Мақолалар

Истиқомат қилиб турганимиз 2020 йилнинг июль-август ойлари – ҳижрий 1441 йилнинг охирги ойи – Зулҳижжа ойи ҳисобланади. Бу ойда Ислом дунёсининг энг катта байрами Қурбон ҳайити кенг нишонланади.

Шу муносабат билан Тошкент шаҳри «Новза» жоме масжиди имом-хатиби Жалолиддин домла Ҳамроқулов билан суҳбатлашдик. Қурбонлик ҳукми ва аҳкомлари, Зулҳижжа ойининг аввалги 10 кунида қилинадиган амаллар, Арафа куни рўзаси хусусида сўз юритдик.

«Авваламбор, Kun.uz ижодий жамоасини ва у орқали барча ватандошларни яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити байрами билан муборакбод этаман. Бошимизга соя солиб турган Зулҳижжа ойи ҳижрий-қамарий сананинг охирги, 12-ойи ҳисобланади. Динимизда 4 ой ҳаром қилинган ойлар ҳисобланади, булар Муҳаррам, Ражаб, Зулқаъда ва Зулҳижжа ойларидир. Мўмин-мусулмонлар ушбу ойларни қадрлаши, эъзозлаши ва албатта, уларнинг ҳаққини ҳалоллаши керак бўлади», – дея сўз бошлади Жалолиддин домла Ҳамроқулов.

Қандай қилиб бу ойларнинг ҳаққи ҳалолланади?

— Бу ойларда имкон қадар нафл ибодатларни кўпайтириш орқали Аллоҳга қурбат ҳосил қилишлик билан бўлади. Хусусан, Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни – Ашри Зулҳижжа дейилади, ушбу 10 кунда қилинадиган савобли амаллар ажри жуда ҳам улуғ.

Имом Бухорий ва Имом Муслимдан келтирилган ҳадиси-шарифда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен Аллоҳнинг наздида Зулҳижжанинг аввалги 10 кунида қилинган солиҳ амалларга бериладиган савобли амалларни топмадим», – дедилар. Биз: «Ё Расулаллоҳ, Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчи ҳамми?», – дедик. «Ҳа, магар у моли ва жони билан чиқса-ю, ундан ҳеч нарсаси қайтмаса, мустасно», – деган эканлар.

Яъни, бу муборак 10 кунда қилинадиган солиҳ амаллар ажри Аллоҳ ҳузурида янада кўпроқ бўлади. Демак, мўмин-мусулмонлар кўпроқ хайрли ишларни қилишса, кўпроқ савобга эга бўлишади, иншааллоҳ.

Зулҳижжа ойининг рўзасини кимлар тутади?

— Имом Табаронийдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳнинг одатлари зикр қилинади. Унда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари, ойнинг ойдин кечалари, яъни 13, 14 ва 15-кечалари ҳамда Зулҳижжа ойининг аввалги 10 кунида нафл рўза тутардилар, деган мазмунда ҳадис келади. Уламолар, мана шундан келиб чиқиб, имкон топган, сиҳати кўтарса, шу ойнинг фазилатидан баҳраманд бўлишни истаганлар нафл рўза тутганлари афзал, дейдилар.

Чунки, фарз бўлган Рамазон рўзасини тутишликда узрлик инсонларга ён босилган ёки бошқа кунда тутиб бериш рухсат берилган берилган экан, нафл бўлган ибодатда ҳар ким ихтиёри ўзида бўлади.

Шу билан бирга, мана шу 10 кун ичида Арафа куни – эртага ҳайит деган кун рўзаси ҳақида Расули акрам алайҳиссолату вассаламдан машҳур ҳадис бор: «Арафа куннинг рўзаси бир йил аввалги ва бир йил кейинги гуноҳига каффорот бўлади, деб умид қиламан», – деб марҳамат қилганлар.

Бир кунлик рўза мана шундай улуғ ажрнинг эгаси қилади, шунинг учун ҳам халқимизнинг бунга иштиёқи бор ва шунга ҳаракат қилишади.

Бироқ, Ҳанафий маҳзабимизда ҳажга борган одам ҳаж ибодатининг амалларини бажариши учун қувватини йўқотиб қўймаслиги важидан рўза тутмайди. Бироқ, ҳажга бормаганлар Арафа кунининг рўзасини тутсалар, катта савобга эга бўлишлари юқоридаги ҳадисда ҳам таъкидланган.

Бу ойда амалга ошириладиган қурбонликнинг ҳукми қандай?

— Ушбу муборак ойда қилинадиган амали солиҳларнинг энг афзали – Зулҳижжа ойининг 10-куни Ҳайит намози ўқилганидан сўнг, учинчи кун қуёш ботгунга қадар, яъни 3 кун ичида, мусулмон, оқил, балоғат ёшига етган, муқим ва закот беришга қодир бўлган кишиларга бир жонлик сўйиш вожиб ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу кунда энг биринчи қиладиган ишимиз қурбонлик сўйишдир», дейдилар.

