Мақолалар

Муборак ой шукуҳи

Айни пайтда барча дунё мусулмонлари учун ардоқли саналган, Ҳаж ибодати адо этиладиган, қурбонлик қилинадиган, Арафа кунлари каби кўплаб фазилатларни ўз ичида олган муборак Зулҳижжа ойида турибмиз.

Аллоҳ таоло Ўз каломида Зулҳижжа ойи ҳақида: Ва ўн кунлик билан қасам деб марҳамат қилиб, унинг аввалги ўн кунлиги қадр-қийматини кўтаради. Ушбу ойнинг дастлабки ўн кунида қилинган ибодатлар Ҳақ таоло учун, айниқса, энг севимли амаллардан саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ даргоҳида Зулҳижжанинг ўн кунидан афзал кун йўқ”, деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти). 

Ушбу ойда тутилган рўза улуғ ажрларга мушарраф этади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги бир йил ва ўзидан кейинги бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зулҳижжа ойининг дастлабки тўққиз кунида рўзадор бўлиб, Аллоҳ таолони янада кўпроқ зикр қилардилар ва: “...Бу кунларда таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтишни кўпайтиринглар!”, дердилар (Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий ривояти).

Ҳозирги таҳликали, бутун дунёга пандемия хавф солиб турган бир пайтда юртимиз мўмин-мусулмонлари Республика махсус комиссиясининг қарори, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўрсатмаларига риоя қилиши талаб этилади.

Айни пайтда аксар мусулмон юртларининг халқаро ва маҳаллий фатво уюшмалари, жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам мўмин-мусулмонларнинг жонларини омон сақлаш учун масжидларда йиғилмаслик, хавф ўтиб кетгунча ибодатларни уйда адо этиб туриш қарорига келишган. Бунга етарлича асос борлиги ва масала жиддий эканлигини эслатишган. Чунки ҳар биримизнинг соғлигимиз муҳим ҳисобланади.

 Шу билан бирга, вазият тақазосидан келиб чиқиб, ҳайит намози адо қилинмаса ҳам, байрам шукуҳини сақлаб қолиш мақсади ва ажру савоб умидида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир суннатларини тирилтириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ийд намозидан аввал нафл намоз ўқимасдилар. Қачон уйларига қайтсалар, икки ракат намоз ўқирдилар” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

 

Ҳанафий фиқҳида мўътабар манбалардан бири бўлган “Мажмаъул анҳур” китобида бундай дейилади: “Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал”.

Хулоса ўрнида ҳозирги шароитда ҳаммамиз иттифоқ бўлиб, шариатимиз кўрсатмаларига амал қилишимиз, Аллоҳ таолонинг синов-имтиҳонларидан гўзал суратда ўтишга ҳаракат қилишимиз лозим.

Ҳайит байрамини аҳли оиламиз бағрида, қурбонликларимизни тонг отгандан сўнг қуёш бир терак миқдорида кўтарилганда сўйиб унинг гўштидан ўзимиз, оиламиз ва муҳтож-фақирларга тарқатиб, хайрли дуо ва фазилатли ибодатлар билан ўтказсак, бу балоларни тезроқ юртимиздан даф бўлишини сўраб, дуолар қилсак айни мақсад ҳосил бўлади, иншааллоҳ.

Жалолиддин САБУРОВ,

Когон тумани бош имом-хатиби

2364 марта ўқилди

Мақолалар

Top