Мақолалар

Экстремистик ва террорчи гуруҳлар ўз ҳаракатларини “шаръий” деб исботлаш учун ўзларини “мужтаҳид” деб эълон қилиши тўғрими?

давоми

Ушбу мақоланинг биринчи саҳифасида қайд этилганидек, сўнги йилларда экстремистик ва террорчи гуруҳлар ўз ҳаракатларини “шаръий” деб исботлаш учун ўзларини “мужтаҳид” деб эълон қилиб, турли манфаатларни кўзлаган ҳолда “фатволар”ни чиқариб келмоқдалар. Бу эса, бир томондан, инсонларни адашиб, нотўғри йўлларга кириб кетишларига сабаб бўлса, иккинчи томондан, жамиятда ўзаро тушунмовчилик адоват кайфиятининг пайдо бўлишига замин яратмоқда.

Келинг шу ўринда Ислом тарихига назар ташлайлик.

Дастлаб фатво бериш мақомида Расулуллоҳ (а.с) турганлар. У киши Аллоҳ таоло томонидан ваҳий қилинган ҳолда фатво чиқарганлар. Расулуллоҳ (а.с) билан саҳобалар ўртасидаги суҳбатлар одатда савол-жавоб тарзида бўлар эди. Расулуллоҳ (а.с) билганларига жавоб берар, билмаганларига Аллоҳ таолодан шу саволга жавобни билдиришни сўрар эдилар.

Расулуллоҳ (а.с)дан сўнг саҳобалар, улардан кейин тобеинлар фатво берганлар. Шундай бўлсада, фатво беришнинг масъулияти оғир эканини ҳис қилиб, саҳобалардан Умар ибн Хаттоб, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Оиша онамиз, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар (р.а)лар каби саноқли кишиларгина фатво чиқарганлар. Ибн Абу Лайло айтадилар: “Расулуллоҳ” (а.с)нинг 120 та ансорларини учратдим. Уларнинг бирларидан савол сўраганимда кейингисига ўтказар, ундан сўрасам у бошқасини кўрсатар эди. Охири айланиб яна биринчи савол берган кишига келдим”. Ушбу ҳолатда ҳам кўришимиз мумкинки, саҳобалар фатво беришда ниҳоятда эҳтиёткор бўлганлар.

Саҳобалардан сўнг, тобеинлар ёки улардан кейинги даврда яшаган уламолар ҳам фатво беришдан ўзларини сақлардилар. Жумладан, тобеинлардан бўлган Шаъбийдан бир савол сўралганда у киши: ”Билмайман”, деб жавоб қиладилар. Шундай одамлар: ”Сен Ироқ фақиҳи бўлсанг “билмайман” дейишга уялмайсанми?” деганда Шаъбий: “Фаришталар: “Зоти покинг ҳаққи, бизда Ўзинг билдирганигдан ўзга илм йўқдир” (бақара 32), дейишга уялмаган, мен нега уялай”, деб жавоб берган эканлар.

Фатво бериш масаласида мазҳаббошиларидан бири бўлмиш Имом Молик: “Инсон бирор саволга жавоб беришдан олдин ўзини дўзах ёки жаннатда тасаввур қилсин-да, кейин жавоб берсин”, деган эканлар. Бир куни у кишидан савол сўрашганда: “Билмайман”, деб жавоб берадилар. Савол берган киши: “Бу осон савол бўлса, шуни ҳам билмайман дейишликка уялмайсанми?” деганда, Имом Молик ғазабланиб: “Осон масала?! Билиб қўй, динда осон масаланинг ўзи йўқ! Аллоҳ таолонинг: “Зеро, биз сизга оғир сўзни (Қуръонни тушуражакмиз)” (Музаммил, 5), оятини эшитганмисан?! Илмнинг барчаси қийин, жумладан сен сўраган нарса ҳам”, деб жавоб берганлар.

Юқоридагилардан келиб чиқсак, диний, шаръий масаларга билиб-билмай жавоб бераверишлик яхшиликка олиб бормайди. Фатво берадиганлар икки дунёда ҳам оғир масълиятли инсонлар саналади. Шундай масъулиятни хис қилмайдиганлар огоҳ бўлсинлар.(авоми бор)

Зайниддин Эшонқулов тайёрлади.

2430 марта ўқилди

Мақолалар

Top