Мақолалар

Нажот сабрда…

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида сабр сўзи “тийилмоқ, чидамоқ ва тутмоқ” каби маънолар билан изоҳланади. Диний адабиётларда эса нафсни жазавага тушиш ва ҳақдан ошишдан тийиш маъноси тушунтирилади. Уламолар сабрни кенгроқ тушунтириб қийинчилик ва мусибат пайтида тилни ортиқча арзи хол қилмаслик, азиз нарсасидан ёки кишисидан айрилганда дод-вой солмасликни уқтирадилар. Истаймизми, йўқми Аллоҳ бандаларини ўзининг синовлари билан сабрини имтиҳон қилади. Пайғамбаримиз Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз умматларини “Қаноатни лозим тутинг! Қаноат туганмас молдир” деб сабр қилишга чақирганлар. Мусибат ва синовларга сабр қилишимиз имонимизни мустаҳкамлайди. Аллоҳ таоло сабр қилган бандаларига ўз марҳаматини кўрсатади.

     Ҳазрат Мир Алишер Навоий сабр билан кўп вақтдан бери битмаган иш ечими топилади, шошиб сабр қилмаган киши адашиши мумкинлигини ўз асарларида келтириб ўтганлар. Мўътабар манбаларнинг бирида “Ҳар ким ҳодисалар ёмғири остида ўзини сабр қалқони билан ҳимоя этса, мақсадга етади. Чунки сабр шодлик калитидир. Бу калитсиз ҳеч қандай мақсад калити очилмайди.

     Ҳаётимизга назар солсак, ҳар қадамда сабрнинг турли кўринишига дуч келамиз. Мисол учун кутишликда: йўлда ҳамроҳимизни, муҳим қўнғироқни, белгиланган муддатни, автобусни ва ҳоказо. Буларнинг барчасига сабр бизга нажот беради. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Мўминга сабрдан кўра каттароқ ва хайрлироқ амал йўқ” деганлар. Сабрни кенг талқин қиладиган бўлсак, йўлдаги машаққатларга бардошли бўлиш, гуноҳ ва маъсиятлардан тийилиш изоҳи мос келади.

    Айни кунларда дунё аҳолиси сабрни синайдиган синовли кунларда турибди. Яратганнинг марҳамати ва иродаси билан албатта бу синовдан ўтиб олишга ишонамиз. Аллоҳ сизу бизни сабрли бандалари қаторида қилсин. Омин.

 

Қашқадарё вилояти  Чироқчи тумани

“Уймовут ота” жоме масжиди

Имом хатиби Баратов Бадихон

2488 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top