасталонийдан  олганлар[6].
  • Муҳаммад Али ибн Аҳмад ибн Солим ал-Жаноний ал-Азҳарий, (ижозани)  Шайх Жалолиддин Суйютийдан олган.
  • Аш-шаҳир Бимийр Калон эса (ижозани) муҳаққиқларнинг пешвоси Шайх Мирк Шоҳдан олганлар.
  • Шайх Мирк Шоҳ, (ижозани) ўз оталари, муҳаддисларнинг саййиди Мавлоно Жамолиддиндан ижозани олганлар.
  • Мавлоно Жамолиддин(ижозани)ўз амакиси ас-Саййид Аслиддин аш-Шерозийдан олганлар. аш-Шерозий, қориларнинг тожи ва буюк муҳаддис Шайх Шамсиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Жазарий ва соҳиби Қомус Шайх Мажиддин Феруз Ободийдан таълим олганлар[8].
  • Аслиддин аш-Шерозий, (ижозани) Мавлоно Шарофиддин ал-Жироҳийдан олганлар.
  • Шарофиддин ал-Жироҳий, (ижозани) Миллатнинг имоми Али ибн Муборак Шоҳ ас-Сидқийдан олганлар[9].
  • Али ибн Муборак Шоҳ ас-Сидқий, (ижозани) муаллиф «Хатиб ал-Умарий ат-Табризий (ваф.741/1340) томонидан ёзилган «Мишкот ал-масобиҳ» асарини энг ишончли санад билан олган. Ўз навбатида ат-Табризийнинг «Мишкот ал-масобиҳ» асари ҳам Имом ал-Бағавийнинг (тав.436/1044 ваф.516/1122 й.) қаламига мансуб бўлган «Масобиҳ ас-сунна» тўплами асосида ёзилган асардир[10].

Али  ал-Қорий  Макка шаҳрида ҳадис илмидан ҳам сабоқ олди. Унга ҳадис илми сирларидан таълим берган шайхлардан Макка шаҳри муфассири ва фақихи Шайх Зайниддин Атиййа ибн Али ибн Хасан ас-Суламий ал-Маккийни ( ваф. 983/1575 й.) келтиришимиз мумкин. Али ал-Қорий «Мирқот ал-мафотиҳ» китобининг муқаддимасида ас-Суламий хақида гапириб, шундай дейди: «Ушбу асарнинг асоси ҳисобланмиш «Мишкот ал-масобиҳ» китобини Макка шайхларидан бўлган, ўз илми билан замонасининг кўзга кўринган олими ва Шайхул ислом Мавлоно Абул Ҳасан ал-Бакрийнинг шогирди Мавлоно Аллома Шайх Атиййа ас-Суламийда ўқидим ва тафсир бўйича силсилани шу зотдан олганман»[11].

Дарҳақиқат, Саййид Муҳаммад Абул-Хасан ибн Жалолиддин Муҳаммад Абул-Бақо ибн Абдурраҳмон ибн Аҳмад ал-Бакрий ас-Сидқий аш-Шофеъий даврининг машҳур шайхларидан бўлиб, тафсир, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф илми бўйича йирик олим бўлган ва бу йўналишларда кўплаб асарлар ёзган. Ўз навбатида Али ал-Қорий Абул Хасан ал-Бакрийдан ҳам ҳадис ва тафсир илми бўйича сабоқ олган ва унинг шогирди бўлган [12].

