Мақолалар

Илм-фан тасдиқлади: Сўққабош эркаклар кўпроқ касалланади

Хонадонида рафиқаси бўлмаса, эркак учун ҳаёт зерикарли бўлиб қолади. Қўли  ишга бормагани етмаганидек, соғлиғи ҳам хавф остида қолади.

Англиянинг Оксфорд университети олимлари ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, сўққабош эркаклар оилалиларга қараганда кўпроқ касалликларга чалинар экан. Айниқса, гипертония, асабийлик ва турли яралар, шунингдек ошқозон ва юрак хасталикларидан кўпроқ азоб чекишаркан.

30 йил аёл билан (оқила, солиҳа аёл билан,  албатта!) бирга яшашнинг ўзиёқ эркак умрини 5 йилга узайтириши мумкин. Аёлсиз ёлғиз яшаш умрни 10-15 фоизга қисқартиради дейди олимлар.

Энг катта хавфлардан бири, сўққабош эркаклар ёмон иллатларга жуда тез ружу қўйиб, соғлом, бахтли ҳаёт деган тушунчаларни унутишар экан.

Мазкур фикрларни олимлар яқин ўтмишдаги бир неча йиллик тадқиқотлар натижасида баён этишган.

Динимиз эса бизларни бир ярим минг йилдан бери вояга етиб, рўзғор тебрата оладиган бўлгач, ҳалол никоҳ билан уйланишга буюриб келади. Зеро, никоҳда инсон фитратига хос фазилат ва ҳикматлар мужассамдир.

Биз бандаларини, бизданда яхшироқ билгувчи Роббимиз, Қуръони каримнинг Нисо сураси 3-оятида: “Ўзингизга ёққан аёлларга никоҳланинг”, дея амр қилган.

Никоҳланиш суннатдир. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай марҳамат қилганлар: “Никоҳ менинг суннатимдир. Ким суннатимга амал қилмаса, умматимдан эмас”. Бу хитоб Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларини хуш кўрмаганлар учун. Баъзи узрли сабабларга кўра турмуш қурмайдиганлар бундан мустасно.

Яна бир ҳадисда, Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Никоҳланинглар, кўпайинглар, чунки қиёмат кунида умматимнинг кўплиги билан фахрланаман”, дея буюрганлар (Имом Суютий ривояти).

Шу ўринда яқиндагина бўлиб ўтган бир воқеани мухтасар баён қилсак. Бадавлат бир танишимиз карантин сабаб ўғлининг никоҳ тўйини  вақтинчалик қолдирган эди. Куни кеча ҳукуматимиз томонидан карантин шароитида 30 кишилик меҳмонлар билан ҳовлида тўй қилишга рухсат берилгандан сўнг, ўша танишимиз қолдирилган тўйни ўтказди.

Тўйдан сўнг бироз суҳбатлашдик. Мол-дунёга эга бой одамнинг ихчамгина тўй қилиши қандай таассурот қолдиргани ҳақида сўрадим. Танишим жавоб берди:

“Ростини айтсам бошида анча ўйладим, нафсим тинчлик бермади. Аммо, Аллоҳга шукр маҳалламиз имомининг бироз маслаҳатларини эшитиб 30 киши билан бўлса ҳам шу тўйни ўтказишга қарор қилдим. Очиғи, қалбим бениҳоя таскин ва қувончга тўлди. Минг кишилик ош бермасдан, оқшом базм қилмасдан ҳам тўй қилса бўлар экан. Авваллари пулни ҳавога совуриб, исрофгарчилик қилиб бошимга кўплаб балолар орттираётган эканман. Мана, тўйни ҳам бир пасда ўтказдик. Келинни тушириб келдик. Ҳамма хурсанд... тежалган пулнинг бир қисмини муҳтож маҳалладошларга хайрия, қолган қисмини туманимизда қайта қурилаётган масжид қурилишига бердим. Бежизга динимизда исроф қилманг, кибр қилманг дейилмаган. Қолаверса, ҳукуматимиз томонидан ҳам тўйларни ихчам ўтказиш хусусида бир нечта қарорлар чиқди. Аммо, ўзимиз нафсимизга қул бўлибми, одамларга мақтаниш учунми, такаббурлик сабабми дабдабали тўй қилишда ким ўзарга мусобақалашдик...”

Ушбу ҳолатдан маълум бўладики, ортиқча дабдабаларсиз тўй қилса ҳам бўлар экан. Аллоҳ таоло исрофга йўл қўмаган бандалирини Ўз фазли билан бой қилсин!

 

Саидаброр Умаров таёрлади 

2564 марта ўқилди

Мақолалар

Top