Қуръони каримнинг энг кичик «Кавсар» сурасида: «Биз сизга, эй Расулуллоҳ, Кавсарни ато этдик. Шундай экан, Роббингизга намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг», дейилади. Муфассирлар ушбу оятлар тафсирида, намоздан мурод – Қурбон ҳайити намози, қурбонликдан мурод қурбонлик сўйиш эканини айтишади. Бундан кўринадики, қурбонлик қилишлик мусулмон, оқил, солиҳ, муқим ва закот беришга қурби етган инсонга вожиб бўлади.

Закот берувчи ва қурбонлик қилувчи ўртасидаги фарқ

— Шу ўринда, закот ва қурбонлик орасидаги нозик қирра ҳақида. Мазҳабимизда закот беришдан аввал нисобга етган мол бир йил ўзгармасдан туриши шарт қилинган бўлса, қурбонлик қилиш учун нисобга етган моли уйда бир йил туриши шарт эмас. Қурбон ҳайити байрами арафасида ёки қурбонлик қилиш мумкин бўлган кунлари моли нисобига етса, қурбонлик қилиши вожиб бўлади.

Яна бир тарафи: пулдор, моли нисобига етган одам мусофир бўлиб қолса, унга қурбонлик қилишлик вожиб бўлмайди. Агар сафарга кетаётган одам молига васийлик қиладиган одамга: «Агар мен сафарда бўлиб қайтолмай қолсам, қурбонлик қилинглар» деса, қилса бўлади. Аммо бу сўзни айтмаган бўлса, бўйнидан соқит бўлади.

Қандай ҳайвонлардан қурбонлик қилинади?

— Қўй, эчки, қора мол, қўтос ва туя каби ҳайвонлардан қурбонлик қилинади.

Бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда қўй бир киши учун, қора мол ва туя бир нафардан етти нафаргача кишининг номидан сўйилса ҳам бўлади.

Қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг ёшлари ҳам китобларимизда баён қилинган. Қўй – 1 ёшли, қора мол – 2 ёшли ва туя – 3 ёшли бўлиши керак. Эчки-қўйларни бир киши, қорамол ва туяни бир неча киши қўшилиб, қурбонлик қилиши мумкин.

Қурбонликда ният муҳим

— Алоҳида уқтириш керакки, қурбонлик қилаётганлар қурбонлик ниятини қилиши керак. Масалан дейлик, 5-6 киши қорамол қурбонлик қилишга ният қилди, аммо уларнинг бири: «Ўзи уйга гўшт олишим керак эди, арзонга тушади», деб оддий гўштли бўлиш ниятини қилди. Бу ҳолда бошқаларнинг қурбонлиги ҳам қабул бўлмайди, соқит бўлмайди.

Энг чиройлиси ва соғломи қурбонлик қилинади

— Қолаверса, қилинаётган қурбонлик мукаммал, чиройли ва соғлом бўлиши керак. Инсонга доимо мана шундай чиройли ва сифатли нарсалар ёқади. Энди Аллоҳ учун, ибодат учун ҳам, албатта ҳар томонлама мукаммалининг ҳаракатини қилиш керак.

Бунинг сабаби нимада? Бунинг сабаби – холислик ва унинг гўшти тақдим қилинадиган мискин ва камбағал инсонларнинг кўнглини тўлдириш. Оладиган одам ҳам шу гўштнинг тозалигига ва сифатлигига ишонади ва кўнгли хотиржам бўлади.

Қулоқлари ёки бошқа аъзоларида белгиси бор ҳайвонлар ҳукми

— Баъзи бир чўпонлар боқаётган ҳайвонларини адаштириб юбормаслик учун қулоқларини кесади, сирға тақиб қўйишади ёки шунга ўхшаган қанақадир белгилар қилиб қўйишади. Бу белгилар нуқсон ўрнига ўтмайди, балки ажратиш маъносида айтилади.

Кези келганда айтиш лозим, 85 грамм тилла нархи, яъни 22 млн сўм пули бор одам қурбонлик қилиш ниятида бир ҳайвонни боқди, дейлик. Ёшлигидан унга бошқача эътибор билан боқди. Энди буни қурбонлик қилиб жуда катта ажр топади. Ҳаттоки қиёмат куни унинг тезаги ҳам тарозу палласига қўйилиши ҳақида хабарлар келган.

