Мақолалар

Миллий тотувлик – тинчлик омили                            

Олам яралганидан буён кишилар ўзаро ҳамкорликка интилган. Негаки, буни ҳаётнинг ўзи тақозо этган. Албатта, инсоният ибтидоий жамоа тузумидан бошлабоқ, ўзганинг кўмагига муҳтож бўлган. Аслида, ҳамкорлигу ҳамжиҳатликда ҳикмат бор. Ундан нафақат моддий балки, маънавий рағбат олинган.

Диний бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, дўстона муносабатлар одамийликнинг олий намунасидир. Сир эмас, ўтган аждодларимиз ўз авлодларига бу борада мислсиз катта маънавий мерос қолдирган.

Зеро, аҳилликда маъно ва ҳикмат жамулжамдир. Яратган ер юзида яшовчи инсонларга диний ва миллий қарашларида тенгликни раво кўрган. Исломда барча миллат ва элатларнинг тенг ҳуқуқлилиги, мукаррамлик фақат тақвода экани ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: яъни “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз  сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл ( Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”.

(Ҳужурот сураси,13-оят).

Давлат раҳбари “Биз жамиятда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни изчил давом эттирамиз. Бу борада 30 июль - “Халқаро дўстлик куни” муносабати билан юртимизда биринчи марта “Дўстлик ҳафталиги”ни  ва “Дўстлик” халқаро форум-фестивалини ўтказишни таклиф этаман. Мамлакатимизда “жаҳолатга қарши – маърифат” деган эзгу ғоя асосида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш кун тартибимиздаги доимий масалалардан бири бўлиб қолади”, деб таъкидлаб ўтганди.

Юртимизда турли миллату элат вакиллари дўстона, биродарликда, тинчлик-тотувликда яшаб келмоқда. Биласизки, ота-боболаримиз юртимиздаги ўзга дин вакилларига мудом бағрикенглик билан муносабатда бўлишган. Ўз навбатида улар ҳам ўлкамизни ўз Ватани сифатида қабул қилишиб, диёримизнинг ривожланиши йўлида ўз меҳнатлари билан хизмат қилганликларига гувоҳмиз.

Ўзбекистон аҳолиси 33 миллиондан ошиб кетди. Улар орасида эса 130дан ортиқ  миллат вакиллари бор. Юртимиз фуқароларнинг 94 фоиздан кўпроғи муқаддас  Ислом динига эътиқод қилади. 3,5 фоиз аҳоли эса православ динига мансубдир. Аҳолининг қолган қисми бошқа динга мансуб ҳисобланади. Юртимизда кўплаб диний ташкилотлар ҳам фаолият олиб бораётганлиги озод ва обод ҳаётда яшаётган халқимиз бағрикенглигининг амалий ифодаси бўлиб ҳисобланади.

Сўнги йилларда юртимизда дўстона амалий ҳамкорлик, ўзаро биродарлик борасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича Кенгашининг бешинчи Саммитида “Энг муҳими, бугунги кунда жаҳон ишонч инқирозига юз тутмоқда. Зеро, мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги ишонч хавфсизлик ва барқарорликнинг энг муҳим шартидир”,  дея алоҳида эътироф этган эди.

Минг афсуски, гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, кейинги пайтларда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, ўзаро дўстлик-биродарликка салбий таъсир кўрсатаётган омиллар ҳам учраб турмоқда.

Барчамизга маълум бўлган бир калима шеър бор:

Самарқанд сайқали руйи замин аст,

Бухоро қуввати исломи дин аст.

Азизлар, эътибор берган бўлсангиз, бу сатрдаги шеърнинг мазмун ва маъносини барчамиз жуда яхши англаймиз. Ва шу баробарида қалбимизда чексиз фахр тўямиз. Негаки, ушбу сатрлар мисоли қўёш каби бутун оламга порлаган каби маълум бўлган. Форсий битилган ушбу шеър заминимизнинг нақадар улуғланганлигини беихтиёр қалбларимизга ҳузур билан бирга ҳаловат ҳам бахшида этади. Аждодларимизнинг араб тилида битган илмий асарлари ва форсийда ёзган шеърлари бутун инсониятни лол қолдирганлигини тарихдан маълум. Бу эса диёримизда турли миллат вкилларининг бир тану бир жон бўлиб яшаганлигидан далолатдир.

