Мақолалар

“Оммавий маданият”нинг оилаларимизга салбий таъсири

Оилаларимиздаги тартиб-қоидалар долзарб аҳамиятга эга. Умуман, оилаларимизда ўрнатилган ўзига хос қоидалар оила мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим бўлиб келган. Масалан, Марказий Осиё ҳудудига Ислом дини ёйилгач, оилага доир қонун-қоидалар ушбу дин таълимоти асосида шаклланди. Яъни, оилада эрнинг мавқеи баландлиги, шу билан бир қаторда, хотин ҳам ҳақ-ҳуқуқларга эга экани, фарзандлар ота-оналари билан ўртада чегара борлигини ҳис қилиб, ҳурмат билан мулоқотда бўлиши кабилар.
Кузатувлар натижасида кўп йиллар давомида ота-боболаримиз қалбига сингиб кетган ушбу қадриятлар бугун юртдошларимиз орасида аҳамиятини бирмунча йўқотаётгандек кўринди. Хориж матбуотига кўра, бугунги кунда ғарб ўсмирлари орасида бошқа мамлакатлар ёшларига қараганда уюшган жиноятчилик ва зўравонликка берилиш ҳолати юқори. Бунга сабаб – болаларга керагидан ортиқ эркинлик берилгани экан. Уларни ҳозирдан айш-ишратга берилиб, турли ахлоқсиз хатти-ҳаракатларга ружу қўйишдан ҳеч ким қайтармайди. Оқибатда Британияда ўсмир қизлар орасида ҳомиладорлик даражаси Оврўпа мамлакатлари бўйича энг юқори кўрсаткичга етган. Яқинда хориж телеканалларидан бирида фарзандларнинг беҳаё суратлар ва фильмларни томоша қилишига ота-оналар муносабати тўғрисида дастур намойиш этилди.
Унда интервью берган бир аёл ўз қизининг шундай лавҳаларни кўришига қарши эмаслигини айтиб, қизим келгусида бошига тушадиган ҳолатлардан хабардор бўлиши керак, деб ғалати фикр билдирди. Маълумки, тижоратчилар ўз маҳсулотлари харидини оммалаштириш учун турли воситаларни ишга солишади. Бугунги кунда матбуот дўкончалари олд томонига осиб қўйилиб, бирор нашрни ёки маҳсулотни реклама қилаётган “соҳибжамол”лар кўпайгани ушбу фикрларимиз тасдиғидир. Инсон ҳаёти давомида бирор шахсни ўзига ўрнак деб билади, у каби ҳаёт кечиришни, у эришган ютуқлар каби муваффақиятларга эришишни, юксак чўққиларга чиқишни кўзлайди. Бугун жамиятнинг ёш аъзолари ўз ҳаётлари учун бошқа маданият вакилларининг фикрлаш ва ҳаёт тарзини ўрнак қилиб олишлари кўп муаммоларни келтириб чиқармоқда.
“Маърифат” газетасида келтирилган маътумотга кўра, ғарб ёшлари фарзанд дунёга келтириш ҳақида ўйламай қўйишган, йигитларга уйланмаслик, қизларга қирққа тўлса-да, турмушга чиқмаслик урф бўлган. Улар наздида, оила – барча ташвиш ва бахтсизликнинг асоси ва эркинликни бўғувчи ихтиёрий қуллик эмиш. Бундай қарашлар бизнинг жамиятимизга зиддир, бу каби салбий одатлар ёйилишининг олдини олишимиз керак. Ғарб турмуш тарзида ор-номус, эркаклик шаъни, аёллик иффати деган нозик тушунчалар емирила бошлаётгани, бундай ҳолатлар “эркин ҳаёт тарзи” сифатида ахборот воситаларидан тарғиб қилинаётгани боис, халқимиз орасида ушбу турмуш тарзидан таъсирланиш ҳолатлари учраши, бу эса инсон ҳаёти, оила мустаҳкамлиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солиши мумкинлиги барчамизни огоҳ этиб, ёшларимизни бундай маънавий хатарлардан сақлаш учун жидду жаҳд қилишимиз зарур.

