Мақолалар

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ўғли Ҳаммодга қилган йигирмата насиҳати

Эй ўғлим! Аллоҳ сени рушди ҳидоятга бошласин ва сенга У доимо мададкор бўлсин! Мен сенга панду насиҳат қилмоқчиман. Менинг ўгитларимни хотирангда сақласанг ва қулоғингга қуйиб олсанг, дининг ва дунёйинг йўлида сенга, иншааллоҳ, бахту иқбол ёр бўлғай.

1. Аллоҳдан қўрқиб, жисмингдаги барча аъзоларни гуноҳу маъсиятдан сақлаган ҳолда Унга ибодат қил! Унинг буйруқларини сўзсиз адо эт!

2. Эҳтиёжинг тушадиган илмни ўрганишдан ўзингни олиб қочма!

3. Дину дунёнинг йўлида асқотадиган кишилар билангина ошначилик қил.

4. Нафсингдан ҳаққингни ол. Зарурат бўлганидагина унга инсоф қил.

5. Мусулмонга ҳам, зиммийга ҳам душманчилик қила кўрма!

6. Аллоҳ берган ризқу рўзингга қаноат қил!

7. Бошқаларга мухтож бўлмаслигинг учун қўлингдаги бор бисотингдан тадбиркорчилик билан фойдалан!

8. Одамлар сенга таҳқир назари билан боқишларига сабабчи бўладиган юмушни қилма!

9. Эхтиёжингдан ортиқча бўладиган нарсаларга берилишдан нафсингни тий!

10. Одамлар билан учрашганингда гапни салом беришдан бошла, сўзлаганда майин ва мулойим сўзла, яхшиларга ёқимли бўл, ёмонлар билан муросаю мадора қил!

11. Аллоҳга кўп зикр айт, Унинг Пайғамбарига бисёр салавотлар йўлла!

12. Пайғамбаримиз, алайҳиссалом, марҳамат қилган қуйидаги саййидул истиғфор билан машғул бўл!

سيد الاستغفار أن تقول : " اللهم أنت ربي، لا إله إلا أنت خلقتني، وأنا عبدك وأنا على عهدك ووعدك ما استطعت، أعوذ بك من شر ما صنعت، أبوء لك بنعمتك علي و أبوء بذنبي، فاغفر لي فإنه لا يغفر الذنوب إلا أنت " . من قالها من النهار موقنا بها فمات من يومه قبل أن يمسي فهو من أهل الجنة، ومن قالها من الليل وهو موقن بها فمات قبل أن يصبح فهو من أهل الجنة

“Аллоҳумма анта роббий, ла илаҳа илла анта, ҳолақтаний ва ана абдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту, аъузу бика мин шарри ма сонаъту, абуу лака биниъматика алайя ва абуу бизанбий фағфирлий фаиннаҳу ла яғфируз зунуба илла анта”.

Маъноси: “Парвардигоро, Сен менинг Раббимсан, Сендан ўзга илоҳ йуқ, Сен мени яратдинг ва мен Сенинг қулингман, Сенинг аҳдинг ва ваъдингга қўлимдан келганича собит бўламан. Қилган ишларимнинг ёмонлигидан Ўз паноҳингда асрашингни сўрайман, менга берган инъомингга ва гуноҳимга иқрорман, мени мағфират қил. Зеро, Сендан бошқа гуноҳларни мағфират қиладиган зот йуқ!”

Ушбу саййидул истиғфорни тунда ўқиган банда, мабодо ўша кеча вафот этса, жаннатга киради, кундузи ўқиган банда, мабодо ўша куни оламдан ўтса, жаннатга киради.

جاء رجل إلى أبي الدرداء فقال : يا أبا الدرداء قد احترق بيتك فقال ما احترق لم يكن الله ليفعل ذلك بكلمات سمعتهن من رسول الله صلى الله عليه و سلم من قالها أول نهاره لم تصبه مصيبة حتى يمسي ومن قالها آخر النهار لم تصبه مصيبة حتى يصبح : اللهم أنت ربي لا إله إلا أنت عليك توكلت وأنت رب العرش العظيم ما شاء الله كان وما لم يشأ لم يكن لا حول ولا قوة إلا بالله العلي العظيم

Саҳобалардан Абу Дардога, уйингга ўт кетди, дедилар. У зот, мени уйимга ўт тушмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан, кимки қуйидаги дуони тонгда ўқиса, кечга қадар унга ҳеч қандай зарар етмайди ва агарда уларни кун қорайиши билан ўқиса, тонг отгунгача унга ҳеч қандай бахтсиз ҳодиса йўлиқмайди, деганларини эшитганман, деб жавоб берган экан.