Булардан ташкари, буюк устозларидан Саййид Закариё ал-Ҳусайнийдир. Ал-Ҳусайний, аллома Мавлоно Исмоил аш-Шарвонийнинг шогирди. Исмоил аш-Шарвоний эса Хожа Абайдуллоҳ Аҳрор Валий ас-Самарқандий ан-Нақшбандийнинг[13](1404-1490) шогирди бўлган. Буюк муҳаққиқлардан Абул Аббос Шаҳобиддин Аҳмад ибн Хижр ал-Хайсамий   ал-Ансорий ал-Маккий[14], Ҳижознинг Шайхи Абдуллоҳ ас-Санадий  (ваф.996/1588й.)[15], Шайх Али ибн Хисомиддин ал-Муттақий (ваф.975/1567), Шайх Миркилон, шунингдек, Макка шаҳрининг муфтийларидан Шайх Қутбиддин ал- Маккий[16] ва Бадриддин аш-Шаҳовий ал-Ҳанафий, Шайх Муҳаммад ибн Абу-л-Хасан ал-Бакрий ал-Мисрий (ваф.994/1586 й.) [17] Юсуф ибн Абдуллоҳ ар-Румийлар каби араб ва ажамлар орасида катта хурмат-эътиборга эга бўлган уламолардан фиқҳ, тафсир, қироат илми ва бошқа бир қанча диний билимлардан таҳсил олишга муяссар бўлди[18].

Али ал-Қорий ноёб заковат, ўткир зеҳн, нозик фаҳму фаросат ва комил ақл соҳиби бўлган. Илм олиш йўлида унга дуч келган барча машаққатларни сабр ва матонат билан енгиб ўтган. Алломанинг юқорида номлари зикр қилинган барча устозлари ишончли силсила орқали келаётган илм соҳиблари бўлишган. Алломага мана шундай етук устозлардан илм олиш насиб этган.

Хулоса ўрнида:

Олим аш-Шавконий, «Али-ал-Қорий  ҳижратнинг биринчи минг йиллиги бошларида мужаддидлик рутбасига кўтарилган»,- деб таъриф берилган.

Ҳанафия мазҳабига мансуб бўлган Али ал-Қорий илм бобида шундай юксак мартабага кўтарилдики, бу салоҳият унга айрим мазҳаб имомлари, Абу Ҳанифа тўғрисида нотўғри фикрда юрганлар қарашларига эътироз билдиришга, кескин раддиялар ёзишга ва Абу Ҳанифа шаънини ҳимоя қилишга ва ҳатто, инкор этилиш даражасига етган ҳанафия мазҳабини ҳимоя қилишга сабаб бўлди ва у бунинг уддасидан чиқган.

Алломаннинг ижоди ва фаолиятига назар соладиган бўлсак, у кўпрок матнларга шарҳ ёзишга бағишланганлигини кўришимиз мумкин. Аллома ўз илмий ва ижодий фаолиятида араб тили ва адабиётига чуқур хурмат билан қараган ва ўз асарларини араб тилида ёзган. Унинг асарлари илм-фаннинг кўпгина соҳаларини ўз ичига қамраб олган бўлиб, уларнинг сони 125 тадан ҳам ортиқ эканлигини алоҳида таъкидлаш мумкин. Олим фиқҳ, ҳадис, тафсир, қироат, усул ал-фиқҳ, калом илми, тасаввуф, тарих, табақот, адабиёт, тилшунослик ва шу каби кўплаб соҳаларда ижод қилган ва асарлар яратган.

У ўз юрти Ҳиротда бўлганида ҳам, илм йўлида ўзга юртларда бўлганида ҳам ўз даврининг машҳур уламоларидан таълим олган, ҳамма жойда олим ва фозиллар даврасидаги илмий учрашувларда қатнашган ва муттасил равишда ўз илмини оширишга харакат қилган. Али ал-Қорий Қуръони Карим илмини мукаммал тарзда ўрганишни Макка шаҳридаги буюк қорилар хомийлигида ҳам давом эттирди, шунингдек, уни қисмларга ажратиб ёдлаш ва етти қироатда ўқишни аъло даражада давом эттириб» ал-Қорий» номи билан машҳур бўлган.

