Мақолалар

Мусулмоннинг аломати 

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон – тили ва қўлидан мусулмонлар омонда бўлган кишидир. Муҳожир – Аллоҳ қайтарган нарсани тарк қилган кишидир”, дедилар”.     Муттафақун алайҳ. 

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўқирканмиз, уларда турфа хил мавзуларни кўрамиз. Уларда  хушхабарлар, огоҳлантиришлар, қиссалар, қайтариқ ва буйруқлар бор. Ва яна шундай ҳадислар борки, уларда аломатлар, сифатлар баён қилинган. Мисол учун, Пайғамбар алайҳиссалом бир ҳадисларида мўмин кишини, яна бирида мунофиқни ва бошқа бирида эса тақводор кишини аломатларини, сифатлари ва белгиларини баён қилиб берганлар. Юқорида ҳам, Росули Акрам алайҳиссаломнинг шундай ҳадисларидан бири зикр қилинмоқда. Бунда эса Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон кишига қисқа ва лўнда лафзлар орқали таъриф бермоқдалар.

Яъни, мусулмонларга тили ва қўли орқали озор бермайдиган киши ҳақиқий мусулмондир. Тил билан озор беришга ғийбат, туҳмат, масхара ёки обрўсини тўкиш, чақимчилик қилиш ва шунга ўхшаш тил сабабли содир бўладиган озорлар киради. Қўл орқали озор беришга эса, одам боласи бажарадиган қайсидир амали билан бошқа инсонни озор чекишига сабаб бўладиган ишлар киради. Ҳадисдаги нозик нукта шуки, бошқа мусулмонлар унинг тили ва қўли сабабидан озорланишдан омонда бўлишлари керак. Яъни, умуман мана шу киши менга қачондир озор беради, деган хавф ва қўрқувдан узоқ бўлишлари керак. Ана шундай инсон ҳақиқий, иймони комил мусулмон ҳисобланади.

Ҳадиснинг давомидаги таъриф мухожир кишини аломатини баён қилмоқда. Яъни, Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк қилган киши ҳақиқий муҳожирдир. Ушбу таърифнинг мусулмон кишига берилган таърифнинг сўнггидан келиши ҳам беъжиз эмас албатта. Чунки, Аллоҳ таоло тил ва қўл орқали ўзгаларга озор берадиган барча амалларни ҳаром қилди. Ғийбат, туҳмат, чақимчилик, масхара қилиш ва ўзгаларни шаънини тўкиш каби тил билан содир бўладиган барча амаллар мутлақо ҳаром. Қўл орқали етадиган озорларга сабаб бўладиган ўғрилик, фирибгарлик, уришиш, хуллас, мусулмон жамиятга озор берадиган барча амаллар ҳам ҳаром қилинди.

Умумий хулоса шуки, қайси бир банда мана шу каби озорларга сабаб бўладиган тил ва қўл орқали содир бўладиган гуноҳларни тарк қилса, ана шу банда ҳақиқий мухожирдир.

Азиз дўстим! Ўз нафсимизга савол берайлик: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таърифлаган мусулмон киши менманми? Мени ҳаётимда Ислом динининг таълимотлари акс этмоқдами? Ёки мусулмонлигимга ўз нафсимдан келиб чиқиб таъриф бермоқдаманми? Аллоҳ таолонинг розилиги учун  нечта амални тарк қилдим?

Агар берилган жавоблардан кўнглимиз таскин топса Аллоҳга ҳамд айтайлик. Мободо, бунинг акси бўлса истиғфор айтайлик. Чунки, биз “мусулмонман” деган сўз билан кичик нарсани талаб қилганимиз йўқ. Биз бу сўз орқали жаннатни талаб қилябмиз. Роббимизга қуллигимизни даъво қилябмиз. Модомики, даъвоимиз асосли бўлишини истасак, мусулмоннинг аломатларини ўзимизда жамлайлик. Росулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таърифлаган кишилар қаторида бўлайлик.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳақиқий мусулмонлар қаторида қилсин!

 

 

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: 

Исломов Ёрбек

 

2475 марта ўқилди

Мақолалар

Top