Мақолалар

Сабр, шукр ва розилик...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Роббимиз инсониятни тарбиякунандасидир. Эслатма олувчи ҳар қандай мусибатдан эслатма олаверади. Лекин неъматлар ичида чўмилиб яшаётган одам, ҳаммавақт ҳам у неъматларни ҳис этавермайди, кўравермайди. Аммо, неъмат заволга учраса, шикоятда унинг тенги йўқ бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло «...Албатта инсон ўта золим ва ўта ношукрдир», (Иброҳим сураси, 34-оят) дея марҳамат қилган.

Ҳақиқий мўминнинг ҳоли бало келганда сабр, неъмат етганда шукр бўлмоғи лозим. Барчамизга мана шу ҳол насиб этсин.

Ҳакийм Зотнинг синови ҳикматсиз эмаслигига заррача шубҳам йўқ. Пандемия бошланганидан бери режалаштириб юрган, аммо кундалик иш ва оила ташвишлари сабаб ўқий олмаган китобларимни ўқишга муваффақ бўлдим. Ўз ихтисосим нейрохирургияга оид клиник нейроанатомия ва физиология йўналишларидаги китобларни ўқиб, мақолалар ёзиб ақлий машқ қилиш имкони бўлди. Зотан ақл учун китобдек фойдали машқ йўқ.

Иккинчи томондан Аллоҳнинг китобига баҳоли қудрат яқинлашдим. Зотан, руҳ учун Қуръондек маънавий озуқа йўқ. Сўнгра Шайх ҳазратларининг «Усулул фиқҳ», «Мусталаҳул хадис» китобларни ўқиб чиқдим. Сўнгра... Уларни бир марта ўқиш кифоя эмаслигини англадим. Аҳли ҳадис ва фиқх уламоларимиз, шаръий илмларни йиғиб, қаймоғини бериб кетган мужтаҳид усулий фақиҳларимиз ҳар қандай таҳсинга сазовор эканлигини ўқиб, англадим.

Шу ўринда бизга ушбу мавзуларда қалам тебратиб, ўзбек тилида сербарака китоблар қилиб тақдим қилган шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ва уларнинг яқинларига Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин. Ислом илмларининг сарҳади эса нақадар кенг ва чуқур уммон эканлигини англадим. Савол берилса, илмий асоссиз бир нима дейишга қўрқадиган бўлдим. Аллоҳ азза ва жалла бу хайрли қўрқувда собит қилсин... Ўрганилган илмни эса манфаатли қилсин...

Саломатлик неъмати хусусида икки оғиз 

Ушбу вирус келтириб чиқарадиган хос белгилардан бири ҳид ва таъм сезгисининг йўқолишидир. (Аслида грипп ва шунга ўхшаш бошқа юқори нафас инфекциялари ҳам бу белгини чақириши мумкин, буни аввал ҳам кўпчилик ўз жисмида ҳис қилган).Тасаввур қилинг, олдингизда ўн хил анвойи, лаззатли мевалар турса-ю улардан еб, ҳидини, таъмини сезмасангиз...

Агар билсангиз, бу ўн икки жуфт бош мия нервларидан фақат 1-жуфт нервнинг (ҳидлов нервининг) вақтинчалик ишдан чиқиши сабаблидир. Улардан қолган 11 таси ҳали Роҳманнинг марҳамати кенглигидан ишлаб турибди! Дейлик, Аллоҳ сақласин, 3-жуфт нерв (кўз мушакларини харакатлантирувчи) ишламай қолсачи, Аллоҳ таоло Қодир Зот, коронавирусга 1-жуфтни эмас, 3-жуфтни фаолиятини бузишни буюрди дейлик, бунда кўзларингиз ғилай бўлиб, жисмларни иккита кўришни бошлайди. Аллоҳ сақласин, агар 9-жуфт нерв ишдан чиқса, халқум мушакларингиз фалажланади ва овқатни юта олмайсиз. Бунда беморларни овқатлантириш учун шифохонада уларнинг бурни орқали найча ошқозонга туширилади. Бошқа чора йўқ. (Амалиётда бу каби ҳолатлар учраб туради). 

Бошқа нервлар ҳақида айтиб, бу мақолани нейроанатомия маърузасига айлантирмаслик учун шу ерда хулоса қиламан. «...Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз адоғига ета олмассиз» (Иброҳим сураси, 34-оят) 

Пандемиядан жабр кўраётган, вафот топаётган юртдошларимиз ва улар орасида кўплаб тиббиёт ходимларининг борлиги ачинарли албатта. Афсуски, бу жангда ҳали ҳам қурбонлар берилмоқда. Уларни Аллоҳ раҳматига олсин. Барча беморларга Ўзи шифо берсин! Ушбу вабо тезроқ даф бўлсин! 

Пандемия бизга кўп нарсаларни ўргатди. Аллоҳнинг неъматларини англай бошладик... Аллоҳ таоло барчаларимизни шукр келтирувчи бандаларидан қилсин! Омин.

Манба: grandtalim

Дилшод Мамадалиев. 

Нейрохирург, Тошкент шаҳри. 

2471 марта ўқилди

Мақолалар

Top