Қурбонлик ибодати жорий бўлиши тарихи

— Қурбонлик қилишнинг тарихи узоқ-узоқларга, аниқроғи, Иброҳим ва Исмоил алайҳимуссаломларнинг замонларига бориб тақалади. Иброҳим алайҳиссалом пайғамбарларнинг оталари саналади. Чунки Иброҳим алайҳиссаломдан қолган пайғамбарлар тарқалган. Сора онамиздан туғилган фарзандлари Исҳоқ алайҳиссаломдан минг-минглаб пайғамбарлар, Ҳожар онамиздан туғилган катта ўғиллари Исмоил алайҳиссаломдан пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом дунёга келганлар.

Иброҳим алайҳиссалом ёлғон арафа куни, яъни Зулҳижжа ойининг 8-куни бир туш кўради. Унда катта ўғли Исмоил алйҳиссаломни бўғизлаб қурбонлик келтираётган бўлади. Шунда Иброҳим алайҳиссалом бу тушни шайтоний бўлса керак деб, эътибор қилмайди. Лекин уч марта кўрганидан кейин бу Аллоҳ томонидан буйруқ экани аниқ бўлади ва ўғлининг олдига бориб: «Эй ўғлим, сизни тушимда қурбонлик қилаётган эканман», – дейди. Шунда ўғли: «Эй отажон, сиз Аллоҳнинг айтганини қилинг, мени сабр қилгувчилардан топасиз, иншааллоҳ», дея жавоб қайтаради.

Шу билан Иброҳим алайҳиссалом ўғлини етаклаб Мино водийсида кетаётганларида Исмоил алайҳиссаломнинг ортидан уч марта шайтон чиқиб: «Отанг сени сўйишга олиб кетяпти», деб васваса қилади. Лекин Исмоил алайҳиссалом унинг шайтон эканини билиб тош отади. Ҳаж ибодатини адо этишда Мино водийсида тош отиш шундан қолган.

Қурбонлик қилиш одоби

— Иброҳим алайҳиссалом ўғлини қурбонлик қилишликка ётқизганида ўғли: «Эй отажон,  мени бўғизлаётган пайтингизда юзимни ерга қаратиб қурбонлик қилинг. Мен сизга ёмон назар билан қараб қўймайин», – дейди. Шу боис, қурбонлик қилишда қўйнинг қулоғини бир қўл билан ушлаб, унинг кўзи тўсилиб, қурбонлик ҳайвонини сўйиш қурбонлик қилиш одоби ҳисобланади.

Иброҳим алайҳиссалом тиғни тортган вақтларида мўъжиза юз бериб, тиғ Исмоил алайҳиссалом бўйинларни кесмайди.

Шунда Аллоҳ томонидан: «Эй Иброҳим, сизнинг тушингиз вожиб бўлди, сиз ва ўғлингиз имтиҳондан ўтдингиз, сизга жаннатдан бир қўй ато этдик, ўшани қурбонлик қиласиз», деган нидо келган ва шу пайтгача шундай бўлиб қолган.

Карантин муносабати билан тавсиялар

— Албатта, мана шундай пайтда сабр қилиб, сукут сақлаш мўминларга ҳам қонуний, ҳам ибодат тавсияси бўлади. Чунки инсон тили билан кўп хатоларни қилади. Инсон бунинг ортидан бошқаларга катта зиён етказиб қўйиши мумкин. Мисол учун, мана, ижтимоий тармоқларда ҳар хил гап-сўзлар бўлмоқда. Бу эса аҳолимиз ўртасида қандайдир ваҳима кўтарилишига ҳам сабабчи бўляпти. Албатта, ҳар бир нарса беҳикмат эмас.

Балки, бу синовли кунлар ҳам баъзи бир қилган хатоларимизга каффоратдир. Чунки динимизда касалликнинг фазилатларидан биттаси Аллоҳнинг раҳмати ҳисобланади. Банданинг касаллиги келажакда, унинг жаннатда мартаба топишлигига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Расулуллоҳ даврларида бир йили шу йилгига ўхшаш қийинчилик даври бўлган. Шунда Расулимиз алайҳиссалом тавсияси билан қурбонлик қилинган гўшт уйларда уч кунгача қолмаслиги айтилган. Кейинги йилда эса, қурбонлик қилганлар ҳаммага тарқатиб ортганини захира қилиб ҳам қўяверган.

2020 йил озгина машаққатли келди. Шу муносабат билан қурбонликнинг ҳаммасини тарқатишни маслаҳат берган бўлар эдим. Бу билан эса инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ошади. Балки баъзи бир кишиларнинг ҳозирги кунда қора қозонида гўшт қайнамаётгандир. Биз мана шундай оилаларни гўшт билан таъминласак, жуда ҳам катта ажр ва савобга эга бўлар эдик.

Аллоҳ таоло мана шундай кунларда савобларни кўпроқ қилиб нома-ю амалларимизни савобларга тўлдиришда Ўзи ҳиммат берсин.

Манба: https://kun.uz

 

2331 марта ўқилди

Мақолалар

Top