Мақолалар

Олам газ ҳолатда бўлганми?

Оламнинг пайдо бўлиши борасида бир қанча фалсафий қарашлар мавжуд бўлиб шу қарашларнинг бири “Олам дастлаб, газ ҳолатда бўлиб, кейин ҳарорат пасайиши натижасида бирлашиб, бир бутун яхлит ҳолатга келган” деган фалсафий қарашдир. Хўш сизнингча олам газ ҳолатида бўлганми?

Бу ҳақда астроном олим Сэр Жеймс Жинс қарашлари қуйидагича: «Борлиқ яралишидан аввал ундаги моддалар газдан иборат бўлган ва шу газларнинг ўзаро бирикиши натижасида сайёралар келиб чиққан» .

Доктор Жаму ҳам бу борада ўз фикрини шундай билдиради: «Дунё вужудга келаётган вақтда, у тартибли тарқоқ газдан иборат бўлган. Унинг қалинлигини ва ҳароратини тасаввур қилиб бўлмайди ва шу газда турли моддаларнинг аралашуви натижасида атом парчаланиши вужудга келди. Мана шу ҳаддан ташқари иссиқ газга қаттиқ босимнинг таъсири натижасида борлиқ вужудга кела бошлади».

Энди айрим муфассир алломаларимизнинг фикрларини баён этсак.

Абул Барокат Насафий ўзининг «Мадорик ат танзил» номли тафсирларида ибн Аббос (р.а.) дан қуйидаги ривоятни келтиради. «Аллоҳ Таоло аввал бир жавҳарни яратди. Унинг узунлиги минг йиллик, кенглиги 10 минг йиллик масофага тенг бўлган. Сўнгра Аллоҳ Таоло унга ҳайбат билан назар ташлади. Жавҳар титраб, эрий бошлади. Сўнгра у аланга олиб, ундан тутун қўзғалди. Тутун юқорига кўтарилиб, унинг ўрнига кўпик йиғилиб қолди. Шунда Аллоҳ Таоло кўпикни Ер, тутунни осмон қилди».

Шайх Азизиддин Насафий (1226 – 1306) ҳазратлари «Зубдатул ҳақойиқ» номли китобларида ёзишларича Аллоҳ таоло мулк ва малакут оламини яратишни ирода этди ва илк дафъа бир жавҳарни яратди. Унга нигоҳ ташлаши билан у қайнаб кўпириб, газ ҳолатга келган. Шаффоф қисмидан малакут оламини, қуйқасидан мулк, жисм оламини яратди.

Демак борлиқ аввалда яхлит бир жавҳар кўринишда бўлиб, сўнгра газ ҳолатда бўлган экан.

Аллоҳ таоло бу ёруғ дунёни қандай яратганлиги ҳақида муборак китобининг “Фуссилат”сурасида шундай баён қилади:

  1. Сен: «Сизлар ҳақиқатан ҳам ерни икки кунда яратган зотга куфр келтиряпсизми ва Унга тенгдошлар қўшяпсизми?! Ахир У зот оламларнинг Робби-ку!
  2. У зот ўша(ер)нинг устида тоғларни қилди, уни баракотли қилди ва унинг (аҳли) ризқини тўрт кунда ўлчовли этиб тақдир қилди. Бу сўровчилар учундир», деб айт.

Кофирлар Аллоҳга иймон келтирмаётганлари билан қандай зотга куфр келтираётганларини, Аллоҳни инкор этиш билан қандай зотга исён қилаётганларини идрок этармиканлар? Ушбу икки оятда ва улардан кейинги оятларда кофирлар куфр келтираётган Аллоҳ қандай зот эканлиги баён қилинади. Оятда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламга қуйидаги савол ва баёнларни хитоб қилиш топширилади:

«Сизлар ҳақиқатан ҳам ерни икки кунда яратган зотга куфр келтиряпсизми...»

Шундай улкан сайёра-ерни икки кунда яратган  Аллоҳга куфр келтириб бўладими?! Унинг қудратидан, ҳар ишга қодирлигидан қўрқмайсизларми?! Ердек буюк жисмни атиги икки кунда яратган зот сизларни ҳалок қила олмасмиди?!

«...ва Унга тенгдошлар қўшяпсизми?!»

Эй кофирлар, сиз Аллоҳга ширк келтиряпсизларми?! Ширк келтиришингиз туфайли Унинг ғазабига қолишдан қўрқмадингизми?!

«Ахир У зот оламларнинг Робби-ку!»

Ахир ўша сиз куфр ва ширк келтираётган  Аллоҳ барча оламларнинг Робби–Холиқи, Розиқи, тадаббурини қилувчиси, тарбиякунандаси-ку! Қандай қилиб шундай улуғ зотга куфр келтирасиз?! Қандай қилиб шундай буюк зотга ширк келтирасиз?!

«У зот ўша(ер)нинг устида тоғларни қилди...»