Ғарбда инсоннинг эътиқоди, Яратганга муносабати унинг ўзигагина тегишли шахсий масалага айланди ва айнан шунинг негизида шахспарастлик асослари шаклланиб, гўё ғарб кишисининг фаоллиги ва эркинлиги учун кенг имкониятлар яратилди. Эндиликда кўплаб одамлар ҳаётнинг маъно-мазмунини эътиқод билан боғламайди, улар бошқа ҳаётий мақсадлар, эҳтиёж ва манфаатларни устун қўядиган бўлишади. Бу эса ғарб кишисида ҳаётдан мақсад – руҳий юксаклиш, тикланиш эмас, балки моддий фаровонликдан лаззатланиш ақидаси шаклланишига олиб келди. Кишилар онги мана шундай хато фикрлар билан йўғрилган ўтган асрда инсониятнинг маънавий ҳаётига қаттиқ таъсир қилган ҳаракатлар, айниқса, коммунизм ва фашизм мафкураси юзага келди. Бу эса инсониятнинг, хусусан, шундоқ ҳам диний-ахлоқий турмуш тарзидан бирмунча узоқлашган ғарб кишисининг руҳий- маънавий ҳаётида бўшлиқни вужудга келтирди. Шундай қилиб, ғарб жамиятида диннинг мавқеи пасайиши эътиқоднинг сусайишига жиддий таъсир қилганини инкор этмаган ҳолда, диний қадриятлар емирилишининг асл илдизларини барча тамаддунлар, айниқса, ғарб давлатлари ва халқлари тарихида ғоят муҳим ўрин тутган, юқорида зикр этилган сабаблардан изланса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Бугунги кунда ғарб маданиятининг салбий жиҳатлари таъсирини халқимизнинг маънавий камолотини таъминлашга хизмат қилиб келган воситалар: санъат, адабиёт ва кийиниш одобида кўриш мумкин. Мисол учун, одобни энг кўп тарғиб қилувчи ҳисобланган адабиётларда ҳозирги кунда ахлоқсизлик белгиларининг учраши халқимизга хос шарм-ҳаё, ибо, номус, иффат, садоқат ва вафо каби тушунчаларга дарз солмоқда. Тинимсиз ахборот оқими вужудга келтираётган муҳитда миллий қадриятлар, ўзига хосликни ифодаловчи анъаналар завол топишининг олдини олиш мақсадида ахборот хавфсизлигини жорий қилиш; бунда, интернет тармоғи ҳамда сунъий йўлдош каналлари орқали намойиш этилаётган, юртдошларимизнинг дунёқараши бойишига хизмат қиладиган дастурларни бериб бориш билан бирга, кишиларда жаҳон ахборот тармоғидан нимани олиш керак, нимани олиш яхши эмас, деган кўникмаларни шакллантириш, телевидение, радио ва турли кўнгилочар тадбирларда миллий қадриятларимизга тўғри келмайдиган либосларда чиқишларнинг олдини олиш; матбуот ва бадиий асарларда ёшларимизни енгил-елпи ҳаёт кечиришга ва саёз дунёқарашга чақирувчи қисса ва ҳикоялар чоп этилишига йўл қўймаслик керак.
Ғарб турмуш тарзининг жамиятимизга таъсири сезиларли даражада экани ҳақида ўйлаганимизда, табиийки, ҳар биримиз ташвишга тушамиз. Шунда ёшлар таълим-тарбияси борасидаги ишларимизнинг самарадорлиги қанчалар муҳим аҳамиятга эга эканини тушуниб етамиз. Шу билан бирга, шукр қиламизки, халқимиз орасида соғлом эътиқодли, юксак одобли кишилар кўпчиликни ташкил қилиб келмоқда. Ҳақиқатан, юксак ахлоқ, аввало, ҳар бир инсоннинг одобини, халқнинг орзу-умидлари, ният-интилишларини намоён қилади. Шунинг учун эзгуликни қадрлаб, рағбатлантириб, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни асраб, ривожлантириб, адашганларни тўғри йўлга солиб бориш барчамизнинг асосий вазифамиздир

 

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан.

3116 марта ўқилди

Мақолалар

Top