Мақолалар

Пайғамбар алайҳиссаломнинг саховатлари

Олийжаноблик, саховат, сахийлик деганда фойдаси ва манфаати кўп ишларни қилиш ёки яхшилик ва эзгулик йўлида мол-мулкни инфоқ-эҳсон қилиш тушунилади.

Пайғамбар алайҳиссалом қўли очиқ ва саховатли киши бўлиб, ул зотнинг ўзлари умматларини ҳам сахийликка қизиқтириб, шижоатлантирган ҳолда шундай дердилар: “Сахий киши Аллоҳга яқин, инсонларга яқин, жаннатга яқин бўлади. Бахил киши Аллоҳдан узоқ, инсонлардан узоқ, жаннатдан узоқ, жаҳаннамга яқин бўлади”. (Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Яна бир ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Ҳар доим бандалар тонг орттирадиган бўлсалар, икки фаришта Ер юзига тушиб, бири: “Аллоҳим, инфоқ қилувчи кишига ўрнини тўлдиргин”, деса, бошқаси: “Аллоҳим, бахил кишига талофот етказгин”, дейди”. (Имом Муслим ривояти).

Яна у зот: “Қизғанчиликдан сақланинг. Чунки у сизлардан аввалгиларни ҳалок қилган”, деганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саховатлари – мақталиш ёки бирор маломатдан қочиш учун бўлмаган. Ёки фахр-ифтихор ва маддоҳлар мақташини ният этмаганлар. Балки Расулуллоҳнинг саховатлари динни ҳимоя қилиш, ҳидоят йўлига чорлашни қўллаб-қувватлаш ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадиганларга қарши чиқишга қаратилган.

Шунингдек, Пайғамбаримиз мол-дунёни сақлашни асло ёқтирмаганлар. Қўлларига тушган ғанимат ва ўлжаларни камбағал ва муҳтож мўмин-мусулмонларга инфоқ қилганлар.

Пайғамбар алайҳиссалом етимлар бошини силаб беваларнинг моддий таъминотига ғамхўрлик қилганлар. Ўз хожайини билан пул бериш эвазига озод бўлишга келишиб олган қулларни озод қилардилар. Ислом динига мойил бўлган қалбларни улфат қилиш учун мол-дунёни аямаганлар. Бу каби тадбирлар у зотнинг ҳаётлари давомида кўп кузатилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзгалари ва оилаларидан кўра бошқаларга кўпроқ саховат кўрсатганлар. Бирон нарсага ўзлари энг ҳожатманд бўлишларига қарамай, бошқаларга берганлар. Ўзлари муҳтож бўлиб турганда ҳам буни ўйлаб ўтирмай, дарҳол ҳадя қилиб юборганлар.

Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ йўлида имкони борича кўпроқ инфоқ қилсалар ҳам, буни оз санардилар. Кўп нарсаларни ҳадя қилиб юборсалар ҳам кўп бердим, деб ҳисобламасдилар. Ислом йўлида у зотдан бирор нарса сўралса, ҳеч қачон рад жавобини олинмаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда саховат шу даражага етгандики, бирор нарса сўраб келган одамни қуруқ қайтариш ёки “Ўзимизда ҳам йўқ” деб узр айтишдан ҳаё қилар эдилар. Бир киши ёрдам сўраб олдиларига келганда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳозир менда ҳеч нарса йўқ, бироқ менинг номимдан нарса сотиб ол. Қўлимизга бирор нарса тушса, ўзим бериб қўяман”, дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Эй, Аллоҳнинг Расули, унга ҳадя қилдингиз. Ахир Аллоҳ таоло ўзингиз қодир бўлмаган ишга сизни буюрмаган-ку!”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу сўз ёқмади. Сўнг ансорлардан бир киши келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули, инфоқ қилаверинг, Арш эгаси бўлган Зот озайтириб қўяди, деб ўйламанг”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар. Ансорий кишининг сўзидан юзларида хурсандчилик аломати пайдо бўлиб: “Мана шунга буюрилганман”, дедилар. (Термизий ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима сўралса, уни берардилар. Сафвон ибн Умайя ҳали мусулмон бўлишидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келганида, унга икки тоғ орасидаги бир сурув қўйларни ҳадя қилдилар. У қавми олдига бориб: “Эй қавмим, исломга киринглар. Чунки Муҳаммад фақирликдан қўрқмайдиган кишининг ҳадясини берди”, деди”. Бошқа бир ривоятда: “Фақирликдан қўрқмас экан”, деб келган.