Инсон кўзига тоғлар ер юзида энг салобатли, собит, улкан ва қудратли бўлиб кўринади. Собит, улуғворлик, виқор каби васфларга тоғлар мисол қилиб келтирилади. Ернинг устида ўша тоғларни яратган зот Аллоҳдир. Шундай зотга қандай ҳам куфр келтириб бўлади?! Шундай зотга қандай ҳам ширк келтириб бўлади?

«...уни баракотли қилди...»

Яъни, Аллоҳ таоло ерни баракотли қилди. Ҳамма томонда баракот кўринди. Ернинг усти ҳам барака, ичи ҳам барака. Ердаги барака инсон учундир. Бу баракани Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қила олмади. Шундай зотга куфр келтириб бўладими?! Шундай зотга ширк келтириб бўладими?!

«...ва унинг (аҳли) ризқини тўрт кунда ўлчовли этиб тақдир қилди».

Ернинг ризқи, яъни ер, аҳлининг ризқи ўлчовли, белгили қилиб қўйилган. Каттаю кичик, кучлигу кучсиз ҳамма-ҳаммаси  ризқини топиб еяверади. Филга ҳам ўзига яраша ризқ бор, чумолига ҳам. Ҳаммаси ўлчовли, ҳаммаси тақдир қилинган. Бу ишни фақат Аллоҳ таологина қила олади. Бошқа ҳеч бир зотнинг қўлидан келмайди. Бирорта чумолига ризқ берадиган зот ҳалигача чиққани йўқ. Чиқмайди ҳам. Ана шундай улуғ зотга куфр келтириб бўладими?! Ана шундай буюк зотга ширк келтириб бўладими?!

  1. Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб, унга ва ерга: «Икковингиз ихтиёр қилган ҳолингизда ёки мажбур бўлган ҳолингизда келинг!» деди. Икковлари: «Ихтиёр қилган ҳолимизда келдик», дедилар.

Юқоридаги ишлардан сўнг, Аллоҳ таоло осмонни қасд қилди, унга иродаси кетди. Ўша вақтда осмон тутун-газ ҳолида эди. (Дунёнинг яратилиши юзасидан илмий изланиш олиб борган олимлар ҳам шу натижани такрорламоқдалар).

Аллоҳ таоло осмонга ва ерга қараб:

«Икковингиз ихтиёр қилган ҳолингизда ёки мажбур бўлган ҳолингизда келинг!» деди».

Яъни, хоҳласангиз, итоат қилган ҳолингизда келинг, хоҳласангиз, мажбур бўлиб келинг, деди.

«Икковлари: «Ихтиёр қилган ҳолимизда келдик», дедилар».

Шунчалар улкан, мустаҳкам, кучли бўлишларига қарамай, Аллоҳнинг иродаси кетиши билан  итоаткорликларини дарҳол изҳор этдилар. Ҳа, Аллоҳ таолога ҳамма нарса чун-чаросиз бутунлай, ўз ихтиёри билан итоат этади. Фақат ожиз инсонгина, ўзидаги кибру ҳаво туфайли итоатсизлик қилади. Ақлли одам осмону ер ўз ихтиёри ила бўйсуниб турган Аллоҳга буйсунмай қолмайди. Ана шундай Аллоҳга куфр келтириб бўлармиди?! Ана шундай Аллоҳга ширк келтириб бўлармиди?!

  1. Бас, икки кунда етти осмонни барпо этди ва ҳар бир осмонга ишини ваҳий қилди. Биз, дунё осмонни чироқлар-ла зийнатладик ва қўридик. Бу азизу ўта илмли зотнинг ўлчовидир.

Кейин Аллоҳ таоло ўша тутун-газдан:

«Бас, икки кунда етти осмонни барпо этди...»

Бу ишларни Аллоҳнинг Ўзи билади. Инсонга эса ерга яқин турган осмондан баъзи нарсаларни билдириб қўйган, холос. Шундай қилиб, осмонлару ер олти кунда барпо қилинди. У кунлар қандай кунлар эканини Аллоҳнинг Ўзигина билади. Уламоларимиз, агар Аллоҳ таоло хоҳласа, буларни кўз очиб юмгунча яратар эди, лекин бандаларига пухталикни ўргатиш учун шошилгани йўқ, дерлар

Икки кунда етти осмонни яратган зотга куфр ёки ширк келтириб бўладими?!

«...ва ҳар бир осмонга ишини ваҳий қилди».

Ҳар бир осмонда барча иш Бизнинг ваҳийимиз асосида, ўша ваҳийга биноан бўлади.

