Мақолалар

Биз тарбия борасида аждодларимиз қолдирган кўп нарсалардан фойдаланмай юрган эканмиз
Халқимизда” Олтин олма дуо ол, дуо олтин эмасму?”, деган пурмаъно ҳикмат кенг тарқалган. Катта тўй маросимлари бўладими, катта ишларни боши бўладими, пировардида табаррук кишиларнинг дуоси олинмаса, инсоннинг кўнгли сира тўлмайди, нимадир кемтик бўлиб тураверади. ”Кўпнинг дуоси- кўл” , бўлгани учунми, халқимиз элнинг дуосини олганлар, диллари яйраган. Ёшлар ўртасида миллий қадриятларни тиклаш ҳақида давлатимиз раҳбари масалани кўндаланг қўйган эканлар, миллатимизнинг ушбу ноёб қиррасини тарбия жараёнига киритиш, дуонинг асл моҳиятини ўқувчи ёшларга кенг тарғиб қилиш керак. Вояга етмаган болаларни тартибга келтиришни анча эскириб кетган усулларидан воз кечиб, барча жамоатчиликни чорлаб соф миллий анъаналар орқали ҳам тарбиялаш мумкин деган фикрдаман. «Бировнинг боласи, унинг тарбияси билан мени нима ишим бор?», дейиш жамоатчиликнинг энг катта хатоси десак, асло янглишмаймиз. Мактаб ўқитувчиси ўз номи билан ҳам билим берувчи, ҳам тарбияловчи. Атрофдагиларнинг тарбия масаласида беписанд бўлиши ҳам бизнинг миллатга хос эмас. Бизда ҳамиша қўни- қўшнилар бир-бирларини саломига алик, яхшилигига жавобан эса дуо қилиб келишган.
 
Болаларга энг аввало дуони ўзи нималигини тушунтириш керак. Дуо арабча сўраш, илтижо, чақириш маъноларини англатадиган сўз бўлиб, инсоннинг муайян моддий ҳамда маънавий эҳтиёжларини қондирилиши илтижо этиладиган тилакдир. Мен тажриба тариқасида болаларга: «Сизлар ота- онангиз ҳаққига нима деб дуо қилган бўлар эдингиз?», деб сўрасам, уларнинг аксарияти: «Ота-оналарини доимо соғ-саломат бўлишларини, уйда ҳамма ноз-неъматлар бўлишини », дейишди. Ҳа, болаларча беғубор истак ва хоҳишлар замирида чин маъно бор. Айни шу маънода ўзингизни ўзингиз қандай дуо қилган бўлар эдингиз, десам: ”Аъло ўқишни, баъзилари спорт мусобақаларида чемпион бўлишни”, деб айтди. Яна юрт ҳаққига-чи десам, улар: ”Улар албатта тинчлик, осойишталик, яна аллақайси бола бозорлардаги тўкин-сочинликни тилади”. Мен жавоблардан қониқиш ҳосил қилар эканман, булар билан бир қаторда дунёдаги энг табаррук дуо ота-она ва устозларнинг дуоси эканлигини уқтираман. Мана уша тарихий дуони кучини англатувчи, ҳар қандай болани фақат яхшиликка чорловчи суҳбатлардан намуналар.
 
Соҳибқирон Амир Темур ўз «Тузуклар»ида бундай ёзади:” ... Дуогўй кишиларнинг қадрладим. Улар билан хилватда суҳбат қуриб, кўнглимдаги мақсадларимни айтиб, дуо тилар эдим. Мажлисларда, базмларда, жанг майдонларида улардан кўп барокотлар топдим. Тўхтамишхон билан бўлган жангда ғаним лашкари кўплигидан ва менинг лашкарим эса озлиги ва очлигидан кўп азият тортган эдим. Шу пайт соҳиби дуо бўлмиш Мир Зиёвуддин Сабзаворий бошидан салласини олди, қўлларини дуога очиб, мен учун Тангридан зафар тилади. Ҳали дуоси тугамай туриб, дуо таъсири кўриниб, лашкарим ёғийни қочирди” («Темур тузуклари».-Тошкент,1996.19- бет) Амир Темурнинг Мир Саййид Барака, Шамсиддин Кулол, Зайниддин Тойибодийдан доим дуо олиб турганлиги, Соҳибқироннинг уларнинг муқаддас қадамжоларига доим эҳтиром кўрсатиб тарихий обидалар қурдирганлигини болаларга сўзлаб бериш мумкин. 
 