Али ал-Қорий насх, насталих ва сулс хатлари бўйича моҳир хаттот бўлган ва кўплаб беллашувлар ғолиби бўлган. Алломанинг ҳуснихат илмидаги маҳоратни йил бўйи Қуръон мусҳафи ва «Жалолайн» тафирини ёзиб тугатгач, сотиб  йил давомидаги ўзининг сарф ҳаражатлари учун ишлатганлар.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

  • Хатиб ал-Умарий ат-Табризий. Мишкот ал-масобиҳ. –Байрут: Дор иҳё ат-турос ал-арабий, 2001. Ж. 1,2,3. – 88 б.
  • Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қорий. Мирқот ал-мафотиҳ шарҳ Мишкот ал-масобиҳ. – Қоҳира: Дор ал-кутуб ал исламий, 1966. Ж. 1-11. – 550 б.
  • Али ал-Қорий.  Мирқот  ал-мафотиҳ  шарҳ  Мишкот  ал-масобиҳ.              –Байрут: Дор ал-фикр, 1994. Ж. 1 - 11. – 640 б.
  • Али ал-Қорий. Ал-Минаҳ ал-фикрий шарҳи матн ал-Жазарий. – Миср: Дор ал-кутуб ал-исламий, 1908. – 44 б.
  • Али ал-Қорий. Шарҳ  ан - Ниқоя. – Қозон: 1908. – 650 б.
  • Ал-Ҳизбул  Аъзам ва ал-вирд ал-афхом. – Қоҳира: Дор ал-кутуб ал-  исламий, 1966.– 55 б.
  • Али ал-Қорий. Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар.– Байрут: Дор  ан-нафос,              – 271  б.
  • Маржоний. Вофиёт ал-аслоф. ЎзФАШИ, тошбосма, инв. № 6391. – б
  • Муҳаммад ал-Муҳиббий. Хулосат ал-асар фи аъён ал-қарн ал-ҳодий ашар. ЎзФАШИ, тошбосма, инв.№ 8130. – б.
  • Аш-Шавконий. Ал-Бадр ат-толиъ. – Қаҳира: Дор ал-кутуб ал-исламий, 1909. – 178 б.

 

 

[1]Али ал-Қорий. Мирқот ал-мафотиҳ шарҳ Мишкот ал-масобиҳ. – Қоҳира: Дор ал-кутуб ал-исломий,1966. Ж.1. – Б.7. 

[2]Али  ал-Қорий. Ал-Минах ал-фикриййа ала матн ал-жазария – Миср: ал-Азҳар, 1966. – Б.5.

[3] Али ал-Қорий. Мирқот ал-мафотиҳ шарҳ Мишкот ал-масобиҳ. – Қоҳира: Дор ал-кутуб ал-исломий,1966.  Ж. 1. – Б.6.

[4] Али ал-Қорий. Мирқот ал-мафотиҳ шарҳ Мишкот ал-масобиҳ. – Қоҳира: Дор ал-кутуб ал-исломий,1966.  Ж. 1. – Б.13-14.

[5] Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Ҳадйу ас-Сарий муқаддима Фатҳ ал-Борий. Байрут-Ливан: Дор ал-кутуб ал-илмий, 2000. – Б. 648.

[6]Али ал-Қорий. Мирқот ал-мафотиҳ шарҳ Мишкот ал-масобиҳ. – Қоҳира: Дор ал-кутуб ал-исломий,1966.  Ж. 1. – Б.15.

[7] Ўша асар. – Б.16.

[8] Ўша асар. – Б.21.

[9] Ўша асар. – Б.23.

[10] Ўша асар – Б.24.

[11] Ўша асар.– Б .4.

[12] Ўша асар.– Б. 5.

[13] Ўша асар.– Б.6.

[14] Ўша асар.– Б. 8.

[15] Ўша асар.– Б .9.

[16] Ўша асар.– Б .11

[17] Али ал-Қорий. Мирқот ал-мафотиҳ шарҳ Мишкот ал-масобиҳ. – Қоҳира: Дор ал-кутуб ал-исломий,1966.  Ж. 1. – Б.13.

[18] Маржоний. Вофиёт ал-аслоф. ЎзФАШИ, тошбосма, инв. № 6391. – Б. 67.

2560 марта ўқилди

Мақолалар

Top