Мақолалар

Зуҳо намозининг фазилати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Энг улуғ кунларни бизларга байрам қилиб берган Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин! Унинг ҳақ элчиси Расули акрамга салом ва салавотларимиз бўлсин!

Азизлар, аввало, барчани меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат айёми бўлган Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этамиз. Шу йил 31 июль куни ҳафтанинг жума куни бутун олам мусулмонлари қатори юртимиз мусулмонлари ҳам Қурбон ҳайити байрамини нишонлаймиз, Инша Аллоҳ,

Маълумки, бугунги кунда дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам коронавирус касаллиги авж олмоқда. Ҳозирда бутун инсоният оғир синовли даврни бошидан ўтказмоқда. Гарчи юртимизда ҳар томонлама аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш борасида барча зарур чоралар кўрилаётган бўлсада, бироқ пандемия билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда. Шу муносабат билан баъзи мусулмон ва қўшни давлатларда уламолар томонидан Қурбон ҳайити намозини жамоат бўлиб ўқишнинг иложи йўқлиги ҳақида фатволарга суяниб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши ҳам мазкур масалада шу каби фатвони эълон қилди.

Ислом дини манбаларида Қурбон ҳайити намози вожиб амал экани баён этилган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан жума намози вожиб бўлган кишиларга ҳайит намози вожиб экани нақл қилинган. Жума намози Қуръон, суннат, ижмо каби қатъий далиллар билан собит бўлган фарз амалдир. Модомики, муайян узрлар билан фарз бўлган жума намозини вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида уламолар фатвоси қабул қилинган экан, вожиб амал бўлган ҳайит намозини ўқимаслик ҳам ўз-ўзидан маълум бўлади.

Шулардан келиб чиқиб, 2020 йилги Қурбон ҳайити намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатвосига биноан соқит қилади.

Мавжуд вазият тақозосидан келиб чиқиб, Қурбон ҳайити намози адо қилинмаса ҳам байрам кайфиятини сақлаб қолиш учун Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбаларидан бири бўлмиш “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади:

“Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо (чошгоҳ) намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал”.

Зуҳо намози манбаларда турли номлар билан зикр қилинган бўлиб, кўпроқ “Ишроқ намози”, “Шуруқ намози”, “Аввобийн намози” ва “Чошгоҳ намози” деб юртилади.

Зуҳо намозини адо этиш нафл амал саналиб, беш маҳал адо этилиши мажбурий бўлган фарз намозларини тўлдирувчи, ихтиёрий суратда адо этилса, улкан савоб бўладиган намоз ҳисобланади. Бу намознинг вақти қуёш бир найза бўйи кўтарилганда, яъни қуёш чиққандан тахминан 20-30 дақиқа кейин бошланади. Охирги вақти эса кун тиккага келган вақтдан бир соат аввалги вақтгача ҳисобланади.

Зуҳо намози ҳадисларда ривоят қилинишича икки ракатдан ўн икки ракатгача ўқиш мумкин. Энг афзали тўрт ракатдан ўқишдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпроқ тўрт ракатдан ўқиганлари ҳақида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан нақл қилинган. Зуҳо намозида маълум сураларни ўқиш шарт қилинмаган бўлсада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу намозда “Шамс” ва “Зуҳо” сураларини ўқир эдилар. Ушбу намоз овоз чиқармасдан махфий, ёлғиз ҳолатда ҳар ким ўзи ўқийдиган намоздир.

Бу намозининг фазилатига доир кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Жумладан, Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимики бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то зуҳо намозини ўқигунча ўтирса, фақат яхшиликдан бошқани гапирмаган бўлса, унинг хатолари, агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам мағфират қилинади”, – деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимики зуҳо намозини бардавом ўқиса, унинг гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари).

Зуҳо намозининг 5 фазилати бор:

1) Зуҳо намози – энг афзал садақа. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг ҳар бир аъзоингизга садақа вожибдир. Ҳар бир тасбиҳингиз – садақа, ҳар бир ҳамд айтишингиз – садақа, ҳар бир таҳлилингиз (“Ла илаҳа иллаллоҳ”, дейишингиз) – садақа, ҳар бир такбирингиз – садақа, яхшиликка буюришингиз – садақа, ёмонликдан қайтаришингиз – садақа. Энди буларнинг ҳаммаси учун икки ракат зуҳо намозини ўқишингиз кифоядир”, – дедилар (Имом Муслим ривоятлари).

2) Зуҳо намози – Жаннатдан уй. Ривоятларда зуҳо намозини кўп ўқиган инсонга жаннатда бир уй барпо қилиниши ҳақида ҳам марҳамат қилинган.

3) Зуҳо намози – Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятлари. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Менга Халилим соллаллоҳу алайҳи васаллам уч нарсани васият қилганлар: ҳар ойда уч кун рўза тутмоқни; икки ракат зуҳо намози ва ухлашимдан олдин витр ўқимоғимни” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Насоий ривоятлари).

4) Зуҳо намози – Ҳаж ва умра савобига эга бўлиш. Муоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимики бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажри тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ берилади”, – дедилар (Имом Термизий ривояти).

5) Зуҳо намози – бой бўлишга сабаб. Бу ҳақда ҳам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда марҳамат қилинган.

Бинобарин, азизлар, бугунги кунда юртимиздаги коронавирус пандемияси сабаб масжидларимизда жума ва ҳайит намозлари адо этилмасада, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бир суннатлари бўлмиш зуҳо намозини адо этиб, мазкур суннатни тирилтириш, ушбу намозга ҳадисларда ваъда қилинган ажру савобларга эга бўлиш билан бирга дуо қилайликки, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу кунларда, қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда Парвардигор халқимизни, Юртимизни офату кулфатлардан, балою қазолардан Ўзи сақлаб, ҳаётимизни бундан-да фаровон қилсин! Коронавирус офатидан Аллоҳ барчаларимизни паноҳида сақласин!

Сўнгсўз ўрнида Сиз азизлардан юртимизда белгиланган карантин қоидаларига қатъий амал қилишингизни, ўзингиз ва яқинларингизни эҳтиёт қилишингизни, ушбу касалликка қарши курашда лоқайд ва бепарво бўлмасликни илтимос қилиб қоламиз. Зеро, “мусулмон киши ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар етказиши йўқ”, – дея мўътабар фиқҳ китобларида баён қилинган. Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳидоят йўлидан адаштирмасин, залолатдан паноҳида сақласин!

Вассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳу.

Саидмурод Юсупов,
«Эски қовунчи» жоме масжиди имом ноиби

2695 марта ўқилди

Мақолалар

Top