Мақолалар

Оламга муҳаббат билан боқ!

Аллоҳ азза ва жалла инсонларга икки кўз ато қилди. Бу кўз билан боқишда икки ҳил назар бор, бири " Муҳаббат назари ", иккинчиси эса " Нафрат назари". Бири инсонни олийжаноблик ва икки дунё бахти- саодатига, ҳаётда ором билан яшашга эга қилади, бири инсонни разиллик ва икки дунёда бадбахт бўлишига, ҳаётда ғариб, ҳор ва ташвишлик ҳолатда яшашга эга қилади.

Инсонлар орасида бутун оламга, ўсимликлар, ҳайвонотлар ва инсонларга фақат муҳаббат назари билан боқувчилар бор. Мунча ҳам буларни қалблари мусаффо, мунча ҳам буларни қалблари кенг! Булар Аллоҳни раҳмати ва марҳамати тушишига сазовор инсонлардир. Одам алайҳис салом ва фарзандлари ер юзида қароргоҳ топган вақтдан бери мухаббат назари билан боқувчиларни Павардигори олам Ўзини раҳмати, ҳидояти билан азиз мукаррам қилган.

Аввалда Одам алайҳис саломни икки фарзандидан бири Ҳобил муҳаббат ва ихлос ила энг сара бойлигидан қилди ва ўз инисига мухаббат билан назар ташлади, насихат қилди. Иниси Қобил эса борлиққа нафрат билан назар қилди, қурбонлиги қобул бўлмади. Нафрати туфайли иниси Хобилни ўлдирди, ҳор бўлиб иниси жасадини нима қиларини билмай ташвиш билан қанча кўтариб юрди ва қиёматгача бўладиган қотилликдан улуш оладиган бадбахтга айланди.

Сулаймон (алайҳиссалом) Сабаъ маликаси Билқисни имонга даъват этиб, унга бир мактуб юборди. Шу пайтгача бутпараст бўлган малика мактубни ўқигач: “Эй азиз инсонлар! Менга шараф тўла бир мактуб келди. Бу мактуб Сулаймон пайғамбарнинг мактубидир. У Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳнинг номи билан бошланади”, деди ва мактубга муҳаббат билан назар қилди. Бундай эҳтиромни баъзи олимлар: “Малика ҳазрати Сулаймоннинг мактубига ҳурмат кўрсатиб уни қадрлагани учун ҳам имонга эришди”, деб шарҳлашган эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳис саломни мактубларига форс подшоҳи Кисро нафрат билан қараб, уни йиртиб ташлади ва Аллох азза ва жалла уни жазолади ва мулкини парча- парча қилиб юборди.

Қуръонда энг кўп зикр қилинган Мусо (алайҳис салом) ва Фиръавн қиссаси фақат ибрат учундир. Мусо алайҳис салом Фиръавнга Аллохни ҳидояти билан яшаб, туғён қилмаслик ва инсонларни ўзига сиғинтирмасликка ва абадий азобдан ҳалос бўлишга чорлаган пайтда у нафрат назари билан қаради ва ўзини мулки ва ҳукмронлигига таҳдид деб уйлади. Товламачилик ва ёлғончилик билан инсонларни алдаб бойлик ортиришга мубтало бўлган коҳинларни сўзига кирди. Аллохни хидоятга чорловчи элчисини сеҳргарликда гумон қилиб барча сеҳргарлар билан тўқнашувга чақирди. Сеҳр санъатлари билан фахрланган, Фиръавнни хузурида азиз бўлишга ваъда олган сеҳргарлар Аллоҳни Расулига муҳаббат назари билан қараб, эҳтиром билан арқонлари ташлашга изн сўрадилар. Ҳар вақтики Мусо алайҳис саломни мўъжизаларини кўрганларида Мусо ва Ҳорунни Роббисига иймон келтирдик деб саждага бордилар. Уламолар айтдиларки; анашу Аллоҳни Расулига муҳаббат ва эҳтиромлари учун Аллоҳ азза ва жалла уларга бутун дунёдан устун бўлган тенгсиз иймон бериб, жаннатда олий даражотларга эга бўлувчилардан қилди. Фиръавн бўлса нафрат назари сабаб Аллоҳни азобига дучор булди. Қиёматгача зулм ва ҳудбинлик тимсоли бўлиб лаънатланди. Қиёматда эса ўзига ўхшаш золимларга бош бўлиб дўзахга етакловчи бўлди.

Тарихда мисоллар жуда кўпдир унга,

Фақат ибрат ила қарамоқ лозим бунга,

Афсус ғафлат ила ғурур ғолибдир унда,

Бир авлод олдинни ҳам кўрмайди шунда

"Муҳаббат назари " инсондаги бебаҳо хислат ва ҳамма яхшиликни калити. Бу табиатан туғма бўлиб, Аллоҳ азалда берган фазли бўлади. Буни Аллоҳ Ўзи хоҳланган кишисига беради. Ёки банда касб қилиб топади. Бу эса Аллоҳга ва Расулига бўлган муҳаббати ва иймони тақозосидан ҳосил бўлади. Бутун борлиққа “Раббимни махлуқи ва унинг сифатларини кўргазмаси”, деб қарайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳис саломдан намуна олиб у зотни сўзларини татбиқ қилади. Бу йўлда энг яхши дастмояси у зотнинг бу сўзлари бўлади: Абу Ҳурайра р.адан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: "Гумондан сақланинглар бас албатта гумон сўзларни энг ёлғонидир, сўз суриштирманглар, айғоқчилик қилманглар, бир-бирингизга гап отишманглар, ҳасад қилишманглар, бир-бирингизни ёмон кўришманглар, бир - бирингизга орқа ўгиришманглар ва эй Аллоҳни бандалари биродар бўлинглар." Бир ривоятда " ва рақобатлашманглар". Муттафақун алайҳ. 

Аллоҳ азза ва жалланинг бир сифати "Саттор"дир. Бу Аллоҳ бандаларни айбларини беркитувчидир, токи бандалар дунёда бир - бирларига муҳаббат назари билан ҳаёт кечиришсин. Ҳатто қутби замон валий бўлса хам уй ичидаги бандани гуноҳини каромат билан ҳам билдирмайди, яхшилиги бўлса билдиради. Валийларни беркитиб қўяди токи ҳар бир киши ўзидан бошқани валий билиб муҳаббат қилиб яшасин. Субҳаналлоҳ бандаларни бир - бирига муҳаббат билан яшамоқлигини ирода қилган зот.

Аллоҳумма бизларни оламга муҳаббат назари билан боқиб ўзингни раҳматинг ва марҳаматинг билан ҳузур қилиб динингда истиқоматда ҳаёт кечиришимизни муяссар қил, охиратда нажот топувчилардан қилгин!

ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчи-стажёри,

ЎзХИА 1-босқич магистранти Қурбанов С

2622 марта ўқилди

Мақолалар

Top