Мақолалар

Исломда бировга ҳам, ўзига ҳам зарар етказиш йўқ

Ислом динининг бош шиорларидан (яъни, талабларидан) яна бири, зарардан ўзини олиб қочишдир. Яъни, муслим одам, мўмин одам, асло бировга ҳам зарар бермаслиги ва ўзини ҳам таҳликага қўймаслиги керак. Бировга зарар етказиш гуноҳ, аммо ўзини таҳликага қўйиш ундан ҳам катта гуноҳдир. 

Қуръони каримнинг Бақара сураси 195-оятида шундай буйруқ бор: "Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг". Уламолар, тафсирчилар бу ояти кариманинг кўплаб маъноларини очиб беришган. Шулардан биринчиси: бахиллик қилиб, ўзингизни ва молингизни ҳалокатга дучор этманг. Иккинчи маъноси: ўзингизни ўзингиз ҳалок қилманг (ўлдирманг).

Бу ояти кариманинг яна кўплаб маънолари мавжуддир. Ана шу маънолардан яна бири, одам ўзини турли таҳликали, хавотирли, зарарли ҳодисалардан, хатти-ҳаракатлардан, ҳолатлардан, касалликлардан тийиши, сақлашидир. 

Пайгамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг шундай ҳадислари бор: "Исломда бировни ҳам зарарга, таҳликага дучор қилиш ҳам йўқ, ўзини ҳам зарарга, таҳликага дучор қилиш йўқ". Ҳадиснинг маъноси ҳам жуда шомил (кенг) бўлиб, ҳар қандай зарарли, таҳликали ҳодиса, иш, хатти-ҳаракат ёки ҳаракатсизлик кабиларни ўз ичига олади.

Яъни, хар бир банда ўзини ўзи таҳликага қўйиши, хавотирга қўйиши, ён-атрофдаги салбий, хавотирли ҳодиса ва жараёнларга енгил-елпи ўйлаши-ю, эътиборсиз бўлиши тўғри эмас.

Мана ҳозир, шу кунларда, дунёда хам, юртимизда ҳам пандемия, коронавирус қайтадан авж олмоқда. Бу эса, ҳар биримиздан юқоридаги оятга ва хадисга тўлиқ риоя, амал қилишимизни талаб этади.

Гапнинг индаллосини айтганда, ҳар биримиз, ҳар бир ўзбекистонлик ўз соғлигига эътиборсиз бўлмайлик, ўзимиз ва оила аъзоларимиз тинчлигини, соғлигини таҳликага қўймайлик. Пандемиянинг зарарини, ёйилишини камайтириш, тўхтатиш бўйича ҳукумат, мутахассислар тавсия этаётган талабларга, қоидаларга қатъий риоя этайлик. Ана шунда, юқоридаги ояти каримага ва ҳадиси шарифга риоя этган бўламиз, инша Аллоҳ.

Шуни ҳам айтиб ўтиш бурчимизки, агар биз ўзимизни ҳам, бошқаларни ҳам таҳликадан, касалликдан сақлашга интилмасак, бефарқ бўлсак, ояти карима ва ҳадиси шариф талабини бажармаган бўламиз, демак катта гуноҳларни содир этаётган бўламиз. Аллоҳ барчамизни осийликдан, гуноҳкорликдан, лоқайдликдан сақласин.

"Гулбаҳор" жоме масжиди имом-хатиби Нуриддин Ҳошимов

2727 марта ўқилди

Мақолалар

Top