Ҳунайн куни ҳам озод қилинган кишиларнинг қалбларини исломга мойил қилиш учун кўп ҳадялар улашдилар. Ўшанда туяларни юзталаб тарқатдилар. Бундай ҳадяни олганлар орасида Молик ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Сўнгра Молик ибн Авф бу ишларини деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мадҳ этиб, қасида ҳам битган. (Имом Муслим ривояти).

Саид ибн Мусайяб Сафвон ибн Умайядан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга жуда кўп ҳадя берганлар. У киши мен учун мусулмон бўлишимдан олдин инсонларнинг энг ёмони бўлсалар, ҳадя берганларидан сўнг инсонларнинг энг суюклисига айланганлар”. (Термизий ривояти).

Воқидийнинг “Мағозий” китобида келтирилишича, Сафвон Ҳунайн куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўлжаларни бирга кўриб юришиб, туялар ва ўлжага тўла дара олдидан ўтишди. Бу ўлжалар Сафвонга ёқиб, уларга бошқача қарай бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абу Ваҳб, булар сенга ёқдими?” дедилар. Сафвон: “Ҳа”, деб жавоб берди. У зот: “Барчаси сенга бўлсин”, дедилар. Сафвон ниҳоятда қувониб: “Гувоҳлик бераманки, сиз Аллоҳнинг Расулисиз. Бундай ҳадяни фақатгина пайғамбар хушнуд бўлиб бера олади”.

Имом Термизийнинг ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тўқсон минг дирҳам олиб келинди ва бўйра устига қўйилди. У зот уни тақсимлашга тушдилар. Ҳаммасини тақсимлаб бўлгунларича ким сўраб келса, уни қуруқ қайтармадилар.

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ансорийлардан бир қанчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нарса сўраб келишганда сўраган нарсаларини бердилар. Сўнг яна сўрадилар, уни ҳам бердилар. Сўнг яна сўрадилар, уни ҳам бердилар. Охири олдиларида ҳеч нарса қолмаганда: “Ҳузуримдаги ҳадя-ўлжалардан бирортасини сизлардан яшириб ғамлаб олмайман. Ким иффатни истаса, Аллоҳ уни иффатли қилиб қўяди. Ким ўзини тийса, Аллоҳ уни бой қилиб қўяди. Ким сабрли бўлишга ҳаракат қилса, Аллоҳ унга сабр бериб қўяди. Зеро, кишига сабридан кўра хайрли ва кенгроқ нарса берилган эмас”. (Олти саҳиҳ тўплам соҳиблари ривоят қилишган).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам садақа беришга бирор кишини вакил қилмасдилар. Ўзлари сўровчининг қўлига топширардилар”. (Ибн Можа ривояти.)

Ибн Саъд Айёш ибн Абу Рабиъанинг мавлоси Зиёддан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки нарсага ҳеч кимни вакил қилмасдилар. Кечаси турган пайтлари таҳорат сувини ўзлари тайёрлардилар ва бирор нарса сўраб келган кишига ўзлари берардилар”.

“Сунани Абу Довуд” ва “Сунани Байҳақий” китобида шундай ривоят қилинади: Абдуллоҳ Ҳавзанийдан ривоят қилинади: “Мен Билол розияллоҳу анҳу билан кўришиб қолдим ва: “Эй Билол, менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафақалари қандай бўлганини айтиб беринг”, дедим. У киши: “Пайғамбар алайҳиссаломга тааллуқли бирор иш бўлса, ўзим ўша ишни қилардим, яъни молларига мен қарар эдим. Аллоҳ таоло у кишини пайғамбар қилиб юборганидан то вафотларига қадар шундай қилдим. Агар у зотнинг ҳузурларига бирор киши мусулмон бўлиб келса, уни кийимсиз ҳолда кўрсалар, менга қарзга кийим сотиб олиб унга беришни ва овқатлантиришни буюрардилар”, дедилар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим “Саҳиҳ” китобларида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг саховатли киши эдилар. Рамазонда Жаброил алайҳиссалом у кишининг ҳузурларига келадиган пайтлари янада сахий бўлиб кетардилар. У зот инсонларга эсувчи шамолдан ҳам тезроқ сахийлик қилишга шошардилар”.

БАРАТОВ Ғиёсиддин 

2139 марта ўқилди

Мақолалар

Top