Мақолалар

Давлат раҳбарининг ҳайит совғаси

Юртимизда ажиб ўзгаришлар замони кечяпти. Корнавирус пандемияси билан боғлиқ нохушликларни ҳисобга олмасак, ҳар тонгда қувончли бир хабар эшитамиз, ҳар куни ишхонага келганда компьютерни ёқиб Интернетга кирганда халқимиз ҳаётига доир ажойиб бир янгиликни кўриб қалбимиз қувончга тўлади.

Бу ўзгаришлар, нафақат халқимизни, балки хориждаги глобал сиёсатчиларни ҳам мамнун этмоқда. Жумладан, АҚШнинг энг кўп ададли газеталаридан бири “The New York Times” газетасида Ўзбекистон ҳақида чоп этилган катта мақолада “Жаноб Мирзиёев ўзгаришларни бошлаб берди ва энди АҚШ ҳамда Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан боғлиқ ҳар қандай муносабатларни, у хоҳ инвестиция, хоҳ тараққиёт дастурлари бўлсин, мамлакатда инсон ҳуқуқлари аҳволининг янада яхшиланиши билан боғлаши ниҳоятда муҳимдир”, дейилади.

Ушбу юксалишлар жараёнида, айниқса, Ислом динимизга давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибор қаратаётгани халқимизни беҳад мамнун қилаётир.

Ўтган давр ичида муҳтарам Президентимиз томонидан чиқарилаётган ҳужжатлар элимизнинг диний маърифатга бўлган иштиёқини қондириш, ёшларимизнинг илм олиш борасидаги эҳтиёжини таъминлаш ва диний соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш йўлидаги дадил қадамлар бўлиб, диний-маърифий ишлар салмоғини янада юқорига кўтармоқда.

Хусусан, диний соҳада хизмат қилаётган масжид имом-хатиблари, ходимлари, мадраса мударрислари ва диний-илмий марказлар илмий тадқиқотчиларига берилган имкониятлар қувончимизга қувонч қўшди.

Президент табриги ва Фармони нафақат диний соҳа ходимлари, балки бутун халқимизга ҳайит совғаси бўлди.

Шу билан бирга, Фармонга асосан ижтимоий нафақа олувчиларнинг умумий сони 600 мингга кўпайиб, жорий йилнинг декабрь ойига қадар 1,2 млн.га етказилиши кўзда тутилаётгани ва бунга бюджетдан қўшимча 426 млрд. сўм ажратилиши юртимизнинг ҳар бир фуқароси қалбида қувонч ҳисларини пайдо қилди. Зеро, шу каби эзгу амаллар натижасида Қурбон ҳайитидек улуғ байрам шодиёнаси йил мобайнида давом этиб, ҳар лаҳза кўплаб оилаларга хурсандчилик улашиб туради ва бу барчамиз учун амалий ибрат намунасидир.

Албатта, Яратганнинг бизга берган неъматларига шукр қилиб, сабр-қаноатда дуо ва илтижолар қилсак, иншоаллоҳ, юртимиз янада равнақ топиб бораверади.

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Наманган вилоят бош имом-хатиби

2254 марта ўқилди

Мақолалар

Top