Мақолалар

Мураккаб вазиятда оқиллик ва вазминлик билан иш тутайлик!

Шу йил 31 май куни Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси “Чашма” ҳудудида икки давлат аҳолиси ўртасида келишмовчилик юз берди. Шундан сўнг муҳтарам Президентимиз топшириғи билан Бош вазир Абдулла Арипов воқеа жойига тезкорлик билан етиб борди. Бош вазир у ерда Қирғизистон ҳукумати вакиллари, маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилиб, мавжуд масала бартараф этилди.

Аллоҳга шукрки, ушбу муаммоли вазият тезкорлик билан ўз вақтида бартараф этилди. Аслида, қадим-қадимдан бир дарёдан сув ичиб, бир ҳаводан нафас олган икки халқнинг илдизи туташдир. Икки мамлакат раҳбарларининг минтақамиз бирлиги йўлида олиб бораётган амалий саъй-ҳаракатлари мақсадларимизни бирлаштиришга хизмат қилмоқда.

Ушбу нохуш воқеа бўйича ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилиб, рўй берган ҳодиса билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди ва муҳим чоралар амалга оширилди.

Маълумки, ўзбек-қирғиз халқлари қадимдан яхши қўшни бўлиб, бир булоқдан сув ичган оға-инилардир. Яхши қўшничилик инсоний алоқаларни мустаҳкамлашга, жамиятни кучли-қудратли қилишга хизмат қилади. Исломда қўшничилик алоқасига алоҳида эътибор берилган. Қўшнига яхшилик қилиш ҳақида қўплаб тавсиялар келган. Абу Шурайҳ Хузоъийдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Қўшнига яхшилик қилиш Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган кишининг сифати, белгиси, аломати экан. Ким Аллоҳга иймон келтирган бўлса, қиёмат кунидан умидвор бўлса, қўшнисига яхшилик қилиши лозим экан.

Аллоҳ таоло Қуръони карим: «Аллоҳга ибодат қилинглар, унга ҳеч нарсани шерик қилманглар, ота-онага яхшилик қилинг ва қариндошларга, мискинларга, шунингдек, етимларга ва яқин қўшнига, ёнингиздаги қўшнига, ён қўшнига яхшилик қилинг», деб марҳамат қилган.

Қўшничиликка оид оятларнинг зикр қилиниши бу муносабатнинг ниҳоятда жиддийлигидан далолат беради ва бу маъно қуйидаги ҳадиси шариф билан мустаҳкамланади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жаброил (алайҳиссалом) менга қўшни ҳақида шунчалик кўп васият қил­ди, қўшни қўшнисидан мерос олармикан, деб ўйлаб қолдим”, деган­лар (Имом Бухорий ривояти).

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида “Чашма” булоғини тозалаш чоғида келиб чиққан низодаги ҳолатлар айрим ёмон ниятли кишиларга қўл келиши мумкин. Шу боис турли фитналарга берилмаслик, гап-сўзларга учмаслик ва оғир-босиқ бўлиш керак.

Ўзбек ва қирғиз халқлари азалдан яқин қўшни сифатида тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаб келган. Халқларимиз тарихи, маданий ва диний қадриятлари муштарак, анъана ва урф-одатлари ўхшаш.

Узоқ йиллик тарих давомида халқларимиз ҳамжиҳатликни ҳамиша қўллаб-қуватлаб келган.  Турли давлатлар бошига тушаётган муаммолар бугун нақадар ёмон оқибатларга олиб келаётгани, бундай вазиятда оқиллик ва вазминлик билан иш тутиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шу сабабли, энди қўшқанот бўлиб, биргаликда иш юритишимиз, барча муаммоларни очиқ муҳокама қилган ҳолда ҳал этишимиз ҳар қачонгидан ҳам зарурдир.

Қуръони каримда: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз”, марҳамат қилинади (Ҳужурот, 10).

Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом: «Икки инсоннинг орасини ислоҳ қилишнинг ажр-у савоби ниҳоятда катта», деб марҳамат қилганлар. Қўшнилар ўзаро келишмай қолган вақтда инсонларнинг орасини ислоҳ қилиш Исломда жуда ҳам катта савоб ишдир.

Халқимизда: “Бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кўтарилади”, деган нақл бор. Шундай экан бугунги синовли кунларда бир-биримизга елкадош бўлиб, арзимас сабабларни четга суриб, оғримизни енгилатиш ва машаққатда кўмакчи бўлишга ошиқайлик. Мана шу чин мўминлик сифатидир.

Ўз навбатида айтиш зарурки, мана шундай мураккаб вазиятларни барчамиз вазминлик ва донишмандлик билан енгиб ўтишимиз, ҳамжиҳат бўлишимизни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бундай воқеа-ҳодисаларга пешвоз чиқишда эҳтиросларга берилмасдан, донишмандларча вазмин ва оғир-босиқ бўлишимиз лозим. Мўмин киши бундай ҳолатда қалб ва ақл амри билан иш тутади. Ҳиссиёт ва фитнага солмоқчи бўлганларга имкон бермайди. Ҳадиси шарифда айтилганидек, “Мўмин киши оқил, зийрак ва ҳушёр бўлади”.

Аллоҳ таоло халқларимизни турли фитна, низо ва ҳийлалардан ҳифзи ҳимоясида сақласин, дин ва қон қариндош биродарлар ўртасидаги аҳллигимизни янада зиёда қилсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 
 
3538 марта ўқилди

Мақолалар

Top