Мақолалар

Профессионалмисиз?

        Бугун ҳар бир соҳага профессионал кадр керак. Назаримда инсон ўзи ҳаётда ҳам профессионал бўлиши лозим. Жилла қурса инсонийликни профессионал амалга оширайлик.

“Профессионал”нинг ўзбекчаси қандай бўлади? Тимсолий қилиб, “Устаси фаранг” десак, тўғрими? Хуллас, ҳаёт саҳнасида устаси фаранг бўлинг. Атрофингиздаги бутун борлиқ сизнинг фойдангизга, буюк манфаатларингиз йўлида ишлашини унутманг. Эртами-кеч албатта зафар қучишингизга заррача гумон қилманг.

         Ҳаваскор ва профессионаллар орасидаги асосий фарқ мана шунда: ҳаваскор муваффақиятга эришувига УМИД қилади, профессионал эса бунга астойдил ИШОНАДИ.

         Худди шу кайфиятдаги мусулмон эса ҳар бир қилаётган ишини моҳирлик ва меҳр билан бажаради. Оила, жамият, ишхона ва дўстлар орасида, одамлар билан ҳам профессионал ёндашув асосида мулоқот қилади.

Бунинг учун бизда барча имкониятлар мавжуд. Хўш, қандай?

–       Қуръони карим – дастуруламал.

–       Суннат – қандай яшаш ва нима қилиш кераклигини ўргатувчи йўл.

–       Уламолар ва устозлар ўгити.

Тинчлик, инсонпарварлик ва яхшилик тарғиботчиси бўлган динимиз, бизни профессионал шахс, кадр, инсон ва мусулмон бўлишимизда энг катта таянчдир.

Ғарб инсоншунослари битган машҳур китоблар мағзи аслида Шарқ алломаларининг этагидан тўкилган дурдоналардан иборат. Масалан, имом Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратларининг мана бу ўгитларига қулоқ тутайлик: “Билгилки, инсон қалби сир-синоатлар кони ва жавоҳирот манбаидир. Бироқ улар бу ерда темир ва тошдаги оташ ёки ер остидаги сув каби яшириндир. Ва бу сир-синоатларни самодан ўзга нарса ёрдамида очиш мумкин эмас. Негаки, қалб манзилига фақат “эшитиш даҳлизи” орқалигина ўтиш мумкин. Ва мавзун, таносиб оҳанглар уларни ташқарига олиб чиқадилар”. (“Иҳё улум ад-дин”, 788-бет.)

Ўзингизни кашф этинг! Дангасалик, бекорчи ўй-ҳаёллар, “қилолмайсан”, “қўлингдан келмайди”, “бу сенинг ишинг эмас”, ҳасад, бахиллик, ўзингизни бечораҳол кўришни бас қилинг!

Аллоҳ таолодан ўзимизга куч-қувват, жасурлик ва шижоат сўраб дуо қилайлик!

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

2269 марта ўқилди

Мақолалар

Top