Яна бир олим Ибн Арабшоҳнинг таъкидлашича: ”Темур доим салтанатда эришган жамики нарсам ва мустаҳкам маконларни фатҳ қилишим, булар ҳаммаси Шайх Шамсиддин Кулолнинг дуоси, Шайх Зайниддин Тойибодийнинг ҳиммати ва барча барокотларим эса фақат Саййид Барака ёрдамида бўлган ”, деб тан олар эканлар. Шу ўринда дарсликда албатта ёши улуғлар ва мартабали кишиларнинг дуосини олиш, уларга йўл бериш, жой бериш, етаклаб серқатнов кўчалардан ўтказиб қўйиш, юкларини қўлларидан олиш каби олижанобликлик уларнинг дуосига сабаб бўлишини ёзиш жоиз. Кексаларга китоб ўқиб бериш, эсласа уларга ҳузур бахш этадиган тарихий воқеаларни айтиб беришни илтимос қилиш ҳам дуога сабаб бўлади. Фақат кекса кишиларнинг кўнглини кўтаришгина эмас, балки уларни тансиқ таомлар билан сийлаш, театр ва киноларга, тўй-ҳашамларга олиб бориш каби эзгу юмушлар ҳам кексаларни дуога қўл очишларига сабаб бўлади. Умуман, ёшликдан ким одамлардан дуо олишни канда қилмаса, бир умр дуоталаб бўлиб, эзгу ишларга доим ҳамроҳ бўлиб, Амир Темур бобомиздек киши юксак мартабага эришади. Биз тарбиячилар шу ғояни бола қалбига сингдира олсак, тарбияда яхшигина натижага эришган бўламиз.
 
ОТА-ОНА ДУОСИ ҲАҚИДА
 
Буюк аждодимиз Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ҳаётида ҳам дуо ҳақида ибратли тарихий мисол келтирилади. Манбаларда қайд этилишича, у отасидан жуда эрта етим қолади. Устига-устак, гўдак ёшида Бухорийнинг кўзлари кўрмай қолади. Шунда бу ҳолдан қаттиқ изтиробга тушган онаизор умидсиз бўлмай, Яратгандан ўғлига шифо сўраб, кечаю- кундуз тинимсиз дуо қилади. Тарихдан маълумки, онанинг дуоси илтижо бўлиб, ғам шодликка айланади, боланинг кўзлари нурга тўлади. Ўткир зеҳнга эга бу инсон ўн ёшларидаёқ мактабда берилган барча билимларни ёд олиб барчани қойил қолдиради. Юртбошимиз, халқимизнинг эзгу дуолари шарофати сиз мана шундай бахтли ҳаётда мактабларда таълим олаяпсиз, дейман ўқувчиларимга. Ҳозир барча ҳар ерда, ҳеч тортинмасдан эзгу ишларни тилаб бемалол дуо қилиш мумкин. Навоий, Бобурга оид дарсларда бу улуғ аждодларимизни шу даражага етишларида Алишер Навоийнинг ёшлигида Шарофиддин Али Яздий, Мавлоно Лутфий ҳазратлари дуода бўлган бўлса, устозлари бир умр у кишига ёнма-ён юрган Абдураҳмон Жомий Навоийни доим дуо қилганларини айтиш, жумладан, Жомий ҳазратларининг ёшларимиз ибрат олса арзигулик дуоларини мисол келтиришимиз мумкин. Маълумки, Ҳазрат Алишер Навоий туркий тилнинг имкониятлари ҳақида айтилган қарашларнинг нечоғли мантиқсиз эканини ўз ижоди, истеъдоди ва билими билан исбот этди, яъни ул зот соф туркий тилда ”Хазойин- ул маоний” асарини битиб, таҳсинларга сазовор бўлди. Шунда Абдураҳмон Жомий севиниб Навоийни дуо қилдилар: ”...бу қаламга фалакдан офаринлар ёғилгай!” Устознинг дуоси ижобат бўлган бўлса, не ажаб. 
 
Буюк Алишер Навоийнинг умри боқийлигини асосий сабаби ҳам ул зотнинг элдан, устозлардан, амалдорлардан олган дуоларидан деб билиш лозим. Шу ўринда Заҳриддин Муҳаммад Бобур ҳаётида ҳам ночор қолган пайтлардаги қилган дуоларини «Бобурнома»дан парчалар келтирилиши муҳим тарбиявий аҳамиятга эга эканлигини таъкидламоқчиман. Бобур Мирзонинг дуоси қабул бўлган ҳолат ҳақида ҳам сўзлаш ўринли. Биз тожу- тахт учун ўз боласи ёхуд отасини қатл этган ҳукмдорлар ҳақида кўп эшитганмиз. У тахтни ночорликдан эмас, балки ўғли Ҳумоюнни жонини сақлаб қолиш учун ўз ихтиёри билан топширди. Ҳар бир ишда натижадорлик ва аниқлик бўлиши керак. Бунда албатта ёш муаллимлар ёши улуғ ўқитувчиларни гапларига таянишлари лозим. Тан олиш керак, биз чинакамига тарбия борасида кўп аждодларимиз қолдирган нарсалардан фойдаланмай юрган эканмиз. Жумладан, ёшлар ҳақига дуо қилишни уларга дуони тарбиядаги ўрнини ҳам тушунтира олсак, анча бетарбияликларнинг олди олинган бўлади.
 
Бахтиёр КАРИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси
 ЎзА
2419 марта ўқилди

Мақолалар

Top