Мақолалар

Инсон манфаати йўлида фидоийлик

Сир эмаски, миллий маънавиятимизга аввало чоризм, сўнг шўролар даврида кўп путур етди. Истиқлол шарофати ила халқимиз ўзлигига, миллийлигига, эътиқодига қайтди, маънавияти, қадриятлари қайтадан қад ростлади.

Бундай осойишта кунларни қадрлаш, энг аввало, аҳил-иноқ бўлиб яшаш, бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилиш, ҳар бир масалага маслаҳатлашган ҳолда ёндашиб, мақбул ечим топа олишга интилиш, ўзаро иззат-ҳурмат туйғусига таяниб иш кўришда акс этади. Бунинг учун эса Президентимиз таъкидлаганларидек, энг катта асос куч-қудрат ҳамда халқимизнинг ўзаро бир-бирига жипслиги ва инсон манфаати йўлида фидоийлиги лозим бўлади.

Манфаат, одатда, икки хил йўналишда зоҳир бўлади: манфаат кўрмоқ, манфаат етказмоқ. Одам борки, аввало, кундалик тирикчиликка қаратилган турмуш тарзида у ёки бу нарсадан манфаат кўришни кўзлаб олдинга интилади, меҳнат қилади, рўзғор тебратади. Агар фаолияти ҳалол йўл билан ризқ топишга, фойдали яратувчанликка қаратилган бўлса, ўзи билиб-билмаган ҳолда, эл-юртга ҳам манфаат етказаверади. Ушбу узлуксиз табиий жараён – мамлакат тараққиётининг, халқ фаровонлигининг асосий омилларидан бири экани ҳеч кимга сир эмас.

Зеро, инсон атроф-муҳитга фаол таъсир кўрсата олиш, табиатдаги барча яратилган  бошқа тирик мавжудотларни идора этиш қувватига эга. Шунга кўра одам фарзанди ўзининг табиатидан келиб чиқиб, бир-бирига қадр-қимматли, ғамхўр, инсоний эзгу мақсадларини ривожлантириш малакаси билан аҳамиятга моликдир. Шу мазмунда ўзаро муносабат сифатида ўзига хос одамийлик, чин инсонийлик, инсонпарварлик иборалари халқ ичида эзгулик маъносида қўлланиб келинди. Яратилган  махлуқотлар ичида одам фарзандини азиз ва мукаррам қилинди. Яратганнинг марҳамати ила инсон нутқ ва тафаккур қилиши билан бошқа жонзотлардан ажралиб туриш алоҳида ахамиятга молик.

Ҳукамолардан бири, “Одамийлик – инсоннинг ўз хулқи билан олам аҳлига бағрикенг кайфиятда муносабат билдириб, манфаат етказиш” деб таъкидлайди. Дарҳақиқат, инсон гўзал қилиб яратилди. Айни пайтда гўзаллик, фаровонлик, обод турмуш омиллари унга илҳом қилинди. Шунга кўра илоҳий ибодатлар ва дунёни обод қилиш, инсонга манфаат етказишни зиммасига қабул қилди.

Одоб-ахлоқ, сўз, муомала маданияти, ёрдам қўлини чўзиш билан инсонга манфаат етказишда аввало инсон хушмуомала ва ҳусниҳулқли бўлишини истайди. Чунки, инсон аввало тили билан ўзгаларга зарар етказмаслиги, балки, уларга ширин сўзи билан муноасабатда бўлиши лозим. Ҳадисларда “Тилини бефойда сўзлардан тийиб олмагунича киши имоннинг ҳаловати қандай бўлишини сезмайди” деб марҳамат қилинган бўлса, бошқа бир ҳадисда “Инсонларнинг яхшиси инсонлар учун манфаат етказувчиларидир” дейилган.

Дарҳақиқат инсон имонини тил-сўз билан тасдиқлаб турса-да, ташқи муҳит билан мазмунсиз боғланса, ўзи тасдиқлаган имоннинг роҳат ва ҳаловатини ҳис қилмайди. Одамгарчиликнинг шоҳ белгиси ҳам унинг забони. Яхши сўз билан не-не қалбларни забт этиш мумкин.

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

6557 марта ўқилди
Мавзулар
Другие материалы в этой категории: « “... ПОРТАЛГА ЁЗАМАН!” Исм қўйиш одоби »

Мақолалар

Top