Мақолалар

Бир оят шарҳи

الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنْفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ فَالصَّالِحَاتُ قَانِتَاتٌ حَافِظَاتٌ لِلْغَيْبِ بِمَا حَفِظَ اللَّهُ وَاللَّاتِي تَخَافُونَ نُشُوزَهُنَّ فَعِظُوهُنَّ وَاهْجُرُوهُنَّ فِي الْمَضَاجِعِ وَاضْرِبُوهُنَّ فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فَلَا تَبْغُوا عَلَيْهِنَّ سَبِيلًا إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيًّا كَبِيرًا

яъни: Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғайбга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир. Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (жароҳат етказмайдиган даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир(Нисо сураси, 34-оят).

{ الرجال قوامون على النساء }

Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Эркаклар аёлларни фойдали ишларга буюриш ва шармандалик ишлардан қайтариб туриш билан подшоҳларнинг ўз фуқаролари устида ҳукмдорлик қилганлари каби уларнинг одобларига масъулдирлар. Эрларнинг аёллари устида қоим бўлишларига асосий икки сабаб бор. Бири ваҳбий, яъни улардаги Аллоҳ таоло ато этган иқтидор ва иккинчиси касбий, яъни ўзлари томонидан қўлга киритиладиган имконият. Бу иккиси оятнинг кейинги жумлаларида баён этилган.

 { بما فضل الله بعضهم على بعض وبما انفقوا من اموالهم }

Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир. Оятдаги зоҳирий олмош эркак ва аёлга тааллуқли бўлиб, уларнинг бири бошқасидан устун деган маънони англатади. Ҳақиқат, Аллоҳ таоло эркакларни аёллардан бир қанча сабаблар туфайли ортиқ қилган. Масалан, қатъиятда, куч-қувватда, футувватда, ҳамийятда, самоҳатда, совчилик қилиш ташаббусида ва ҳоказо жиҳатларда эркаклар аёллардан юқори туради. Иккинчи сабаб, никоҳ учун зарур бўлган маблағни эркаклар ўз молларидан нафақа қиладилар, масалан маҳр ва бошқа тўй учун зарур харажатлар эркакнинг зиммасида. 

Мана шу оят аёлларнинг нафақаси эркакларнинг зиммасига вожиб эканлигига ҳужжат ҳисобланади.

{ فالصالحات قانتات حافظات للغيب بما حفظ الله }

(Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғайбга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир. Солиҳа аёллар аввало, Аллоҳ таолога итоат – ибодат - қиладиган ва эрларининг ҳуқуқларини адо этадиган, эрлари уйда йўқ вақтида ҳам уларнинг шаънини, молини ва ўзининг иффатини сақлайдиган аёллардир. Бундай аёллар ҳақида Пайғамбаримиз с.а.в. шундай деганлар:

« خير النساء امرأة ان نظرت اليها سرتك وان امرتها اطاعتك واذا غبت عنها حفظتك فى مالك ونفسها »

яъни:  “Аёлларнинг энг яхшиси шуки, қараганингда кўзингни қувнатади, бирор юмушга буюрсанг итоат этади, уйда йўқ вақтингда молингни ҳам, иффатини ҳам сақлайди”.

{ واللاتى تخافون نشوزهن فعظوهن واهجروهن فى المضاجع واضربوهن }

Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга панд-насиҳат қилингиз, сўнгра (бу таъсир қилмаса) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (жароҳат етказмайдиган даражада) урингиз.Қўрқиш” деганда, аёл томонидан эрга итоатсизлик содир этилиши аён бўлганда ёки аё         лнинг эрга нисбатан муносабати совуқлашиб қолгани сезилганда ва бу эрни хавотирга сола бошлагандаги ҳолат тушунилади. Шунда, эр хотинига эрни ҳурмат қилиш хотиннинг зиммасидаги вожиб амал эканлиги, бунинг эвазига катта ажру савоб берилиши, аксинча эрни норози қилган хотиндан Аллоҳ таоло ҳам рози бўлмаслиги ҳақида ваъз-насиҳат қилади. Бу усул таъсир қилмаса, ётоғини бўлак қилади. Унда ҳам ўнгланмаса, енгилгина туртади. Ривоят қилинишича ансорларнинг раисларидан бўлмиш Саъд бин Рабиъ р.а.нинг хотини Ҳабиба бинт Зайд ибн Абу Зуҳайр унга итоат қилмай қўяди. Шунда у хотинини юзига шапалоқ уриб юборади. Ҳабибанинг отаси шикоят қилиб қизини Расулуллоҳ с.а.в.нинг олдиларига еталаб келади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Қасдини олиб бераман”, дейдилар. Шу вақтда юқоридаги оят нозил бўлиб қолади. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Биз бир ишни қилмоқчи эдик, Аллоҳ таоло бошқа ишни ирода қилди. Албатта, Аллоҳ таолонинг иродаси бизникидан яхшироқдир”, дейдилар. Ушбу ояти карима билан хотинини тарбиялаш учун урган эрдан қасос олинмаслиги маълум бўлади.

{ فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فلا تبغوا عليهن سبيلا}

Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз. Имом Абу Мансур ал-Мотуридий ҳазратлари ўзларининг тафсирларида юқоридаги оятларни шарҳлаб айтадилар: юқоридаги учта усул оятда баён қилинган тартибда ва босқичма-босқич қўлланмоғи лозим. Ушбу усуллардан қайси бири бўлса ҳам таъсир қилиб, аёл ўзига келса, энди эр унинг қилган хатосини юзига солмай, гўё ҳеч нима бўлмагандек яхши муомаласини қилиши лозим бўлади. Зеро, хатосини тушуниб тавба қилган киши, гўё хато қилмагандек ҳукмда бўлади.

{ ان الله كان عليا كبيرا }

Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан ва ҳар қандай кимсадан олий ва улуғдир. Жумладан, хотинига танбеҳ берган эрдан ҳам. Шунинг учун ушбу оятда Аллоҳ таоло Ўзининг улуғлигини эслатиб қўймоқда. Чунки, эр ҳам гоҳида Аллоҳ таолога итоатсизлик қилиб, Унга осий бўлиб қолади. Шундай ҳолатларда у ҳам Аллоҳ таолонинг авфу мағфиратига муҳтож бўлиб қолади. Шундай экан, хатосини тан олиб, уни тўғрилаган кишиларни кечириш лозим бўлади.

Баъзи уламолар айтадилар: аёл кишининг биргина озорига чидаш билан, аслида ундан содир бўладиган йигирмата озорнинг олди олинади. Масалан, қилган айбига чидамай хотинни сўксангиз аламидан болангизни уради, идиш-товоқни синдиради, оғилхонадаги бузоқни туртади, оёғини остига ўралашган мушукни тепади, кийимингизни куйдиради, келган меҳмонни безор қилади ва ҳоказо.

Ояти каримада эркакларни аёлларнинг устида қоим турувчи кишилар эканлигини баён қилиш билан эркакларнинг асл, аёлларнинг фаръ эканлигига ишора қилинмоқда. Яъни, яратилишда эркак (Одам) аввал яратилган, сўнгра аёл (Ҳавво) эркакнинг қовурғасидан яратилган. Ҳавво яратилмасдан олдин у Одамнинг гавдасида эди. Ўша ҳолатда ҳам у Одамнинг риоясида, парваришида эди. Ҳудди шу каби, эркаклар доимо аёлларнинг дунёвий ва диний манфаатларини ҳимоя қилиб, таъминлаб боришлари лозим бўлади.

 Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари

        

        

2711 марта ўқилди

Мақолалар

Top