Мазкур дуо: “Аллоҳумма анта Роббий, ла илаҳа илла анта, алайка таваккалту, ва анта Раббул Аршил азийм, ма ша-аллоҳу кана ва ма лам яша лам якун. Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи-л-аълиййи-л-ъазийм”.

Маъноси: “Парвардигоро, Сен менинг Раббимсан, Сендан ўзга илоҳ йўқ, Сенга таваккал қилдим, Сен буюк Аршнинг Парвардигорисан. Аллоҳ истаган нарсаси бўлади ва истамаган нарсаси бўлмайди. Куч ва қудрат Буюк ва Улуғ Аллоҳ биландир”.

Аниқ хабарларда нақл қилинишича, Абу Дардо розияллоҳу анҳу хонадонларини ўт тушишидан Аллоҳ асраган экан.

13. Ҳар куни Қуръон ўқишни одат қил ва ўқиганларингнинг савобини Пайғабаримиз алайҳиссаломга, ота-онанг, устозлорингга ва барча мусулмонларга бағишла!

14. Душманларингдан кўра ҳам дўстларингдан эҳтиёт бўл. Одамлар орасида фисқу фасод зиёда бўлган вақтида душманинг дўстингдан фойдаланиши мумкин.

15. Сиру асрорингни, моддий имкониятингни, мазҳабингни ва борар жойингни махфий тут!

16. Қўшничиликни яхши қил ва қўшнингдан келадиган азиятларга сабру бардошли бўл!

17. Аҳли суннат вал-жамоат йўлини маҳкам тут, залолат ва жаҳолат аҳлидан ўзингни четга ол!

18. Барча ишларингда холис ниятли бўл, ҳар бир ҳолатда ҳам фақат ҳалол нарсаларни истеъмол қилишга жидду жаҳд қил!

19. Мен беш юз ҳадис орасидан танлаб олган қуйидаги беш ҳадисга амал қил:

а) “Барча ишлар, албатта, ниятга боғлиқ бўлади. Ҳар бир кишига ният қилгани бўлади".

б) “Кераксиз нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг диёнати чиройли эканидандир”.

в) “Ўзи хуш кўрган нарсани бошқага ҳам раво кўрмаган банданинг имони баркамол бўлмайди”.

г) “Ҳалол ҳам маълум ва харом ҳам маълум. Аммо улар ўртасида шубҳали нарсалар ҳам мавжуд. Кўпчилик уларни билмайди. Улардан ўзини сақлаган банда динини ва шарафини ҳимоя қилган бўлади. Шубҳали нарсалардан ўзини тиймаган банданинг ҳаромга ўтиб қолиши ҳеч гап эмас. Бундай банда қўриқхона атрофида қўй боқайтган қўйчивонга ўхшайдики, у ҳар лаҳзада қўриқхонага ўтиб кетиши мумкин. Ҳар бир ҳукмдорнинг қўриқҳонаси бўлганидек, Аллоҳнинг ҳам қўриқхонаси бор. У Аллоҳнинг ҳаром қилган нарсаларидир. Ҳар бир бандада бир парча гўшт борки, у соғлом бўлса, бадан ҳам соғлом бўлади ва агар у касал бўлса, бадан ҳам бемор бўлади. У – қалбдир”.

д) “Бировларга тили ва қўли билан озор етказмайдиган мусулмон ҳақиқий мусулмондир”.

20. Соғ ва саломат  вақтингда доимо хавф ва ражо (қўрқинч ва умид) орасида бўл! Аллоҳ таоло хусусида яхши ўй, холис қалб, зафарли умид билан оламдан ўт!  

 

ЎМИ матбуот хизмати

2922 марта ўқилди

Мақолалар

Top