Ё Аллоҳ! Бу нақадар ажойиб! Нақадар ибратли! Инсон умуман тасаввур ҳам қила олмайдиган етти осмоннинг барчасида ҳамма ишлар Аллоҳнинг ваҳийи бўйича бўлса-ю, ҳеч нарсага арзимайдиган инсон, Аллоҳ томонидан ўзига махсус юборилган ваҳийни инкор этса! Етти осмондаги бутун мавжудот Аллоҳнинг ваҳийи билан иш кўрса-ю, яқин осмондаги ер деб аталмиш бир заррада яшовчи инсон аталмиш ҳеч нарсага арзимаган нарса Аллоҳнинг ваҳийини инкор этиб, ўзича турли йўллар билан иш кўриб юрса! Инсон дегани нақадар жиноятчи махлуқ! Инсон дегани нақадар ношукр махлуқ! Инсон дегани нақадар ўзидан кетган, кибру ҳавога берилган махлуқ!

Ахир ҳажмини, ичларидаги нарсаларни тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган даражада кўп ва катта бўлган етти осмоннинг ҳар бирида Аллоҳнинг ваҳийси асосида иш кўрилсада инсон Аллоҳга куфр келтириб ўтирса, шу тўғри бўладими?!  Аллоҳга ширк келтирса, жоизми? Ўзига келган ваҳийни афсона, ёлғон, сеҳр, тўқилган уйдирма дейиши ақлданми?! Бу ваҳийни эскириб қолди, замонга тўғри келмайди, дейиши тўғрими?! Аллоҳ ваҳий қилган дастурни қўйиб, ўзи тўқиб чиқарган дастур асосида яшаши жоизми?!

«Биз, дунё осмонни чироқлар-ла зийнатладик ва қўридик».

Яъни, инсонга яқин осмонга юлдузларни зийнат қилиб яратдик. Ўша юлдузлар ила осмонни қўрийдиган ҳам қилиб қўйдик. Ўша юлдузлар осмонни жину шайтонлардан қўриб турадилар.

Инсон боши устидаги бепоён осмоннинг бир қисмидан жиндай хабардор, холос. Бу осмон, баъзи уламолар айтишларича, шунчалик каттаки, ундаги қуёш системасининг диаметри юз милярд ёруғлик йилига тенгдир. Ёруғлик эса, бир сония-секундда бир юз саксон олти минг мил тезлик билан ҳаракат қилади. У тезликни дақиқага, соатга, кунга, ой ва йилга кўпайтирсак ва сўнгра натижани юз милярдга кўпайтирсак,  бизга яқин осмондаги қуёш системасининг диаметри қанча эканини билиб оламиз. Ана шу осмонни Аллоҳ таоло юлдузлар ила безаб қўйибди. Бу юлдуз-чироқларнинг сони ҳалигача аниқ эмас. Айримларининг катталигини баъзи уламолар тахмин қилганлари маълум. Бу нарсаларни яратган зотни ўйлаб, Унинг қудратига қоил қоламиз, холос. Шундай қудратли зотга куфр ва ширк келтираётган, Унинг ваҳийи асосида яшамаётган инсонлар ҳақида ўйлаб эса, инсон нақадар жоҳил, нақадар инсофсиз, нақадар нонкўр эканини тан олмасдан  илож қолмайди.

«Бу азизу ўта илмли зотнинг ўлчовидир».

Юқоридаги нарсаларнинг барчаси  ҳаммадан устун ва ғолиб бўлган зот  Аллоҳнинг ўлчовидир, қилган тақдиридир. Аллоҳ азиз  (ҳаммадан кучли, ғолиб ва устун) бўлгани учун ҳам ўша нарсаларни яратди, ўлчовли қилиб қўйди. Аммо Аллоҳ яратиб қўйган нарсаларни, Аллоҳ берган ақл билан ҳисобига ета олмай юрган инсон эса, кибру ҳаво ила Аллоҳга куфр келтиради. Уни инкор этади. Динини инкор этади. Шариатини инкор этади. Ваҳийини инкор этади. Ахир шундай Аллоҳга куфр келтириб бўладими?! Ахир шундай Аллоҳга ширк келтириб бўладими?!

Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло ушбу ояти карималари орқали биз яшаб турган ерни икки кунда яратганлигини, тўртинчи кунгача эса барча мавжудот, махлуқот, ўсимликлар-у паррандаларни, ҳашоратлар-у қурт қумусқаларни ризқ рўзисини тақсимлаб, тоғларни ҳам барпо этганини, ниҳоят икки кунда эса етти қават осмонни яратиб, бизнинг дунё осмонимизни юлдузлар билан безаб қуйганлигини баён этмоқда. Аллоҳ шу тариқа бу оламни йўқдан бор этган экан. Мана билиб қуйинг, мулоҳаза юритинг, тафаккур қилинг дунё қандай яралган экан?

Шу ерда ушбу «Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб,» - деб марҳамат қилинаётган ояти каримага эътибор берсак.

Аллоҳ Таоло пайғамбаримиз замонидаги одамлар тушунишлиги осон бўлишлиги учун тутун демоқда. Замонамиз олимлари эса газ деб номлашди. Аслида тутун ҳам, газ ҳам, физик жиҳатдан бир ҳолатни англатади.

 

Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти

4-босқич талабаси Сетирзаев Шайхулмуҳаммад

2956 марта ўқилди

Мақолалар

Top