Ватан-остонадан бошланади. Шундай экан, оила тинч бўлса, юрт ривож топади. Жамиятимизда диний ва маънавий муҳитни соғломлаштириш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш йўлида кенг қамровли хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Элимизнинг ўзига хос меҳр-оқибат, аҳиллик, ўзаро тотувлик сингари фазилатларни ўзга миллат вакилларига ибрат ва намуна сифатида намойиш этилмоқда.

Пайғамбаримиз саллоҳу алайҳи вассалам ҳадисларининг бирида шундай дедилар: яъни: “Бир-бирингизга ҳасад қилманглар, молнинг нархини ёлғондан кўтарманглар, бир-бирингизга буғзу – адовот қилманглар, бир-бирингиздан юзингизни бурманглар, ҳеч бирингиз бошқанинг савдоси устига савдо қилмасин, Аллоҳнинг биродар бандалари бўлинглар! Мусулмон – мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни ёрдамсиз ташлаб қўймайди, уни таҳқирламайди. Тақво мана бу жойдадир, деб, уч марта кўкракларига ишора қилиб айтдилар. Кишининг мусулмон биродарини таҳқирлаши унинг ёмонлигига кифоя қилади. Ҳар бир муслмонга мусулмоннинг қони, моли ва обрўйи ҳаромдир.” (Имом Муслим ривоятлари.)  

Пойтахтимизнинг Миробод туманида ҳам миллатлараро тотувлик масаласида бир қатор хайрли ишлар бажарилмоқда. Мутасадди идоралар ҳамкорлигида аҳоли орасида турли учрашувлар ва суҳбатлар ташкил қилиняпти. Суҳбатлар давомида турли миллат вакилларини тотувлик ва аҳилликка ундовчи диний бағрикенглик борасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Бу борада айниқса, туман имом хатиби бошчилигида маънавий ва маърифий тадбирлар пешма пеш олиб борилаётгани таҳсинга лойиқдир. Жойларда туман имом хатибининг маърифий тадбирларни ўтказилиши аҳоли орасида катта қизиқиш ўйғотмоқда. Қайд этиш лозимки, инсон диний қарашлари ҳар хил бўлса-да, унинг яратганнинг олдида бир хил мақомда эканлиги ва барчамиз инсоният ривожи ва унинг камоли учун енг шимариб хизмат қилишимиз зарурлиги мазкур суҳбатлар давомида алоҳида уқтирилмоқда. Ва бу борада турли ҳикоятлар билан бирга ривоятларни амалий мисолларни келтирган ҳолда, тушунтиришиб берилмоқда. Бу эса ўз навбатида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашда ўзига хос замин вазифасини ўтамоқда.

Мамлакатимиздаги мавжуд тинчлик ва осойишталик турган гапки, турли миллат ва халқларнинг ўзаро иноқлигига асосланган. Бу ҳақида Президент “Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради. Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади. Бу–бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир”, дея таъкидлаганди.

Миробод туманида ҳам юқоридаги вазиятларни инобатга олган ҳолда, тегишли идоралар ҳамкорлигида миллатлараро тотувлик борасида бир қатор хайрли ишлар  амалга оширилмоқда. Жумладан, туман имом хатиби турли диний эътиқод вакиллари билан бирга ҳамкорлик асосида ишлар экан, уларга динимизнинг нақадар олижаноб ва бағрикенглигини  амалий мисоллар билан кўрсатмоқда.

Сўзимизнинг исботи сифатида, тумандаги “Байналмилал” маҳалласида 5200 аҳоли ва 1470 хонадон мавжуд бўлиб, у ерда юзга яқин миллат вакиллари аҳил ва иноқ бўлиб ҳаёт кечиришаётганлиги алоҳида қайд этмоғимиз зарур. Бу ердаги аҳоли бир бирининг ҳолидан хабар олиб, яхши- ёмон кунларида елкадош бўлиб яшамоқдалар. Шу ўринда, турли байрам ва шодиёналарда бир бирининг ҳолидан хабар олиш ҳамда бошига мусибат тушганида янада бир бўлиб, ҳамкорликда миллат ва эътиқодидан қатъий назар  беминнат кўмак бериш ҳолатлари киши қалбига қувонч бағишлаши дилларни яйратади.

 Одил Холмуродов

 Миробод тумани  “Ал – Бадр” жомеъ масжиди имом хатиби

 

2442 марта ўқилди

Мақолалар

Top