Мақолалар

Экстремистик ва террорчи гуруҳлар ўз ҳаракатларини “шаръий” деб исботлаш учун ўзларини “мужтаҳид” деб эълон қилиши тўғрими? (давоми)

Дарҳақиқат, ҳозирги кунда жаҳонда баъзи ҳарактлар томонидан Ислом дини ҳақида турли нотўғри фикрлар тарқатилаётгани, террочилик каби иллатларни айни пайтда бевосита Исломга боғлаб, муборак динимиз ва мусулмонларга нисбатан нафрат ўтини ёқишга уринаётгани ёки ўзларининг манфур ишларини амалга оширишда “буюртма” бўйича чиқарилган махсус “фатволар”дан фаол фойдаланаётгани ҳечкимга сир эмас. Ваҳоланки, муқаддас динимиз ҳар қандай ёвузликни инкор этиши Қуръони Карим оятлари, Ҳадислар, машҳур уламоларнинг фикрлари орқали баён этилади.

Юқоридагилардан хулоса қилиб, Исломда илм, маърифатли бўлишга, Яратган томомнидан инсонларга берилган неъматлар ҳақида билим орқали тадаббур қилишга тарғиб қилинган. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло тафаккур қилмайдиган, ўзининг ким эканини англаб етмайдиган, бугуннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси ҳақида қайғурмайдиган, онгсиз кимсаларни Қуръони Каримда “... Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларада қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки улар (янада) адашаганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир” (Аъроф, 179), деб таърифлайди. Шунингдек, Ҳасан Басрий (раҳимуллоҳ) ривоят қилган Ҳадисда шундай дейилади: “Инсонлар илм ўрганиб амални тарк қилганларида, тиллари ила севишиб, қалблари ила адоватда бўлсалар ва силаи раҳимни узсалар, Аллоҳ уларни лаънатлаб, қулоқлари кар ва кўзларини кўр қилиб қўяди”. Дарҳақиқат, Ислом оламининг эътиборли уламолари томонидан мўътабар манбалар асосида берилаётган фатволар ёки раддияларни тан олмаётган турли фирқа ва оқим тарафдорларини ҳам юқоридаги оят ва ҳадисларда келтирилган кимсаларга қиёслаш мумкин.

Умуман олганда, Ислом илмсизлик ва жоҳилликни қоралайди, илм олиш, жаҳолатдан маърифатни устун қўйиш каби эзгу фазилатларга буйиради. Ҳақиқатда жоҳиллик ёмон иллат бўлиб, жоҳил инсонлар барча ёмонликларга ҳеч қандай тўсиқсиз кириб кетаверадилар. Жаҳолат инсон ҳаётини барбод қилади, охиратини куйдиради. Маърифат эса инсон қалбига сайқал беради, маънавий, руҳий дунёсини гўзаллаштиради, инсонга шон-шухрат келтиради, улуғлайди. “Маърифат” сўзи “билим”, “Аллоҳни таниш” каби хислатларни ўзига жамлайди. Бунга зид равишда илмни диний ва дунёвий турларга тақсимлаб, айрича қараш инсон маънавиятининг емирилишига олиб келади. Бу фикр исботи учун узоқ ва яқин ўтмишимизда мисоллар кўп. Абу Али Ибн Сино, Беруний, Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Имом Бухорий, Абул Мўъин Насафий каби улуғ аждодларимиз гарчи собиқ тузум уларнинг диний илм соҳиблари бўлганини яширган бўлса-да, улар энг аввало Ислом дунёсининг ардоқли олимлари, том маънодаги илм эгаларидирлар. Қуш ҳам ёлиғиз қаноти билан парвоз қила олмагни каби, инсон ҳам бир ёқламалик билан комил ва тўлиқ бўлаолмайди. Шу жиҳатдан бир донишманднинг: “Биз дин билан дунёни, дунё билан динни ўрганамиз” деган гаплари биз учун дастуриламал бўлмоғи лозим. Анашунда биз ҳар томонлама, тўла мукаммал инсон, аждодларимизга муносиб фарзанд бўла олган бўламиз.

Зайниддин Эшонқулов тайёрлади.

 

2227 марта ўқилди

Мақолалар

Top